Бу йил нима ўқиймиз? Ким нима ҳақда ёзмоқда? - янгиликлар, дунё

Penguin

Сурат манбаси, Penguin

Бу йил кўзларимизни қувнатиб, дунё юзини кўрадиган китоблар ҳақида гапиришнинг ҳозир айни вақти.

2023 йил учун айрим муҳим китоблар рўйхатини қилдик. Қайсидир бирлари қолиб кетган бўлса, маъзур тутгайсиз, акс ҳолда бу мақола "Уруш ва тинчлик"ка тенглашиб қолар эди.

Йилни мемуар асар бошлаб беради - шаҳзода Ҳаррининг автобиографияси "Spare" ("Заҳира") нашрдан чиқади. Китоб номи "the heir and the spare" ("ворис ва заҳира") иборасидан олинган.

Китобда шаҳзоданинг қироллик вазифаларидан воз кечиш ва АҚШга кетиш қарори ортидаги сабаблар ҳам изоҳланади ("Опра" шоуси ва олти соатлик "Netflix" ҳужжатли фильмидан кейин яна ошкор қилинмаган қандай сир қолган бўлиши мумкин?)

Кўрайлик -чи, "жайдари ва қатъий самимият"ни ваъда қилган бу китоб нашр қилингач, шаҳзоданинг Британияга қайтиш кўприкларидан қанчаси ёқиб юборилар экан. 10 январда "Penguin" нашриёти чоп этади.

Кутилаётган яна бир мемуар асар болалар ёзувчиси ва шоир Майкл Розенга тегишлидир. У "Getting Better" ("Камолот сари") китобида ўз ҳаёт кечинмалари ва чиқарган хулосаларини ўқувчи билан баҳам кўради. Агар кимдир матонат нима эканини билса, у ҳам бўлса, фарзандини йўқотган, Ковид 19га қарши узоқ курашган Розендир. Китоб 2 феврал куни "Penguin" нашриётидан чиқади.

Блейк Моррисоннинг тазаррунамо мемуари "And When Did You Last See Your Father?" (Отангни сўнгги бора қачон кўргансан") нашр қилинганига ҳам қарийб 30 йил бўлди. Унинг охирги китоби ана шу юбилейда нашр этиладиган бўляпти.

"Two Sisters" ("Икки сингил") оиласида ёмон одатга мубтало яқини бўлганларга таниш бўлган уят ва айбдорлик ҳисси ҳақидадир. Блейкнинг синглиси Жилл алкоголизмдан азоб чекади, бу орада унинг ўгай синглиси Жози ҳақидаги ҳикоя ҳам ўртага чиқади. Китоб 16 феврал куни "HarperCollins" томонидан сотувга чиқарилади.

Нисбатан енгилроқ жанрдаги яна бир мумуар мода стилисти Патрисия Фильдга тегишли, унинг "Pat in the City" ("Пэт шаҳарда") китобида "Studio 54"дан тортиб, "Sex and the City" телесериалигача бўлган хотиралар жамланган. Китоб 14 феврал куни "HarperCollins" нашриёти томонидан чиқарилади.

Актёр ва транссексуаллар ҳимоячиси Элиот Пейжнинг мемуари ҳам нашрга тахт турибди. У 6 июнда "Penguin" нашриёти томонидан чоп этилади.

Бадиий асарлар

Ли Бардугонинг "Соя ва суяк" (Shadow and Bone) асари Нетфликс сериалига айлантирилган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ли Бардугонинг "Соя ва суяк" (Shadow and Bone) асари Нетфликс сериалига айлантирилган.

Адабиёт доираларида тилга тушган ва нашр этилиши кутилаётган китоблардан бири Кевин Жаред Ҳусайннинг "Hungry Ghosts" ("Оч руҳлар") китобидир. Бу асар 1940 йилларда Тринидадда яшаган, бир қанча сирли ва хавотирли ҳодисаларни бошдан кечирган икки фарқли оила ҳақидадир.

Марҳум ёзувчи Ҳилари Мэнтел бу китобга "теран таъсирли" деб таъриф берган бўлса, Букер мукофоти совриндори Бернадин Эваристо уни "Ҳайратга соладиган роман" деб атайди. Китоб 16 феврал куни "Bloomsbury" нашриёти томонидан сотувга чиқарилади.

