You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Қамоқхонадан чиққан мактуб ошкор этган ваҳшатли ҳақиқат - Эрон, Янгиликлар
- Author, Феранак Амидий
- Role, BBC
Эроннинг таниқли фаолларидан бири қамоқхонадан ёзган мактубида маҳбуслардан қандай қилиб мажбуран кўрсатма олинаётгани ҳақида хабар берди.
Сапида Қолиян иш ташлашни қўллаб, "миллий хавфсизликка қарши" ҳаракат қилгани учун 2018 йили беш йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Эвин қамоқхонасидан ёзган Сапида терговчилар ўзига ва бошқа маҳбусларга қандай бешавқат муносабатда бўлганини тасвирлаб берди.
Ундан мажбуран олиниб, тасвирга туширилган кўрсатмалар кейинчалик давлат ТВ каналларида намойиш қилинган эди.
Мамлакатни қоплаган ҳозирги ҳукуматга қарши намойишларга ишора қилиб, Қолиян хоним "Маҳбуслигимнинг тўртинчи йилида ниҳоят бутун Эрон бўйлаб эсаётган эркинлик шамолини туймоқдаман. "Аёллар, ҳаёт ва эркинлик" акс садоси Эвин қамоқхонасининг қалин деворларидан ҳам ўтиб келмоқда", деб ёзди.
У ҳозирда қамоқхонада ҳуқуқшуносликни ўрганяпти. У ўз мактубида Эвиндаги ундан имтиҳон олаётган "маданий" бўлим "қийноқ ва тергов" биносига қандай айланиб қолганини тасвирлайди ва ёш маҳбуслар у ерда қандай қилиб тергов қилинаётгани гувоҳи бўлганини ёзади.
"Имтиҳон хонаси ёш йигит ва қизларга тўла, қийноққа солувчиларнинг бақиришлари эшитилиб туради", дейди у.
Қолиян хоним имтиҳон учун 2022 йил 28 декабрида бинонинг ўша томонига олиб борилганда гувоҳи бўлгани манзарани тасвирлайди.
"Жуда совуқ ва қор уриб турарди, бино дарвозаси олдида кўзи боғлоқлиқ, устида юпқа кулранг футболкаси бўлган ёш йигит терговчи олдида ўтирарди.
У қалтираб, илтижо билан гапирарди: "Худо ҳақи, ҳеч кимни урганим йўқ". Улар унинг бўйнига айб қўймоқчи эди. Ўтиб кетаётиб, унга бақирдим: "Бўйнингга олма, золимларга ўлим".
Инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлиги (ИҲФАА) маълум қилишича, ҳозиргача камида 519 намойишчи, шу жумладан, 69 нафар бола ўлган, 19300 одам қамоққа олинган. Минглаб одамга ҳукм ўқилган.
Қамоққа олинганларнинг кўпига ўлим жазоси таҳдид солмоқда, ҳозиргача тўрт муҳбус осилди, уларнинг ўз айбини бўйнига олгани ТВ орқали намойиш этилди.
Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва ҳуқуқшунослар айтишича, уларнинг судлари айбланувчилар қийноққа солингач, адвокатларсиз ўтган. Расмийлар бу даъволарни рад қилмоқда.
Ўтган йил сентябрида оммавий норозилик намойишлари бошлангандан бери ўнлаб маҳбусларнинг мажбуран айбни бўйнига олиши ТВда кўрсатилган.
Ўз мактубида Қолиян хоним 2018 йили ўзи қандай тергов қилингани ва мажбуран бўйнига айб қўйилганини эслайди. У Эроннинг Хузистон вилоятида шакар заводи ишчилари иш ташлашларини қўллаганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.
Қолиян хоним ўзини аёл терговчи сўроқ қилгани, ўшанда балки у эркак терговчилардан кўра юмшоқроқ бўлиши, "жуда бўлмаганда менга жинсий тажовуз қилмайди" деб умид қилганини айтади.
Аммо унинг айтишича, умиди узоққа бормаган, аёл терговчи тўсатдан бақириб, стол оёғини тепган ва "сен коммунист фоҳиша, ким билан ётгандинг?" деган.
Ўтган декабрда нақ 34 йиллик қамоқ муддатини ўтаётган инсон ҳуқуқлари фаоли Наргиз Муҳаммадий, охирги намойишларда қамоққа олинган аёллар қандай қилиб жинсий таҳқирлангани ҳақида батафсил гапириб берган эди.
Қолиян хонимнинг айтишича, терговчи аёл унинг кўзидаги боғични ечиб, унга камерага қараб, ўзининг жинсий муносабатларини айтиб беришни талаб қилган. Қолиян хоним бундан бош тортган.
Унинг айтишича, бир неча соатлик сўроқдан кейин ундан ҳожатхонага олиб боришни илтимос қилган. Аёллар ҳожатхонасига етиб бориши билан теговчи аёл уни ичкарига итариб юборган ва устидан қулфлаб қўйган.
Қолиян хонимнинг айтишича, у қулфлаб қўйилган ҳожатхона сўроқ хонасида бўлган ва у бир эркакнинг қийноққа солинганини ва қамчиланганини эшитган.
"Қийноқ товушлари бир неча соат давом этди, балки бир кун, балки кўпроқ, вақтни ҳам билолмай қолгандим", деб ёзади у.
Қолиян хонимнинг тушунтиришича, уни ҳожатхонадан чиқаришгач, уч кун давом этган сўроқда деярли ухламаган ҳолида, камера ўрнатилган хонага олиб кетишган.
"Мен ундан ярим ҳушсиз ҳолатда ўқиб бериладиган матнни олдим, камера қаршисига ўтирдим ва уни ўқиб бердим", деб ёзади у. Худди шу иқрорларга асосланиб, у беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
2019 йилда Қолиян хоним Қарчак қамоқхонасида бўлган ва телевизорда бошқа маҳбуснинг мажбуран тан олаётганини кўриб, терговчини таниган.
Оммавий мактубда у терговчи Омина Садат Забиҳпурни Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан алоқадор "терговчи журналист" деб атаган.
2022 йил ноябрь ойида АҚШ Молия вазирлиги Забиҳпурни икки фуқаролиги борлар ва бошқа маҳбусларни мажбурий тан олдиргани ва уларни трансляция қилишдаги роли учун санкция қилди.
Забиҳпур Қолиян хонимни судга берди, у ўз айбловлари туфайли яна қўшимча саккиз ойлик қамоқ жазосини олди.
Қолиян хоним ўз мактубини намойишларни «инқилоб» деб таърифлаш билан якунлайди.
"Бугунги кунда биз Мариван, Изеҳ, Рашт, Систон ва Балужистон кўчаларида ва бутун Эрон бўйлаб эшитадиган товушлар тергов хоналаридаги товушлардан баландроқ, бу инқилоб овози, аёлнинг, ҳаёт, озодликнинг чинакам овози."
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek