Уруш кенгаядими? АҚШ кучлари Суриядаги Эрон дастакловчи гуруҳларга ҳужум қилди - Янгиликлар Yangiliklar

АҚШ Сурия шарқида жойлашган Эроннинг Инқилоб гвардиясига тегишли икки ҳарбий омборга ҳаводан зарбалар берди.

Мудофаа вазири Ллойд Остин бу зарбалар Эрон қўллаб-қувватловчи жангари гуруҳларнинг Ироқ ва Суриядаги АҚШ базаларига яқинда қилган ҳужумларига жавоб бўлганини айтди.

Айни дамда АҚШ ўз ҳужуми "Исроил ва Ҳамас ўртасида давом этаётган можародан айри ва фарқли" эканини билдирди.

Эрон ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.

Ҳаво ҳужуми жума куни маҳаллий вақт билан 04:30 атрофида Суриянинг Ироқ билан чегарасидаги Абу Камал шаҳри яқинида юз берди.

Ҳужумларда инсоний талафотлар бўлгани борасида ҳозирча маълумот йўқ.

"Бу аниқ мудофаа зарбалари Эрон дастакловчи жангари гуруҳларнинг 17 октябрдан бери Ироқ ва Суриядаги АҚШ ходимларига қарши давомий ва асосан муваффақиятсиз ҳужумларига жавоб бўлди", - деб айтган жаноб Остин ўз баёнотида.

Исроил ва Ҳамас ўртасида уруш бошланганидан бери АҚШ ва иттифоқ қўшинлари Ироқда 12 марта, Сурияда тўрт марта ҳужумга учраганлар.

Пентагонга кўра, 21 АҚШ ҳарбийси енгил жароҳат олган.

Америка расмийлари бу ҳужумларда минтақада амал қилаётган прокси гуруҳларни айблашмоқда. Эрон Ғазони бошқарувчи Ҳамасни ва Ливанда амал қилувчи Ҳизбуллоҳни қурол ва пул билан таъминлаб келади.

Остин агар бу гуруҳлар ҳужумлари тўхтамаса, АҚШ "ўз одамларини ҳимоя қилиш учун" яна чора кўришдан тортинмаслигини билдирди.

Пайшанба куни Оқ Уйнинг айтишича, Президент Жо Байден камдан-кам юз берадиган махсус хат билан Эрон руҳоний раҳбари Оятулло Али Хоманаийни Американинг Яқин Шарқдаги ходимларини нишонга олмаслигини айтиб огоҳлантирган.

Айни кунда Ню-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош ассамблеяси мажлисида Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳоссейн Амирабдоллаҳиян агар Ғазодаги зўравонлик давом этса, минтақага тарқалаётган ёнғиндан Америка ҳоли қолмаслигини айтган.

АҚШ охирги ҳафталарда ҳарбий кема ва қирувчи учоқларини минтақага олиб кирган. Пайшанба куни АҚШ расмийси 900 америкалик ҳарбий ҳам ҳудудга бораётганини билдирди.

Ўтган март ойида AP 2015 йилдан бери Сурияда 900 АҚШ аскар ва ходимлари жойлашиб келаётгани ва уларнинг асосий вазифаси Исломий давлатга қарши кураш билан бирга Эроннинг минтақадаги таъсирини жиловлаб туриш эканини хабар қилганди.

Март ойида дрон ҳужуми АҚШ ходимини ўлдирганида Америка кучлари Сурия шарқидаги Эронга алоқадор гуруҳларни ҳаводан нишонга олганди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002