Кейт Мортондан тарихий романи "Homecoming" ("Уйга қайтиш")да воқеалар она юрти Австралияда юз беради. 1950 йилларда содир бўлган, аммо очилмай қолган қотиллик журналист Жесс ўз бувисининг Сиднейдаги уйи атрофини қазиётганда, орадан 60 йилдан кўпроқ ўтгач яна диққат марказига чиқади. Роман 13 апрелда "PanMacmillan" томонидан нашр этилади.

Агар замонавий романлар ўқишга қизиқсангиз Р.Ф. Куангнинг "Yellow Face" ("Сариқ юз") асаридан яхшироғини топишингиз мушкул. Ушбу сатирик триллер воқеалари ноширлик дунёсида рўй беради. Китобда идентлик сиёсати, заҳарли дўстлик ва маданий ўзлашув масалалари ўткир юмор билан ифода этилади. Китоб 25 майда "HarperCollins"да чиқади.

Фэнтези мухлислари учун Ҳелл Бентнинг китоби Ли Бардугонинг "Тўққизинчи уй" китобига узоқ кутилган сиквел бўлади. Ўрта мактабни ташлаб кетган Алекс Стернни ушбу сеҳр, даҳшатли жонзотлар ва зўравонлик ҳикоясида яна қайта учратасиз. Китоб 10 январда «Gollancz Publishing» нашриёти томонидан чиқарилади.

Балли Каур Жасвалнинг "Бизни энди кўрасиз" китоби ҳам шов-шувга сабаб бўлмоқда - у Сингапурдаги бадавлат оилаларда уй хизматчиси бўлиб ишлаётган уч муҳожир аёлнинг ҳаётини акс эттиради. 25 май, "HarperCollins".

"Ғам - момиқ нарса" ва "Лэнни" бестселлерлари муаллифи Макс Портернинг муаммоли ўспирин ҳаётидаги бир неча соат ҳақида ҳикоя қилувчи "Уят" китоби 6 апрелда "Faber & Faber" томонидан нашр этилади.

Пешқадамлар

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Бу йил энг нуфузли ёзувчилардан бири Салмон Рушдий каби адабиёт саҳнасининг бир қанча эътиборли актёрлари китоблари нашрга тайёрланмоқда.

Кўпчилик унинг хаёлий эпик романи "Ғалаба шаҳри"нинг нашр этилишини одатдагидан кўра кўпроқ интизор кутмоқда, ёзувчи бу йил бошида ҳужумга учраганидан кейин реабилитацияда экани буни янада кучайтирган.

Воқеалар 14-асрда Ҳиндистон жанубида рўй беради. Китобда илоҳий бир учрашувга гувоҳ бўлган тўққиз яшар қиз тарихни қандай ўзгартириб юборгани ҳикоя қилинади. Китоб 7 февралда "Random House" нашриётидан чиқади.

«Нолдан паст» ва «Америкалик психопат» китоблари муаллифи Брет Истон Эллиснинг «Синиқлар» романи ҳам ўқувчиларга тайёр турибди. Унда ашаддий қотил кезиб юрган Лос-Анжелесдаги ўрта мактаб ўқувчилари ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. 17 январь, «Penguin Random House».

Агар бирор китобни мириқиб, бир нафасда ўқиб чиқмоқчи бўлсангиз "Ўн тўрт кун: рухсатсиз йиғилиш" романини олинг. Пандемиядан аввал Нью Йоркдаги бир кўп қаватли уй томида кечадиган бу воқеа "Декамерон"ча услубда ҳикоя қилинган бўлиб, ҳар бир ҳикояни турли ёзувчилар - Маргарет Этвуд ва Жон Гришамдан тортиб Дейв Эггерс ва Селесте Инггача муаллифлар ёзган.

