You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Хитой маймунни клонлаши ортидан дунё тиббиётида нималар кутилиши маълум бўлди Dunyo Yangiliklar
- Author, Паллаб Гош
- Role, Илм-фан мухбири
Хитой биринчи марта резус макакасини клонлади. Резус макакаси физиологияси инсонникига ўхшагани сабабли тиббий тадқиқотларда кенг қўлланиб келади.
Олимлар айтишича, генетик жиҳатдан айнан ўхшаш маймунларда тажрибалар ўтказилиши дори-дармонлар синовларини янада тезлаштиришга ёрдам беради.
Резусни илгари клонлашга уринишлар муваффақиятсиз чиққан эди - бола умуман туғилмаган ёки туғилгач, бир неча соатда ўлиб қолган.
Ҳайвонлар ҳуқуқлари бўйича гуруҳ ушбу ўзгаришлардан "қаттиқ хавотирда" эканини айтди.
Сутэмизувчиларда жинсий репродукция сабабли бола ота ва онаси генлари аралашмасидан иборат бўлади. Клонлаганда эса битта ҳайвоннинг генетик жиҳатдан айнан ўхшашини дунёга келтириш мумкин.
Энг машҳур клонланган ҳайвон "Долли" қўй 1996 йили дунёга келган эди. Олимлар бошқа бир қўйдан олинган ҳужайрани қайта дастурлайди. Бу ҳужайра организмнинг исталган қисмини вужудга келтирувчи эмбрионларга айланади. Ана шу эмбрионлар Доллининг суррогат онасига ўтказилган.
Nature communications журналида ёзган тадқиқотчилар айтишича, улар айни шу ишни резус макакаларида амалга оширишган. Уларнинг айтишича, туғилган маймунча икки йилдан ортиқ вақт ўтса ҳам соғлом улғайган. Бу эса клонлаш муваффақиятли бўлганини англатади.
Хитой Фанлар академияси университетидан доктор Фалон Лунинг Би-би-сига айтишича, муваффақиятли натижадан "ҳамма қувончдан порлади".
Британиянинг Ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик олдини олиш бўйича Қироллик жамияти айтишича, ташкилот ҳайвонларга нисбатан зулм унинг инсонларга нисбатан фойдасидан чандон ошиб кетмоқда деб ҳисоблайди.
Резус макакалари ёввойи табиатда Осиёда, популяциялари Афғонистон, Ҳиндистон, Таиланд, Вьетнам ва Хитойда учрайди. Улардан инфекциялар ва иммунитетни ўрганиш учун тажрибаларда фойдаланилади.
Биринчи макакалар 2018 йилда клонланган, бироқ тиббий тадқиқотчилар генетик жиҳатдан одамларга ўхшашлиги сабабли резус-макакаларни афзал кўради.
Катта ёшли ҳайвон ҳужайраларини эмбрион ҳужайраларига айлантириш учун клонлашнинг ушбу усули билан боғлиқ муаммо шундаки, қайта дастурлашга уринишларнинг кўпчилигида хатога йўл қўйилади, натижада самара камайиб кетади, кам ёки носоғлом туғилади - кўпчилик сутэмизувчиларда соғлом туғилиш 1 дан 3% гача. Икки йил олдин тадқиқот гуруҳи муваффақиятга эришгунча, туғмаган резус маймунлари учун бу янада қийинроқ эди.
Улар илгариги клонлаш уринишларида ўсаётган ҳомилани кислород ва озиқ моддалар билан таъминлайдиган плаценталар тўғри қайта дастурлаштирилмаганлиги ва шунинг учун нормал ривожланмаганлигини аниқладилар.
Тадқиқотчилар муаммони клонланган эмбрионнинг кейинчалик плацентага айланиб кетадиган қисмидан фойдаланмаслик орқали ҳал қилишди. Қуйидаги графикда кўрсатилганидек, улар ҳайвон танасида ривожланадиган ички ҳужайраларни олиб ташладилар ва уларни клонланмаган ташқи эмбрионга жойлаштирдилар. Шу билан нормал плацента шаклланади деб умид қилишди.
Тадқиқотчилар 113 та эмбриондан фойдаланган, улардан 11 таси ўрнаша олган ва натижада иккита ҳомиладорлик бўлган, фақат биттаси тирик туғилган.
Улар ҳайвонни яратишда қўлланиладиган "трофобластларни алмаштириш" деб номланган илмий усул номидан келиб чиқиб, маймунга "РеТро" деб ном беришди.
Ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик олдини олиш бўйича Қироллик жамияти тадқиқотдан жиддий хавотир билдирди.
"Ушбу тадқиқотни бевосита ҳеч нарсага татбиқ этиб бўлмайди. "Биз бу тажрибалар одамлар учун фойдали бўлишини кутяпмиз, аммо ҳар қандай ҳақиқий амалда қўллаш учун йиллар ўтиши мумкин ва бу тажрибаларни ишлаб чиқиш учун ҳайвонларнинг янги «моделлари» талаб қилиниши мумкин", дейди ташкилот матбуот котиби.
"Ташкилот ушбу тажрибаларда азоб чекаётган ҳайвонлар сони жуда кўплиги ва муваффақият даражаси жуда пастлигидан чуқур хавотирда. Приматлар шунчаки тажриба воситаси эмас, балки ақлли ва сезгир ҳайвонлардир".
Лондондаги Френсис Крик институти профессори Робин Ловелл-Бэдж ҳам худди шундан хавотирда.
"Бир хил генетик таркибга эга ҳайвонларда тажриба ўтказиш улардаги ўзгарувчилар сонини камайтиради. Аммо бу ҳақиқатан арзигулик натижами, деб ўйлаш керак."
"Улар жуда кўп марта уринишди. Битта тирик туғилган ҳайвонни олиш учун улар кўплаб эмбрионлардан фойдаланиши ва уларни кўплаб суррогат оналарга имплантация қилишлари керак бўлди".
Профессор Ловелл-Бэдж, шунингдек, олимлар фақат битта тирик жонзотни дунёга келтира олганидан хавотир билдирди.
"Агар биргина туғилиш бўлса, ушбу техниканинг муваффақияти ҳақида ҳеч қандай хулоса чиқара олмайсиз. Чиқара оламан деб ўйлаш аҳмоқлик. Сизга камида иккита керак, кўпроқ бўлса янаям яхши."
Бунга жавобан, доктор Фалон Лу BBC News'га жамоанинг мақсади ишлатилган эмбрионлар сонини камайтириб, кўпроқ клонланган маймунларни дунёга келтириш эканлигини айтди. Унинг қўшимча қилишича, тадқиқот учун барча ахлоқий рухсатномалар олинган.
"Бизнинг тадқиқотимизда Хитой Фанлар академияси Шанхай Биология фанлари институти ва Мия ва интеллект илмларини мукаммаллаштириш марказининг Нейрология институти Ҳайвонлардан фойдаланиш ва парвариш қилиш қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган йўриқномаларга амал қилинди".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002