Украина илгариламоқда: Киев саккизинчи қишлоқни озод қилган, Россия ҳудудида қишлоқ ҳужум остида - Янгиликлар

Россия томонида Белгород вилоятининг чегарадаги Валуйка шаҳри ўққа тутилиши оқибатида саккиз киши, жумладан бир бола ҳам жароҳат олган.

Сурат манбаси, t.me/vvgladkov

Сурат тагсўзи, Россия томонида Белгород вилоятининг чегарадаги Валуйка шаҳри ўққа тутилиши оқибатида саккиз киши, жумладан бир бола ҳам жароҳат олган.

Душанбага ўтар кечаси Россия армияси Украинанинг Одесса вилояти бўйлаб қанотли ракеталар билар ҳужум қилди. Украина ҳукумати тўртта ракета учирилгани ва бари уриб туширилганини хабар қилмоқда.

Россия томонида эса Белгород вилоятининг губернатори Вячеслав Гладков чегарадаги Валуйка шаҳри ўққа тутилиши оқибатида саккиз киши, жумладан бир бола ҳам жароҳат олганини айтди.

EPA/BBC

Сурат манбаси, EPA/BBC

Губернаторга кўра, ўтган бир кун ичида Валуйкага 40та артиллерия снаряди ва 14та "Град" снарядлари отилган. Бешта кўп қаватли уй ва тўртта хусусий хўжаликлар шикастланган.

Украина Мудофаа вазирлиги Запорижжя вилояти жанубида яна бир қишлоқ - Пятихатки озод қилинганини тасдиқлади. Бир кун аввал Россия бу қишлоқда ўз қўшинлари украин ҳужумини қайтара олганини хабар қилганди. Аммо, ундан аввалроқ Запорижжя вилоятидаги Россия босиб олган ерлар учун масъул Владимир Рогов шаҳар қўлдан бой берилганини тан олган.

Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр Бердянск ва Мелитопол йўналишидаги икки ҳафталик контр-ҳужумларда саккизта қишлоқ озод қилинганини айтди. Улар: Новодаровка, Левадное, Сторожево, Макаровка, Благодатное, Лобковое, Нескучное, Пятихатки.

Запорижжя вилоятидаги Россия зарбаси оқибатлари.

Сурат манбаси, Юрий Малашко/TELEGRAM

Сурат тагсўзи, Запорижжя вилоятидаги Россия зарбаси оқибатлари.

Украина қўшинлари фронт чизиғининг камида учта нуқтасида контр-ҳужумни давом эттирдилар.

Малярнинг айтишича, умумийла, украин қўшинлари фронт чизиғидан 7 километр илгарилашга муваффақ бўлганлар ва ҳозирда жанубда озод қилинган ерлар 113 квадрат километрни ташкил қиляпти.

Би-би-си уруш шароитида икки томондан янграётган бу баёнотларни мустақил равишда тасдиқлай олмайди.

Президент Володимир Зеленский Ғарб етказиб берган Patriot аксил-ракета тизимларининг биронтасини ҳам йўқ қилинмаганини айтди. Аввалроқ Россия армияси Украинанинг бешта Patriot тизимини йўқ қилганини даъво қилганди.

"Улар ҳаммаси бор, ҳаммаси ишлаяпти, ҳаммаси Россия ракеталарини уриб туширяпти. Максимал самарали тарзда уриб туширяпти. Биронта ҳам Патриот йўқ қилинмади!" - деди Зеленский кундалик чиқишида.

Айни дамда New York Times хабар қилишича, Каховка ГЭСи станция остидаги туннелда юз берган портлаш оқибатида ўпирилган.

Каховка тўғони 6 июнда ўпирилиб, юзлаб шаҳар ва қишлоқларни сувга ғарқ қилганди. Украина ва Россия томони бир-бирини тўғонни атайин портлатишда айблаб келишмоқда.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.