Элеанор Кэттон 2013 йили "Ойдинлар" романи учун Букер мукофотига сазовор бўлган эди. Орадан ўн йил ўтиб, у ўзининг "Вирнам Вуд" романи билан яна саҳнага қайтди. Бу психологик триллерда партизан боғбон гуруҳ сирли бир миллиардер билан келишув асосида ташландиқ фермани қўлга олишга уринишади. Китоб март ойида "Granta" томонидан нашр этилади.

Дебора Левининг 2019 йилги романи "Назари ўткир одам" Букерга номзод сифатида кўрсатилган эди. Ёзувчи яна янги "Август Блу"романини тақдим қилмоқда. Леви бизни пианиночи Эльза Афинадаги эски тускилар бозорида ўзининг қиёфадошини кўриб қолиши ва ҳар иккиси ўзлигини излай бошлаши асносида бутун Европа бўйлаб ажойиб саёҳатда олиб чиқади. 4 май, "Penguin".

Магик реализм қироличаси Изабел Элленде "Исмимни шамоллар билар" романида уруш ва муҳожирлик ҳақида икки параллел ҳикояни тақдим этади. 1938 йили бир яҳудий она ўғли нацистлар назоратидаги Австриядан қочиши учун роса уринади, орадан 80 йил ўтиб бошқа она ва ўғил Эл Салвадордан АҚШга қочади ва ўша ерда бир бирларидан айрилади. Китоб 6 июнда "Random House" томонидан чиқарилиши режаланган.

"Ҳайрат" бестселлери ва Оскар мукофоти олган "Хона" сценарийси муаллифи Эмма Донохьюнинг янги "Ёдлаб олинган" китоби Элиза Рейн ва Анне Листернинг муҳаббати ҳақида ҳикоя қилади. Китоб 15 августда "Little Brown" нашриёти томонидан ўқувчиларга тақдим этилади.

Муаллиф ва подкастер Элизабет Дей ўзининг нобадиий китоби "Френдаголик: дўстсеварнинг эътирофлари" китобини нашр қилдирмоқда. Китобда муаллиф ўзининг турли дўстлари билан муносабатлари ҳақида ҳикоя қилар экан, дўстликнинг тадрижи ва аҳамиятини таҳлил қилади. Китоб 30 март куни "Fourth Estate"да нашр этилади.

Жоан Ҳаррис ўзининг биринчи тугал романи билан қайтди. "Синиқ нур" китобида муаллиф аёллар ёши ўтгани сари ўзини эътибордан четдадек ҳис этиши ва улар ташаббусни қўлга олганларида нима бўлиши ҳақида ҳикоя қилади. Китоб маҳаллий паркда бир аёл ўлдириб кетилгани ҳодисасига боғланади. 11 май, "Orion" нашриёти.

Дебютантлар

Бу йилги АҚШдаги энг йирик дебютларидан бири Сесилия Рабессга тегишли.

Сурат манбаси, KOOSHGRAPHICS

Сурат тагсўзи, Бу йилги АҚШдаги энг йирик дебютларидан бири Сесилия Рабессга тегишли.

Актёр, собиқ китоб сотувчи ва илк асарини тақдим қилаётган муаллиф Изабел Шулернинг "Лэди Макбетад" романи қотиллик ҳақида ҳикоя қилиш асносида Шекспирнинг машҳур қаҳрамонининг шубҳали тарихи ҳақида сўз юритади. Китоб 2 март куни "Bloomsbury"да нашр этилади.

Стивен Буоро ҳам эътиборга лойиқ: унинг дебюти "Энди Африканинг беш қайғули сири" романида воқеалар Нигерия шимолида рўй беради. Иан Ранкин асарни "ҳайратланарли даражада жонли... одамни зумда ўзига боғлаб олади" деб таърифлайди. 13 апрель, Bloomsbury.

Бу йилги АҚШдаги энг йирик дебютларидан бири Сесилия Рабессга тегишлидир. Унинг "Бари аъло" романи либерал қора танли аёл ва унинг консерватив оқ танли эркак ҳамкасби ўртасидаги романтик муносабат ҳақида бўлиб, воқеалар Доналд Трамп сайланишидан олдинги йилларда содир бўлади.Китоб 8 июнда "Picador"да чоп этилади.

