Янгиликлар: Қизлар 15 ёшда ҳам климакс бўлиши мумкинми ёки эрта қариётган қизлар ҳикояси Yangiliklar Dunyo Qizlar

- Author, Дейдра Финнерти, Элиз Уикер ва Язмина Гарсия
- Role, BBC News
Қизлар нега бунча эрта ҳайздан қолишмоқда? Ўзлари ҳайрон, чалғиш учун секс ва ичкиликка рўжу қўяётганлари ҳам бор. Aммо бунга илм-фан нима дейди?

Алоқадор мавзулар:

Тасаввур қилинг, ҳали ўсмир ёки 20 ёшлардаги қизсиз ва ўзингизда менопауза бошланганини билиб қолдингиз. Эмма, Сое Мят ва Элспет тақдирида ана шу нарса бор экан. Уларга қўйилган ташхис барча аёллар ёши ўтгани сари бошдан кечирадиган, аммо бу ҳақда кам гапирадиган ўзгаришнинг бошланиши эди.
2013 йилнинг иссиқ август тонги, Эмма Деланининг тиббий консультанти унинг текширув натижаларини кўриб, у менопаузада эканини айтди. Бу вақтда Эмма 25 ёшда эди.
Эмма касалхонадаги қаттиқ стулда қимир этмай ўтирар, эшитган гапи хаёлида айланарди. У контрацептив таблекаларни тўхтатганидан кейин хайзи бошқа келмаганига ҳам бир неча йил ўтган, эҳтимол энди бошқа умуман келмас. Унинг табиий йўл билан ҳомиладор бўлиши имконсиз бўлиши ҳам мумкин.
"Нима дейишни билмай қолим... У менга фарзандли бўла олмаслигимни айтаётганди", дейди у.
Эмма Бошланғич тухумдон етишмовчилиги (БТЕ) деб аталадиган касалликка йўллиққан аёллардан бири эди. Бу касаллик 40 ёшгача бўлган аёлларда учрайдиган ҳар қандай менопаузани билдиради. Бу касалликнинг аниқ бир сабаби маълум эмас, БТЕга йўликқан аёллар менопауза симптомларини 50 ёшларигача бошдан кечириши мумкин.
Британияда ҳар 100 аёлдан бирида бу касаллик учрайди, экспертлар улар бундан кўпроқ бўлиши мумкинлигига ишонади. Аммо бу баҳсли масаладир.
"Ёш қизлардаги менопауза масаласи ҳақида етарлича гапирилмайди", дейди доктор Нигат Ориф. У умумий амалиёт шифокори ва менопауза бўйича мутахассис "TikTok" юлдузларидан бири. "Кўпинча ёши каттароқ, сочи оқарган аёллар ҳақида гапирилади."
Аммо Эмма каби қизларнинг нега тухумдони нормал ишламаслиги аниқ эмас, БТЕга автоиммун касалликлар, хромасомадаги бузилишлар, бачадон ёки тухумдонда ўтказилган жарроҳлик амалиёти сабаб бўлиши ҳам мумкин.
Жисмоний оқибатларидан ташқари бу каби ташхисларнинг руҳий оқибати жуда ёмон бўлиши мумкин. Эмманинг шифокори унга янгиликни айтганида, у машинасида бир соат йиғлаб ўтирган.
Эмма менопауза ҳақида билганлари ўзи ишлайдиган Манчестердаги гўзаллик салонида каттароқ аёллардан эшитганларидан ортиқ эмасди. Икки фарзанднинг онаси бўлиш ҳақидаги орзуси ундан тортиб олинган эди.
Кейинги бир неча ой давомида Эмма гормонал терапия олди. У тухумдонлари ишламай қолгани, танаси ҳайз циклини бошқарувчи эстроген ва прогестеронни етарлича ишлаб чиқармаганини билиб олди. Бу ҳол унинг соғлиғига йилларча таъсир қилиб келган.
Хаёл жойида бўлмаслиги унинг характеридан эмас эди. Баъзида бутун танаси бўйлаб иссиқ оқим ўтгандек бўларди ва бу соч қуритгич олдида узоқ турганидан эмасди. Унинг уйқусиз тунлари ҳам уйқусизлик касалидан эмасди, бу ҳам гормонал бузилиш симптомларидан бири эди.
Унинг онасида, 40дан ошган бўлса ҳам, ҳали менопауза бошланмаганди. Унинг дўстлари ҳам фарзанд кўришни бошлаганди. "Мени ҳеч ким тушунмайдигандек ҳис қилардим ўзимни", дейди у.
Эмма ўзини иш билан чалғитишга уринди, қўйилган ташхисни муҳокама қилишни истамасди. У тунларини кўчада ўтказар, йигитлар билан кўришарди, у ўз жуфти бор, боласи бор дугоналарининг тескариси бўлишни истарди.
"Мен ўз танамни алкогол ва секс билан чалғитдим... Ташхисим ҳақида бошқалар билан гаплашишим кераклигини тушунмадим", дейди у.
Эрта менопауза ташхиси қўйилган кўплаб аёллар бу ҳақда бошқа жиддий касалликдан даволанаётганда билиб қолади.

