Ўзбекистон ва Дунё. Бугуннинг гапи: Қизлар нега бўйдоқ йигитларга ёқмаяпти? O‘zbekiston Qizlar Dunyo Yangiliklar

Hind qizi

Сурат манбаси, .

    • Author, Гита Панди
    • Role, BBC News, Деҳли

"Сепим озлиги сабабли ўнлаб эркаклар рад қилди...".

Алоқадор мавзулар:

Ҳиндистонда сеплар 1961 йилдан буён ноқонуний саналади. Аммо бўлғуси келиннинг оиласидан куёвнинг оиласига ҳозир ҳам пул, кийим-кечак, заргарлик буюмлари кўринишида совға салом кутилади.

Бҳопал шаҳри марказидаги мактабда ишловчи 27 яшар муаллима полициядан никоҳ уйларига ходимларини жойлаштиришни ва бу "ижтимоий иллат"га қарши рейдлар қилишни сўраб петиция уюштирди.

Гунжан Тивари (асл исми эмас)нинг Би-би-сига айтишича, айнан сеп сабабли ўнлаб эркак уни рад қилган, шу боис петиция уюштиришга мажбур бўлган.

Энг охиргисида унинг отаси қизига муносиб эр топиш учун бир йигит ва унинг оиласини уйларига таклиф қилганда рўй берди.

Меҳмонлар келгач, Гунжан уларнинг олдига чой ва ширинликлар олиб чиқди.

У вазият жуда "таранг" бўлганини айтади.

"Ҳар ким сенга тикилиб туради, бир бошдан баҳолайди", дейди у менга телефон орқали.

Меҳмонлар келишидан олдин Гунжан уларнинг олдига қандай чиқиши, ўзини қандай тутишини обдон режа қилишган эди. Онаси унга яшил ранг кўйлакни танлади, чунки шу рангда у мафтункорроқ кўринади деб ўйлади. Шунингдек, унга нотекис тишларига эътибор тортмаслик учун кулмасликни тайинлади.

Бу Гунжанга таниш машғулот эди. Бунгача олта марта бундай синовда қатнашган. Улар қиздан таълими, иши ва қандай таомни тайёрлай олишини сўрашди.

У меҳмонхонага киришдан олдин отаси куёвнинг отасидан қанча сеп исташини сўраётганини эшитди. "Улар беш-олти миллион рупий ($61,000 - $73,000) исташларини айтишди. Отам ундан сеп ҳақида сўраганида отаси "агар қизингиз чиройли бўлса, чегирма қилишимиз мумкин" деб айтди", дейди Гунжан.

Суҳбат давом этар экан, Гунжан ҳеч қандай чегирма бўлмаслигини тушунди, меҳмонлар ундан нотекис тишлари ва пешонасидаги холи ҳақида сўрашди.

Hind kelini

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳиндистонда сеплар 1961 йилдан буён ноқонуний саналади. Аммо бўлғуси келиннинг оиласидан куёвнинг оиласига ҳозир ҳам пул, кийим-кечак, заргарлик буюмлари кўринишида совға салом кутилади

Чойдан сўнг Гунжанга йигит билан бир неча дақиқа холи гаплашишга изн беришди. Қиз унга сеп учун турмушга чиқмаслигини айтди.

"Йигит бу одат ижтимоий иллатлигини тан олди", дейди Гунжан. У шундан сўнг йигитни аввалгиларидан бошқачароқ экан деб ўйлаган.

Аммо қизнинг оиласи Гунжан рад қилинганини тезда билишди.

"Онам бунинг учун менинг сепга қаршилигим сабабчи дейди. Онам мендан жаҳли чиқди, икки ҳафтадан ортиқ вақт гаплашмади", дейди у.

Гунжаннинг айтишича, сўнгги олти йил ичида унинг отаси "100-150 нафарча бўйдоқлар оилалари" билан боғланган ва уларнинг йигирмадан ортиқлари билан учрашган. Гунжаннинг ўзини олтитасига кўрсатишган. Унинг айтишича, уларнинг деярли барчаси сеп туфайли қизни рад қилган.

"Бу рад этишлар туфайли мен ўзимга ишончимни йўқотдим", дейди математика бўйича магистр даражасига эга ва онлайн курсларда қатнашадиган Гунжан.

"Ақл билан ўйлаганда, менда нимадир етишмаётгани йўқ, муаммо сеп олмоқчи бўлган одамларда эканлигини биламан. Лекин кўпинча ўзимни ота-онамга юк бўлиб қолгандек ҳис қиламан".