Сара Мейнинг биринчи романи воқеалари 90 йиллардаги таблоид даврида юз беради. "Бекки" романи бойлар даврасида ўз ўрнини топишга ва корпоратив зинапоянинг энг юқори поғонасига кўтарилишга қарор қилган ёш аёл Бекки Шарп ҳақида ҳикоя қилади. Бекки бу йўлда ҳар қанча қурбонлик беришга ҳам тайёр. Китоб 26 январда, "Picador" томонидан сотувга чиқарилади. .

Радаримизга тушган яна бир роман Моника Хазейнинг "Ҳақиқатда яхши" асари бўлиб, ажрашган аёлнинг биринчи йили ҳақидадир. 17 январь, "Fourth Estate".

BookTok

BBC

Эмили Ҳенри ўзининг "Соҳилдаги мутолаа" ва "Таътилдаман" номли комедия романлари билан ва "BookTok" орқали шуҳрат қозонди.

Инфлюенсер Пэйтен Жьюелл менга Эмилининг яқинда нашр этилажак "Шодлик макони" романи ҳақида гапириб берди. Унда бир биридан ажралиб кетган жуфтлик эски дўстлари билан ўтган зиёфатда ўзларини бари жойидадек кўрсатишга уринади. Хўш, кейин нимадир ўхшамай қолади?

Жьюеллнинг 2023 йил учун танлаган китоблари орасида Ниша Шарманинг "Шакар таъмли", Тесса Бейлининг "Зимдан сеники" ва "Июндаги етти кун" муллифи Тиа Уильямснинг хали номланмаган романи бор.

Реал шахслар ҳақидаги романлар

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

2023 йил ҳам детектив романларга бой бўладиган кўринади. Ричард Коулз ўзининг 2022 йилда чоп этилган "Ивенсонгдан олдинги қотиллик" романининг давоми бўлган "Қишлоқдаги ўлим" китобини нашрга тайёрламоқда. Китоб 8 июнда "Orion" нашриётидан чиқади.

Ушбу жанрнинг кўплаб мухлислари Стиг Эбеллнинг "Кичик осмон остидаги ўлим" дебютини интиқ кутмоқда. Times Radio бошловчиси бўлган Эбелл бир нечта нобадиий китоблар ёзган, аммо бу детектив романи унинг бадиий адабиётга биринчи қадамидир. 13 апрель, "HarperCollins".

Муҳсулдор ёзувчилардан Ричард Усмон бу йил охирроғида ўзининг "Пайшанба қотиллик клуби" туркумининг тўртинчи китобини чиқармоқчи. Ҳозирча бу китобга ном қўйилмаган. 14 сентябрь, "Penguin".

Қотиллик ҳақидаги асарлардан бироз узоқлашган Том Ҳенкснинг "Яна бир йирик кино дурдонасини яратиш" фильми унинг биринчи узун метражли романидир. У АҚШнинг 80 йиллик тарихини ўз ичига олган фантастик суперқаҳрамон фильмини яратиш учун қилинган муҳим саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳикоя қилади. 9 май, "Penguin Random House".

Актриса ва ёзувчи Кэрри Ҳоуп Флетчер ҳам "Қўш ташвишли жамият" романини тақдим қилади. 7 июль, "Penguin Random House".

Агар болалар учун нимадир излаётган бўлсангиз, ошпаз ва фаол Жейми Оливер ўзининг болаларга атаб "Билли ва улкан саргузашт" китобини ёзди. Китобда бир гуруҳ дўстлар тақиқланган Шаршара ўрмонига саёҳат қилади. Китоб 13 апрелда "Penguin Random House" томонидан нашр этилади.

Ўсмирлар ва болалар адабиёти

LITTLE PEOPLE BIG DREAMS

Сурат манбаси, LITTLE PEOPLE BIG DREAMS

Патрик Несснинг "Ўғил болалар учун бошқача" романида ўсмирлардаги жинсий ўзгаришлар, дўстлик самимийлик ва юмор билан ҳикоя қилинади. Китоб келаси йил 2 мартида "Walker Books" нашриёти орқали дунё юзини кўради.

