Лондонда Россия учун айғоқчилик қилишда айбланган Болгария фуқаролари судга тортилади

Айғоқчиликда айбланганлар

Буюк Британияда Россия айғоқчилари тармоғига аъзоликда айбланган яна бир кишига расман айблов эълон қилинди. Бу иш бўйича аллақачон беш киши тергов қилинмоқда. Уларнинг бари - Болгария фуқаролари.

Олтинчи айбланувчи - Болгария фуқароси 38 ёшли Тихомир Иванов Иванчев 7 февралда Лондон полициясининг аксил-террор бўлими томонидан ҳибсга олинган. У Вестминстер магистрат судига юз тутиши кутилади.

Алоқадор мавзулар:

Мазкур иш бўйича суд жараёни Лондоннинг Марказий жиноий судида октябрда бошланади.

Барча айбланувчилар «Ян Марсалек ва бошқа нотаниш шахслар билан тил бириктириб [Москва учун] маълумот ва ҳужжатларни олиш, йиғиш, ёзиб олиш, чоп қилиш ва йўллаш»да айбланишмоқда.

Суд иши Лондоннинг Марказий жиноят судида кўрилади.

Сурат манбаси, Reuters/Hannah Mckay

Сурат тагсўзи, Суд иши Лондоннинг Марказий жиноят судида кўрилади.

Марсалек - Wirecard компаниясининг собиқ директори. У Германияда фирибгарликда айбланиб қидирувга берилган ва ҳозирда Россияда экани ишонилади.

Лондон полицияси олиб борган тергов хулосасига кўра, 2020 йил августидан 2023 йил февралигача айбланувчилар «душман томонга фойдали бўлиши мумкин бўлган» ва «давлат манфаатлари ва хавфсизлигига шикаст етказиши» мумкин бўлган маълумотни йиғишган.

Судланувчилар рўйхатида - Орлин Русев, Бизер Джамбазов, Катрин Иванова, Иван Стоянов ва Ваня Габерова. Улар ўтган йил февралида ҳибсга олинганлар.

Ҳибсгача Габерова Лондон ғарбидаги Pretty Woman гўзаллик салонини юритган.

Стоянов аралаш қўл жанги ишқибози бўлган ва Британиядаги мусобақаларда қатнашган. Болгарияда у жанговор самбо билан шуғулланган.

Русев молиявий хизматлар соҳасида ишлаган, Джамбазов ва Иванова Британияда яшовчи болгарларга хизмат кўрсатувчи жамоатчилик ташкилотига раҳбарлик қилганлар.

BBC

Олтинчи айбланувчи Тихомир Иванов Иванчевнинг яшаш жойи Ваня Габерованики билан бир манзилда бўлган.

Суд иши ҳужжатларида айтилишича, гуруҳнинг операцион маркази денгиз бўйидаги Грейт-Ярмут шаҳрида Русев эгалик қилувчи ва ҳозирда ёпилган меҳмонхона эди.

Прокурорга кўра, айнан шу ердан Русев Буюк Британия ва бошқа Европа давлатларидаги жосуслик амалиётларини ташкиллаштирган ва бошқарган.

Таъкидланишича, Русев хориждаги Ян Марсалекдан топшириқлар олиб турган. Марсалек бу суд ишига жалб қилинмаган.

Марсалек энг катта бухгалтерия товламачилигига алоқадорликда айбланмоқда. Бу ишга биноан, унинг Wirecard компанияси мавжуд бўлмаган 2 миллиард еврони ўз номига ўтказган, фитна ошкор бўлганида эса Марсалек қочган.

Аввалига уни Филиппинда кўришгани хабар қилинганди, сўнгра Марсалек Беларусга ва ниҳоят Россияга ўтгани борасида маълумотлар пайдо бўлди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek