Украина уруши: Сиздирилган ўта махфий АҚШ ҳужжатлари нималарни ошкор этади? Ukraina Dunyo Yangiliklar

    • Author, Пол Адамс
    • Role, Би-би-сининг Дипломатик мухбири
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ҳозир интернетда тарқалган, АҚШ Мудофаа вазирлигининг махфий ҳужжатлари - хариталар, жадваллар ва суратларни ким ошкор қилди?

Режалар, ўнлаб тушунарсиз ҳарбий қисқартмалар билан тўла, айримлари ўта махфий сифатида таснифланган ҳужжатлар Украинадаги урушнинг ёрқин тасвирини чизиб беради.

Уларда икки томоннинг инсоний талафотлари, ҳарбий заифликлари, айниқса, баҳорда Украинанинг кутилган қарши ҳужумларида томонларнинг нисбий устунликлари ҳақида маълумотлар бор.

Бу кимнингдир столи устида турганида суратга олинган принтерда печатланган саҳифалар қанчалик ҳақиқий? Уларда биз аввал билмаган нима бор? Бундан Кремль нимани билиб олиши мумкин?

Аввало бу Россиянинг 14 ой муқаддам Украинага босқини бошлангандан буён биринчи марта Американинг уруш ҳақидаги маълумотлари кўп сонда тарқалиб кетишидир. Айрим ҳужжатлар олти ҳафта олдинги, аммо уларнинг оқибатлари анча катта.

Пентагон расмийлари бу ҳужжатлар ҳақиқийлигини айтмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Улардаги айрим маълумотлар охирги версиясида анча ўзгартирилган кўринади, аммо 100 тача ҳужжат орасида бу унчалик аҳамиятли эмас.

Би-би-си улардан 20 тадан ортиғини кўрди. Уларнинг айримларида Украина яқин ҳафталарда бошланиши кутилаётган қарши ҳужум учун ўнлаб бригадаларини ҳозирлар экан, уларга етказиб бериладиган қуроллар ва ўқув машғулотлари ҳақида батафсил гапирилган.

Унда Ғарбий иттифоқчилар томонидан Украинага етказиб бериладиган барча танклар, зирхли автомобиллар ва артиллерия қачон қабул қилиниб, бригадалар жангга ҳозир бўлиши айтилган.

Аммо унда "аслаҳалар етказиб бериладиган вақт машғулотлар ва тайёргарликка таъсир қилиши" таъкидланган.

Бир харитада Украинанинг шарқий ҳудудлари бўйлаб музлаган тупроқнинг эриш вақтлари кўрсатилган.

Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаасини синовдан ўтказган қиш тугагач, ресурсларни фуқаролар, муҳим инфратузилма ва фронтдаги қўшинларни ҳимоя қилиш ўртасида тақсимлар экан, Киевнинг заифлашган ҳаво мудофааси ҳам таҳлил қилинган.

Бу сиздирилган ҳужжатларда нафақат Украина армияси ҳолати ҳақида, балки Вашингтоннинг бошқа иттифоқчилари ҳақида ҳам гап борган. Исроилдан тортиб, Жанубий Кореягача Украина ва бошқа нозик масалаларда давлатлар ўртасида борган ички баҳслар ҳақида ҳам ҳужжатларда гапирилган.

Айрим ҳужжатлар ўта махфий сифатида таснифланган, айримлари эса Американинг энг яқин иттифоқчилари разведкаси билан бўлишиш айтилган.

Уларнинг қанчаси янги?

Аксар тафсилотлар таниш. Шунчаки улар жуда кўп ва бари бир жойда.

Инсоний талафотлар сонига қаранг. Россиянинг 189500дан 223000 нафаргача аскари ўлгани ҳақидаги АҚШ ҳисоб-китоби унчалик ҳайратланарли эмас.

Украинанинг йўқотишлари эса 124500 дан 131000 гача кўрсатилган. Бу ҳам охирги ҳафталарда журналистларга таниш бўлиб улгурган рақамлар.

Ҳар икки ҳолатда ҳам Вашингтон бу рақамларга "ишончи паст"лигини айтади. Сабаби ахборотдаги нотўлиқликлар, операцион хавфсизлик ва икки томоннинг қасддан одамларни чалғитишга уриниши.

Муҳими, Украина ёмонроқ йўқотишларга учраётганини кўрсатиш учун ҳужжатларни ўзгартиришга бир жойда уринилганидир.

Россияпараст Telegram каналда пайдо бўлган версияда "жангда ўлдирилган" ("16 минг-17,5 минг") украиналик сонида рақамлар ўрни алмаштириб қўйилган, шунда Украина томонидаги рақамлар "61 минг - 71,5 минг" бўлиб қолган.

Буларнинг бари ушбу ҳужжатларни ким ва нима учун сиздиргани ҳақида савол аҳамиятини кучайтиради.

"Мана, айрим сиздирилган ҳужжатлар"

Бу ҳужжатлар қандай қилиб хабарлашув платформаси Discord'дан 4Chan ва Telegram'га ўтгани ҳақида очиқ маълумотлар суриштирув гуруҳи Bellingcat'дан Эрик Толер аллақачон айтган эди.

Толер сиздирилган манбанинг бошланғич нуқтаси қаердалиги ҳали аниқ эмас дейди. Аммо улар март ойи бошида геймерлар ўртасида оммавий бўлган мессенжерда пайдо бўлган.

4 март куни Minecraft ўйини ишқибозлари кўп кирадиган Discord серверида Украина уруши ҳақида бўлган баҳсдан сўнг фойдаланувчилардан бири "мана, айрим сиздирилган ҳужжатлар" деб улардан 10 тасини пост қилди.

Бу ноодатий, аммо жуда унақа ноёб сиздирма ҳам эмасди.

2019 йили, Британиядаги умумий сайловлардан олдин АҚШ Британия муносабатларига доир ҳужжатлар Reddit, 4Chan ва бошқа сайтларда пайдо бўлиб қолган эди.

Ўша вақтда Reddit ҳужжатлар Россиядан чиққанини айтган эди.

Яна бир ҳолатда, ўтган йили War Thunder онлайн ўйини ўйинчилари кетма-кет нозик ҳарбий ҳужжатларни жойлай бошлади, афтидан ўзаро тортишувда енгиш учун.

Охирги сиздирма улардан кўра нозикроқ ва зарари эҳтимоли каттароқдир.

Украина ўзининг "операцион хавфсизлигини" ўта қаттиқ ҳимоя қилади ва бундай маълумотлар шундай қалтис вақтда чиқиб кетганидан жаҳли чиқиши табиий.

Украинанинг баҳорги қарши ҳужуми Зеленский ҳукумати учун жанг майдонидаги ҳолатни ўзгартириб, кейинчалик тинчлик музокараларида қаттиқроқ шартлар қўйишга имкон берадиган ҳал қилувчи фурсат бўлиши мумкин.

Киевда расмийлар Россиянинг эҳтимолий дезинформация кампанияси ҳақида гапирмоқдалар.

Бошқа ҳарбий блогерлар тескарисини айтмоқда: буларнинг бари Россия ҳарбий раҳбариятини чалғитиш учун Ғарб уюштирган ҳийла.

Муҳими, сиздирилган ҳеч бир ҳужжатда Украинанинг қарши ҳужуми йўналиши ҳақида бирорта гап йўқ.

Кремль Украинанинг тайёргарлик даражаси ҳақида аллақачон яхши тасаввурга эга бўлиши керак (гарчи Москванинг разведкадаги муваффақиятсизликлари уруш давомида аниқ бўлган бўлса ҳам), аммо Киев муваффақият имкониятини максималлаштириш учун душманни ўзи истагандек тахмин қилишига эришиши керак керак.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002

Мақолани ёзишда Бенедикт Гарман ва Ольга Робинсон ёрдам беришган