Яқинда ўтказилган тадқиқотга кўра, сеп тақиқланганига 60 йилдан ортган бўлишига қарамай, ҳинд никоҳларининг 90 фоизи бу одат билан боғлиқ. 1950 йилдан 1999 йилгача бўлган тўловлар чорак триллион долларни ташкил этади.

Қизларнинг ота-оналари сеп талабларини қондириш учун катта миқдорда кредит олиши ёки ҳатто ерлари ва уйларини сотиши мумкин, аммо бу қизларининг бахтли ҳаётини кафолатламайди.

2017 йилдан 2022 йилгача Ҳиндистонда 35 493 келин - кунига ўртача 20 нафар аёл келтирган сепи етарли бўлмагани учун ўлдирилган, дея хабар беради Жиноятларни қайд этиш миллий бюроси.

Бу одатга қарши кампаниячиларнинг айтишича, Ҳиндистонда жинслар нисбати бузилганлиги сабабларидан бири ҳам сепдир: БМТ ҳисоб-китобларига кўра, ҳар йили 400 000 га яқин қиз ҳомила аборт қилинади.

Бҳопал полицияси бошлиғи Харинараян Чари Мишрага йўллаган петициясида Гунжан ягона ечим тўйхоналарни текшириш ва сеп берган ёки олганларни ҳибсга олиш эканлигини айтади. "Жазодан қўрқиш бу шафқатсиз амалиётга чек қўйишга" ёрдам беради, дея қўшимча қилади у. У ўтган ҳафта Мишра билан учрашиб, ундан ушбу курашда ёрдам сўради.

GUNJAN TIWARI

Сурат манбаси, GUNJAN TIWARI

Сурат тагсўзи, Гунжан Тивари (асл исми эмас)нинг Би-би-сига айтишича, айнан сеп сабабли ўнлаб эркак уни рад қилган, шу боис петиция уюштиришга мажбур бўлган

"Сеп ижтимоий иллат ва биз унга чек қўйиш учун курашамиз. Мен полиция бўлимларига мурожаат қилган ҳар қандай аёлга тегишли ёрдам кўрсатишни буюрдим", дейди жаноб Мишра.

Аммо, дейди у, "полицияга ҳам чекловлар бор, ҳамма жойда бўла олмайди ва биз бу масала бўйича хабардорликни оширишимиз, ижтимоий фикрни ўзгартиришимиз керак".

Аёллар ҳуқуқлари фаоли Кавита Сриваставанинг айтишича, полиция албатта ёрдам бериши мумкин, бироқ сеп муаммосини ҳал қилиш жуда қийин.

"Ҳиндистон полиция давлати эмас, лекин сепни бериш тақиқланган ва биз қонунни самаралироқ ижро этишимиз керак."

Унинг сўзларига кўра, "бу осон пул, тез бойиб кетиш йўли" бўлгани учун никоҳдан кейин ҳам куёвнинг очкўз оилалари сеп талаб қилишда давом этади. Бу бир марталик тўлов эмас.

Сривастава хоним бутун умри давомида оилавий зўравонликка дучор бўлган ва ҳатто доимий талабларини қондира олмагани учун ўз уйларидан ҳайдалган аёлларга мисоллар келтиради.

Унинг айтишича, сеп балосидан фақат йигит-қизлар қутқариши мумкин, улар сеп бериш ва олишдан бош тортишлари керак.

Гунжан "умр узоқ, уни ёлғиз ўзим ўтказа олмайман", деб турмушга чиқмоқчилигини айтади, бироқ сеп бермасликка қарори қатъий.

Аммо вақт ўтгани сайин унинг оиласи унга турмуш ўртоғини излашда давом этмоқда.

"Қўшни Уттар-Прадеш штати, Этава туманидаги қишлоқдаги қариндошларим орасида 25 ёшли қиз никоҳ бозорида "кампир" ҳисобланади.

Шунинг учун, унинг отаси мунтазам равишда газеталардаги никоҳ рукнларини кўздан кечиради, қариндошлардан суриштиради, улардан қизига мос куёв топишга ёрдам сўрайди.

У ўз кастасининг 2000 дан ортиқ аъзоси бор WhatsApp гуруҳига қўшилди. У ерда улар фарзандлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилишади.

"Кўпчилик 5 миллион рупий ёки ундан кўпроқ турадиган дабдабали тўйни хоҳлайди. Отам бу миқдорнинг ярмини кўтара олади, холос", дейди у ва "сепсиз турмушга чиқиш" қарори ота-онасининг ҳаётини қийинлаштирганини қўшимча қилади.

"Отамнинг айтишича, у менга куёв қидира бошлаганига олти йил бўлган. Сеп бўлмаса, 60 йил қидирсам ҳам, сенга умр йўлдош топа олмайман, дейди".

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002