Франция юлдузлари ғавғоси: Ален Делон уйига рейд ва Жерар Депарде устидан жинсий зўравонлик арзи

Сурат манбаси, Getty Images
Франция полицияси афсонавий фильм актёри Ален Делоннинг уйидан 72 ўқотар қурол ва 3 000 дан ошиқ патронни тортиб олди.
Актёрнинг пойтахт Париждан 135 километрлик масофада жойлашган Души-Монткорбон шаҳридаги уйида отиш майдончаси борлиги ҳам аниқланди.
Прокурорларга кўра, жаноб Делонда қурол сақлаш учун рухсатнома йўқ.
Алоқадор мавзулар:
88 яшар актёр Франция кинематографиясининг олтин даври юлдузи ҳисобланиб, "Самурай" ва "Борсалино" каби хит фильмларда довюрак қаҳрамонларни акс эттирган.
Суд тайинлаган расмий Делоннинг уйига бориб қуролни кўриб қолгач, ҳакамни хабардор қилган ва тинтув учун суд ҳукми сешанба куни чиқарилган.
2019 йилда миясига қон қуйилиши ва номаълум жиддий касаллик туфайли охирги йилларда жаноб Делоннинг саломатлиги ёмонлашган.
Унинг оиласидаги низолар ҳам Франция матбуотида сарлавҳаларга чиқяпти.
Унинг уч фарзанди ҳақоратлар, айбловлар, суд ишлари ва махфий ёзувлардан арз қилиб матбуотга гапирганлар.

Сурат манбаси, Getty Images
Фильм юлдузи аҳволи борасидаги хавотирлар ўтган йили унинг фарзандлари актёр билан яшовчи аёл ёрдамчиси Ҳироми Роллин устидан арз қилишлари ортидан пайдо бўлди.
Уларнинг арзига кўра, япониялик фильм продюсери уларнинг отасини "аҳлоқий таҳқирламоқда". Роллин хонимнинг адвокатлари айбларни рад этишган.
Жинсий зўравонлик айблари
Айни дамда яна бир француз кино юлдузи Жерард Депардега қарши яна бир жинсий зўравонлик айби илгари сурилди. Бу сафар арздор - постановкачи рассом.

Сурат манбаси, Getty Images
53 ёшли Амели арзига кўра, 2021 йилда Депарде уни қаттиқ тортиб, кўкрагидан ушлаган. Унинг айтишича, ҳодиса "Яшил деразалар" фильми суратга олиниши даврида юз берган.
75 ёшли Депарде бу ишга муносабат билдирмади, аммо ўтмишда жинсий тегажоқлик хусусидаги айбловларни рад этиб келган.
Арздорнинг ҳимоячиси Карин Дюррье-Диболт ўз мижози Амели жаноб Депардени жинсий зўравонлик, жинсий тегажоқлик ва сексист ҳақоратларда айблаётганини тасдиқлади.
Адвокат Франциянинг BFMTV каналига айтишича, ҳодиса Амели Депарде ўтирган даҳлиздан кетаётганида юз берган. "У уни оёқлари билан ўраб олиб, унинг кўкракларигача пайпаслай бошлаган. У ўзининг буткул чорасиз, бу тузоқдан қутилишга қодир эмасдек ҳис қилган", - деди адвокат.
Унинг айтишича, ҳодисани филм майдончасидаги бошқа ходимлар тўхтатишга муваффақ бўлишган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












