You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
АҚШ иккиюзламачилик қилмоқдами ё Украинага нима бермоқчи? - Видео Янгиликлар Dunyo Yangiliklar
АҚШ Украинага беришни режалаётган қурол-яроғ дунё бўйлаб баҳс ва норозилик уйғотмоқда. Бу ҳатто Путинга қўл келиши мумкин деган хавотирлар ҳам бор. Гап ўзи нимада?
Россия Украинага бостириб кирганидан кейин асосан Ғарб давлатлари миллиардлаб долларлик қурол-яроғ ва ҳарбий кўмакни Украинага берди ва куни-кеча Вилнюсдаги саммитда яна дастак ваъда қилинди.
Украина ўзи истаган қурол-яроғ ва ҳарбий техникани қайта-қайта сўровларидан кейин олаяпти.
Аммо АҚШ ваъда қилаётган сўнгги даҳшатли бомба аслида қанақа қурол?
Алоқадор мавзулар:
- НАТО Украинага истаган ҳамма нарсасини ҳам ололмаслигини билдирдими?
- НАТО Украинани иттифоққа ҳали қўшмоқчи эмас, аммо қандай ёрдам бермоқчи?
- НАТО: Туркия ниҳоят Швеция аъзолигига рози, Украина эса ўз вазиятини "абсурд" дея қоралади
- Путин ва Пригожин ўтган ой учрашишгани ошкор этилди - келишув нима бўлган?
- Россияга «Град»лар, Украинага «Шаҳед»лар - Россия ўз ҳудуди Украина томонидан яна ҳужумга олинганини айтмоқда - Янгиликлар
Танклар билан, HIMARS ракеталари билан, ҳаво ҳужумидан мудофаа Patriot тизимлари билан шундай бўлди.
Украина ўзи истаган узоқ масофага отиладиган ракеталарни истаган сонда ололгани йўқ, контр ҳужуми шунинг учун ҳам орқага сурилганини айтди.
Июнь ойи бошидан Украина қарши ҳужуми бошланган, бироқ орада ўтган ойлар ичида Россия босиб олган Украина ҳудудларида мустаҳкам мудофаа тизимини, улкан мина майдонларини барпо этишга улгурди.
Ана шундай бир вазиятда АҚШ Украинага кассетали ёки сочма бомбалар беришга қарор қилганини эълон қилди.
Бу қарор эса бошқа иттифоқчиларнинг норозилигига сабаб бўлди.
Хўш, кассетали бомба қандай бомба ва нега баъзилар унинг Украинага берилишига қаршилар?
Бундай бомбанинг ўзига хос жиҳати - катта ҳудудларга майда бомбаларни сочиб ташлай олади.
Майда бомбалар эса баъзида нам ё юмшоқ ерга тушса, портламай қолади ва кейинроқ кимдир тегиб кетса, портлайди. Одамларни майиб-мажруҳ қилади ё ўлдиради.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари кассетали бомбаларни ишлатишни уруш жиноятига тенглаштирадилар.
Чунки портламай қолган бомбачаларни кейинроқ ёш болалар билмай олиши ёки далаларда ишлаган деҳқонлар уларга дуч келиши мумкин. Оқибат эса фожеали кечади.
2008 йили кассетали бомбаларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва қўллашни тақиқлаш ҳақидаги конвенцияни 123 мамлакат, шу жумладан, НАТОга аъзо мамлакатларнинг кўпчилиги маъқуллади.
Бироқ Россия, Украина ва АҚШ ҳам тақиқловчи конвенцияга қўшилмаган.
АҚШнинг 800 миллион долларлик кассетали бомбаларни Украинага бериш хабари тарқалганидан кейин Россия Мудофаа вазириги Сергей Шойгу "энди биз ҳам кассетали бомбаларни ишга соламиз" деган баёнот берди.
Бироқ Россия Украина уруши бошланган дастлабки кунларданоқ кассетали бомбаларни жанг майдони эмас, тинч аҳоли яшаётган шаҳарлар кўчаларига отгани ҳужжатлаштирилди.
Нега Украина бу даҳшатли сочма бомбаларни сўради?
Украина қуролли кучларига артиллерия қурол-аслаҳалари етмаяпти. Чунки улар русларга қарши кўп қурол-яроғ ишлатмоқда ва Ғарб етарли даражада Украинага қурол етказиб беролмаяпти. Украинлар босқинчи русларни чуқур қазилган хандақлар ва мустаҳкам истеҳкомларидан чиқаришни истайди. Россия мудофаа хандақ ва қурилмалари эса минг километрга чўзилган.
Баъзи таҳлилчиларга кўра, кассетали ё сочма бомба ёрдамида - украинлар хандақлардан ўт очаётган русларнинг ҳужумларини қайтариши ва Россия миналаштирган далалардан ўтиб олишлари мумкин.
АҚШ расмийларига кўра, Украина раҳбарияти сочма бомбаларни шаҳар жойларида ишлатмасликка ваъда берган.
Украинага кассетали бомбаларни беришнинг оқибатлари қандай бўлиши мумкин?
Таҳлилчиларга кўра, бу ерда энг аввало Украинадаги уруш борасида АҚШ тутган ахлоқий мавқеига зарар етади.
Россиянинг уруш жиноятлари ҳужжатлаштирилган, аммо сочма бомбалар боис Американи кўпчилик иккиюзламачиликда айблаши мумкин.
Шунингдек, кассетали бомбаларни Украинага берилишига қарши бўлган Ғарб давлатлари орасидаги мавжуд иттифоқчиликка дарз етиши мумкин.
Бу бомбалар берилишига қарши бўлган Британия пойтахти Лондонга Президент Байденнинг ташрифи чоғи иттифоқчилик қоядек мустаҳкам деб айтилди.
Украина борасида Ғарб давлатлари ўртасида ўзаро келишмовчилик ё зиддият чиқиши айнан Путин истаётган ҳолат, Вилнюс саммитидан сўнг Украина генерали Александр Тарнавский, биз аллақачон сочма бомбаларни олдик, лекин ҳали жанг майдонида қўллаганимиз йўқ, деб чиқди.
"Душман тушунади, бу қурол яроғни олганимиздан кейин биз устунликни қўлга киритамиз. Душман уларни қўллаш мумкин бўлган ҳудудларни қайтариб беради", деди генерал Александр Тарнавский.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002