Мусулмон мамлакатни "шарманда қилган" гўзал ким? Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Supplied
- Author, Соҳир Балуж
- Role, Би-би-си Урду
Жамоати Ислом партиясидан сенатор Муштоқ Аҳмад уни "шарманда" деб атади. Ҳатто Покистоннинг муваққат Бош вазири Анвар ул-Ҳақ тергов бошлашга буйруқ берди. Покистонлик эркакларнинг интернетдаги муносабати ҳам ғазабнок.
Бундай ғазабга нима сабаб бўлди ўзи?
24 ёшли аёл.
Алоқадор мавзулар:
Карачи шаҳридан, насроний оилада ўсган Эрика Робин Дунё гўзаллик танловида консерватив Покистон номидан қатнашмоқда.
Робин хоним Малдивда ўтган танловда беш нафар финалист орасидан Покистон Дунё гўзали деб топилди.
Ушбу танлов Дубайда жойлашган Yugen Group томонидан ўтказилган бўлиб, бу гуруҳ яна Баҳрайн Дунё гўзали ва Миср Дунё гўзали танловларига ҳам франшиза ҳуқуқи эгасидир. Унинг айтишича, Покистон Дунё гўзали танловига жуда кўп номзод ариза берган.
Дунё гўзали танловининг финали 19 ноябрда Эл Салвадорда ўтказилади.
Танқид ва қўллов
"Танловда Покистон номидан қатнашиш ажойиб туйғу. Аммо норозиликлар қаердан пайдо бўлаётганини тушунмаяпман. Менимча, бунинг сабаби эркаклар билан тўла залда чўмилиш кийимида чиқишим", дейди Робин хоним Би-би-сига.

Сурат манбаси, Yugen Group
Унинг номзодини танқид қилганлар, бу мамлакатдан бундай танловларда номзод қатнашишини истамайдиганлардир.
Пакистан Дунё гўзали танлови ушбу мамлакат учун гўзаллик танловининг, эҳтимол, энг машҳури. У биринчи марта 2002 йилда Торонтода ўтган, аммо 2020 йилда Лаҳорга кўчирилган. Танловда, шунингдек, Пакистан гўзали ва ҳатто Транс Покистон гўзали каби турли хил спин-офф лойиҳалар ҳам намойиш этилган.
Танловнинг 72 йиллик тарихида Покистон ҳеч қачон "Дунё гўзали" учун ўз вакилини кўрсатмаган эди.
Робин хоним танловнинг Zoom орқали ўтказилган иккинчи саралаш босқичида ундан ўз мамлакати учун нима қилишни исташи сўралганини эслайди. "Мен Покистон қолоқ мамлакат деган фикрни ўзгартиришни хоҳлайман, деб жавоб бердим."
Унинг номзодига баъзи қаттиқ қаршиликларни ҳисобга олсак, бу қийин бўлиши мумкин.
Бироқ, моделлар, ёзувчилар ва журналистлар Робин хонимни табрикламоқда, журналист Мариана Бабар илгари Х да унинг "гўзаллиги ва зеҳнини" мақтади.
Аммо Робин хонимни биринчи марта моделликка ундаган покистонлик модель Ванеза Аҳмад Америка Овози Урду хизматига айтганидек: "Агар бу эркаклар халқаро "Жаноб Покистон" танловида яхши иштирок этса, нега аёлларнинг ютуқлари уларнинг ғашига тегади?»
Рок-н-роллдан Ислом Республикасигача

Сурат манбаси, .
Карачида яшовчи ёзувчи ва шарҳловчи Рафай Маҳмуд Би-би-си билан суҳбатда "Биз қарама-қаршиликларга тўла халқмиз ва бизни энг кўп ғазаблантирадиган нарса аёллар ва маргинал қатламлардир" дейди.
"Покистон одатда авторитар давлат ва бу унинг институционал ва қаттиқ патриархал қадриятларида акс этади. Эрика Робин ва у дуч келаётган муносабат шунинг давомидир", дея қўшимча қилади у.
Аммо бир пайтлар анча либерал бўлган Покистоннинг ҳам ўз архиви бор.
"Тонг" газетасининг 1950-йиллардан 1970-йиллар охиригача бўлган нусхаларида Карачи шаҳри марказидаги собиқ Элфинстон кўчаси яқинидаги клубда чиқиш қилаётган кабаретлар ва чет эллик қорин раққосаларининг рекламалари бор. Бу тунги клубларга фаоллар, дипломатлар, сиёсатчилар, стюардессалар ва ёшлар келиб турган.
Карачидаги тарихий Metropole меҳмонхонаси ҳам қўшиқ ва жаз ишқибозлари учун севимли жой бўлган.
Аммо 1973 йилда Покистон парламенти мамлакатни Ислом Республикаси, Исломни эса давлат дини деб эълон қилувчи конституцияни қабул қилди.
Тўрт йил ўтгач, генерал Зиё ул-Ҳақ Бош вазир Зулфиқор Али Бҳутто ҳукуматини ағдарди. Ўн йил ўтгач, Ислом қонунлари кучга кирди ва Покистон жамияти тубдан ўзгарди.
1980-йиллар ўрталарига келиб, генерал Зиё Ислом қонунларига содиқлигини кўрсатиш учун ҳатто омма олдида дарра уришларни жорий қилди.
Бугунги кунда тунги клублар ва барлар аллақачон йўқ бўлиб кетган ва Metropole меҳмонхонаси қулаш хавфи остида қолганга ўхшайди. Йўлнинг нариги томонида дастлаб казино бўлиши керак бўлган жойнинг ташландиқ скелети турибди.
Аммо эркинроқ ва бағрикенгроқ Покистонга бўлган умид сўнмаган ва Робин хоним чегараларни кенгайтиришни истаётганлардан бири холос. Сент-Патрик ўрта мактаби ва Давлат савдо-иқтисодиёт коллежи битирувчиси бўлмиш Эрика ҳеч қандай ёмон иш қилмаганига қатъий ишонади.
"Мен глобал платформада Покистон номидан қатнашиб, ҳеч қандай қонунни бузаётганим йўқ. Мен бу ҳақдаги ҳар қандай стереотипларни синдириш учун қўлимдан келганини қиламан", дейди у.