Масалан, лондонлик график дизайн талабаси Сое Мят Ноенинг менопауза ташхиси у саратондан даволанаётганда маълум бўлди. Шу йил бошларида, атиги 23 ёшга кирган бу қизга йўғон ичак саратони ташхиси қўйилди. Уни даволаш учун қўлланган радиация унинг тухумдонларига таъсир қилган ва ўшанда бу нима эканини тушунмаган эди.
"Улар менинг саратоним ва уни даволашга эътибор қаратишди, ҳеч ким менга бу менопаузага сабаб бўлиши мумкинлигини айтмаганди", дейди у.
Қулоқ шанғиллаши, хавотир ва чарчоқ каби симптомлар бирдан пайдо бўлди. Ҳайз, репродукция ва менопауза каби масалаларда у кўп ҳам билмасди. У улғайган муҳитда булар ҳақида гаплашишмасди ҳам. Университетдаги дугоналарининг бачадон ичи спираллари, контрацепция ҳақидаги гаплари ҳам унга даҳлдор эмасди.
"Танамда нимани кузатган бўлсам, бари ёши катта аёлларда бўларди. Худди умримнинг бир қисмини сакраб кесиб ўтиб кетгандек эдим."
Сое Мят руҳий саломатлиги ҳақида терапевти билан гаплашганда ҳам, булар бари менопаузадан бўлаётгани ҳисобга олинмади. У ўз дардига ўзи даво қидириб, интернетдан маълумот излай бошлади.
Гарчи айрим саратон турларига чалинган аёлларга гормонал терапия тўғри келмаса ҳам, аммо унга мос келадиган тури топилди. Сое Мят уни бошлаганда симптомлари ҳам яхшиланди.
Ўшандан бери унда бари жойида. Гормонал терапияга қўшимча у сайр қилиш, иссиқ ичимликлардан тийилиш каби нотиббий чораларни ҳам кўрди. У ўша симптомларни озайтириш учун аввалроқ масалаҳат бермаганлари учун хафа.
"Бу қадар қийин бўлмаслиги керак эди", дейди у.

Доктор Нигат Орифнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари шунга ўхшаш симптомларни бошдан кечирган аёллар изоҳларига тўла. У тиббиёт ходимларини менопаузанинг "нюансларини яхшироқ тушунишга" чақиради ва барча ёшдаги аёллар менопауза борасида очиқроқ гаплашишни ўрганишлари керак дейди.
"Илтимос, ўзингизга яқин аёллар билан гаплашинг... онангиз, бувингиз, холангиз, яқин дўстингиз билан гаплашинг. Ҳеч нарсадан хижолат тортманг - улар бошидан кечирган нарсаларидан сабоқ олинг."
Доктор Орифнинг айтишича, аёллар бу симптомлар ҳақида кўпроқ билгани сари БТЕ ташхиси кўпроқ қўйилмоқда, аммо ташхис қўйиш учун узоқ вақт керак бўлиши мумкин. Даволашсиз БТЕ аёлларнинг суяклари, юраклари ва руҳий саломатлигига узоқ муддатли салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
"Баъзи беморлар зулматга тушиб қолгандек бўлади, - дейди у. - Эҳтимол, улар фарзанд кўришни хоҳлагандир, бу касаллик эса уларни ана шу танловдан маҳрум қилиши мумкин."
Доктор Ориф БТЕнинг бошқа камдан-кам муҳокама қилинадиган симптоми ҳақида гапиради, масалан, оғриқли жинсий алоқа ва либидонинг йўқолиши.

23 ёшли Элспет Уилсон буни жуда яхши тушунади. Унга 15 ёшида БТЕ ташхиси қўйилган ва у жинсий алоқа билан боғлиқ муаммоларни енгиб ўтишига тўғри келган.
"Кимдир билан муносабатда бўлиш ва уни севишингни кўрсатишни хоҳлаш жуда қийин. Аммо танангиз ақлингизга бўйсунмайди ва баъзи нарсалар ноқулай", дейди у.
"Мени хафа қиладиган нарса шундаки, шифокорлар ҳеч қачон шунақа муаммо бўлиши ҳам мумкинлигини айтишмаган."
Элспет университетни тамомлаб, Ньюкаслда бозор тадқиқотчиси сифатида иш бошлади. У иш берувчиси қўллаб-қувватлашини мақтаса да, БТЕ билан бу муҳим босқичдан ўтиб олиш осон бўлмаслигини айтади.
"Бу ўзимга ишончни пасайтиради. Баъзида хаёлим жойида бўлмай қолади, камига энг ноқулай вақтларда".
У худди шундай вазиятга тушиб қолган бошқа аёлларнинг WhatsApp гуруҳида ўзига тасалли топди. Бу гуруҳдаги суҳбатларда тақиқланган нарса йўқ.
"Саволларингизни бемалол бериш мумкин бўлган жой борлиги одамни тинчлантиради... Агар бу ҳақда тортиниб ўтирмай гапира олсангиз, бу жуда осон."
Саратон туфайли келиб чиққан менопаузага чалинган ёш аёллар учун онлайн ёрдам гуруҳига қўшилган Сое-Мят ҳам шу фикрда.

Эмма ҳам вақт ўтиб худди шу хулосага келди.
Кўп йиллар давомида ўз касаллиги оғриғини енгиллатишга ҳаракат қилгандан сўнг, Эмма охир-оқибат ўз тажрибаси ҳақида очиқроқ гапира бошлади. У яна ўзига келишига ёрдам берган маслаҳатчига ҳис-туйғуларини гапириб берди.
"Ташхисимдан қатъи назар, ўзимни йўқотмадим... Бу ташхис мени синдиролмасди... Бу ўрганиш учун катта сабоқ бўлди."
Бир неча йил олдин у аҳволини тушунадиган партнерини учратди ва ҳозир улар бирга яшаяпти.
Instagram'да у менопауза ҳэштегларини кузатиб борди ва БТЕ бўлган аёлларга маълумот ва ёрдам бериш учун очилган Daisy Network хайрия ташкилотини топди. Биринчи марта у бошидан кечираётганини тушунадиган бошқа одамлар билан гаплашди.
У ҳозир 34 ёшда ва фарзандли бўлиш имконияти бор. Унинг айтишича, тухум донорлиги ва ЭКУ қилдириш ёқимсиз бўлар эди, шунинг учун у келгуси бир неча йил ичида бола асраб олишни ўйламоқда.
Унинг салондаги мижозлари унга менопауза учун жуда ёш эканлигини айтишади. У эса уларга бунинг нима эканлигини тушунтиради
"Улар ёнимда бўлган 30 дақиқа давомида менопауза ҳақида мендан бутун ҳаётларида билганларидан кўпроқ нарса эшитганларини айтишади.
"Бу маълумотларни ҳар бир аёлга етказиш мени қувонтиради."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














