Путиннинг дўстига ёрдам берган Швейцария банкирлари судга тортилдилар Россия Dunyo Yangiliklar Янгиликлар

Россия Президенти Владимир Путин қизининг чўқинтирган отаси Сергей Ролдугинга Швейцария банкига йирик миқдордаги маблағни жойлаштиришга имкон яратган банк ходимлари ўз вазифасига совуққонликда айбдор топилдилар.

Цюрихда ўтган маҳкамада суд тўрт банк ходимини ўз вазифасига совуққонликда айбдор деб топди.

Улар Россиянинг "Газпромбанки" Цюрих бўлимида ишлаганлар.

Алоқадор мавзулар:

Уч ходим россиялик, бир нафари швейцариялик.

Улар Сергей Ролдугинга маблағларни у ёқдан бу ёққа олишда кўмаклашишда айбландилар.

Хабарларга кўра, Сергей Ролдугиннинг банк ҳисобига 2014 йилдан 2016 йилгача 30 миллион АҚШ доллари атрофида пул келиб тушган.

Швейцария қонунлари бўйича банклар агар ҳисоб рақами эгаси ёхуд пул манбаси борасида шубҳага борсалар, аккаунт очмаслик ёки аккаунтни ёпиш талаб қилинади.

Сергей Ролдугиндан банк ҳисобига келиб тушаётган маблағ манбаси ҳақида сўралганида ишонарли тушунтириш беролмаган.

Касби виоленчель чалувчи бўлган Ролдугин Президент Путиннинг тўнғич қизи Мариянинг тўнғич отаси.

2016 йили "Панама ҳужжатлари" деб номланган Mossack Fonseca юридик фирмасининг миллионлаб махфий ҳужжатлари ошкор этилди, ўша ҳужжатларда Россия президенти Путин билан Сергей Ролдугиннинг молиявий боғлиқлиги фош бўлди, Ролдугинни бундан олдин "Путиннинг ҳамёни" деб атаб келишар эди.

2014 йили New York Times рўзномаси мусиқачидан бойлиги ҳақида сўрашганида ўзининг миллионер эмаслигини айтган.

2017 йили Путин Сергей Ролдугинни Россиянинг энг нуфузли мукофоти - Александр Невский ордени билан мукофотлади.

Швейцария қонунлари бўйича суд қарори чиққанидан кейин ҳам айбдор топилган шахсларнинг исм-шарифларини ошкор этиш мумкин эмас.

Лекин айбдор топилган банк ходимлари суд қарори устидан аппелляция шикоят аризаси билан мурожжат қилишлари мумкин.

Цюрих суди ҳаками ҳукмни эълон қилар экан, жаноб Ролдугин депозитга қўйилган маблағларнинг ҳақиқий эгаси бўлмагани аниқ.

Би-би-си мухбири ёзишича, банк ходимларига етти ойлик шартли жазо белгиланган.

Жазо қаттиқ эмас, лекин таъсири катта, дейди мухбиримиз.

Агар маблағ Ролдугинники бўлмаса, кимники?

Россия Президенти Путин бугун Ғарб санкциялари остида.

У, улкан бойликнинг эгаси, бу бойлигининг бир қисми хорижда, деб кўрилади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002