Машҳур "Ҳаводаги халқ" туркум романлари муаллифи Холли Блекдан "Ўғирланган меросхўр: Элфхем романи" унинг диологияси бўлиб, унда бола қиролича Сурен, ва шаҳзода Эманнинг қайтиши ҳақида ҳикоя қилинади. 2023 йил 3 январь, "Hot Key Books".

"Ҳатто суяклар ҳам" романи ёзувчиси Ребекка Шэффер "Даҳшатлар шаҳри" номли янги романи билан даҳшатли жонзотлар дайдиб юрадиган ва одамлар ҳам ўз қўрқинчли хаёлларидаги жонзотларга айланадиган шаҳар ҳақидадир. Бу китоб юраги заифлар учун эмас. 23 февраль, Hodder & Stoughton.

Ёш болалар учун Мария Изабел Санчес Вегаранинг 2023 йилда чиқажак "Кичик одамларнинг катта орзулари" туркумидаги сўнгги биографик китобида малика Диана, Фредди Меркури ва Люис Ҳэмилтон ҳақида ҳикоя қилинади. Нашр куни аниқ эмас, "Frances Lincoln Children's Books" нашриёти.

Нобадиий асарлар

Каэ Темпестнинг "Ўзига ва бирга бўлинувчи" номли тўплами ташқи босимларга қарамай қандай қилиб ўзликни сақлаб қолиш ҳақида.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Каэ Темпестнинг "Ўзига ва бирга бўлинувчи" номли тўплами ташқи босимларга қарамай қандай қилиб ўзликни сақлаб қолиш ҳақида.

"Griefcast" подкасти муаллифи Кариад Ллойд яқинини йўқотиш билан қандай курашиш ҳақида китоб ёзди.

"Сиз ёлғиз эмассиз" китоби бошига мусибат тушган ҳар бир киши учун ажойиб қўлланмадир. Шунингдек, унда Мариан Кис, Ричард Коулез ва Изабелл Элленде каби муаллиф ижодкорларнинг ғоялари ҳам берилган. 2023 йил 19 январь, «Bloomsbury»

Жоанна Кэннон таҳририда нашр этилажак китоб «Илтимос, буни ўқинг"да Буюк Британиядаги руҳий касаллиги билан курашган одамларнинг тажрибасига асосланган ўн иккита ҳикоя берилган.

Жоанна шу йил бошида шундай твит ёзган эди: "Руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган одамлар буларни шундай таъсирчан тарзда ёзганки, умид қиламан, ҳар бир психиатр буни ўқийди." 11 май, "The Borough Press".

Иқлим ҳақидаги бадиий асарлар ҳамон долзарб бўлса ҳам, Питер Франкопаннинг "Ўзгарган ер: айтилмаган ҳикоя" деб номланган ушбу нобадиий китоби иқлим - сув тошқинию қурғоқчиликлар, бўрону аёз қишлар дунёмизни қандай шакллантиргани ҳақидаги муҳим асардир. Китоб 2 мартда "Bloomsbury"да нашр этилади.

Кембриж университети профессори Сандер ван дер Линденнинг "Адашишдан ҳимоя: нега биз дезинформацияга бериламиз" китоби нашр этилмоқда. Психология профессори дезинформация психологияси ва "одамларни унга қарши қандай эмлаш кераклиги" ҳақида билганларини бу китобда баҳам кўришга ваъда берган. 16 февраль, "Fourth Estate".

Линтон Квеси Жонсон тирик буюк шоирлардан бири ҳисобланади, лекин у айни пайтда сермаҳсул ёзувчи ҳамдир. "Вақти келади" номли китобида фаол ва ижтимоий танқидчи бўлган муаллиф ўзининг Ямайкадаги ўтмиши ва қора танли британиялик сифатидаги бошдан кечирганлари ҳақида ўнлаб йиллар мобайнида ёзилган насрий ҳикояларини ўқувчига тақдим қилмоқда. 13 апрель, "Pan Macmillan".

Шеърият ҳақида гапирганда, мусиқачи ва шоир Каэ Темпестнинг "Ўзига ва бирга бўлинувчи" номли тўплами ташқи босимларга қарамай қандай қилиб ўзликни сақлаб қолиш ