Украина уруши: Россия яна дронлар билан ҳужум қилди - Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Дронларнинг 20 таси пойтахт Киевни нишонга олган

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Дронларнинг 20 таси пойтахт Киевни нишонга олган

20 июнь тунида Россия Украина ҳудудини яна дрон ва ракеталар ҳужумига тутди.

Украина расмийлари 30 дрондан 28 таси уриб туширилганини айтмоқдалар.

Бундан ташқари, Запорижия шаҳрига еттита С-300 ракетаси отилган.

Орада Украинага дронлар ҳужумлари сони камайганди.

Россия Украинага июнь ойи бошидан буён дрон билан ҳужум қилмаган, Украина расмийлари "Россия яқинда Эрон дронларининг янги партиясини ишга солади" дея тахмин билдирган эдилар.

Бу тундаги дронлар ҳужумлари сўнгги 18 кундаги энг кўп сонлиси бўлган.

Дронларнинг 20 таси пойтахт Киевни нишонга олган.

Бир нечаси Украина ғарбига етиб боролган.

Лвив шаҳрида бир камикадзе дрон "муҳим инфратузилма иншоотига" урилган, оқибатда ёнғин келиб чиққан.

Бироқ маҳаллий расмийлар ҳеч ким жароҳатланмади демоқдалар.

Ҳужумлар шимолдаги Россия ҳудудидан ва жануби-шарқдаги Азов денгизидан амалга оширилган.

Дронлар Эронда ишлаб чиқарилган "Шаҳед" дронлари бўлган.

Учта дрон Миколаев шаҳри устида уриб туширилган.

Ҳозир Запорожия ҳудуди Украина контр ҳужуми майдонига айланган.

Украина расмийлари ўтган бир кеча-кундузда жанг жабҳасида ўзгариш бўлмаганини хабар қилдилар.

Бир кун олдин АҚШдаги Урушни ўрганиш институти Украина ўзининг контр ҳужумида ё танаффус бошлади ёки танаффус қилмоқчи деб ёзди.

Бундан кўзланган мақсад, қарши ҳужум қандай бораётганини таҳлил қилиш.

Чунки 2023 йил бошидан "Украина контр ҳужумга ўтади" деган хабарлар тарқалган, бу орада эса Россия Украинанинг босиб олган ерларида бир неча мудофаа чизиғи, мина майдонлари барпо этиб, қарши ҳужумга пухта тайёргарлик кўришга улгурди.

Бунинг устига артиллерия ва ҳаво устунлиги билан қўли баланд Россия Украина қарши ҳужумига қаттиқ қаршилик кўрсатаяпти.

Икки ҳафталик контр ҳужумлар натижасида Украина ўзининг 100 квадрат километрдан зиёд ҳудудини озод қилганини хабар қилмоқда.

Ғарб жосуслик ахборотига кўра, Россия Нова Каховка тўғони бузилганидан кейин Днипро дарёсининг чап соҳилидаги Херсон вилояти ҳудудидан қўшинларини Запорожия ва Донецк вилоятидаги Бахмут шаҳри атрофига кўчирган.

Тўғон бузилиши оқибатида сув остида қолган ҳудудларда сувнинг баландлиги пасайиши кузатилмоқда, Миколаев вилоятида деярли сув қуриб бўлган.

Расмийлар одамларни юқумли хасталиклар, вабо хавфидан огоҳлантирмоқдалар, хавфли вируслар топилгани хабар қилинди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.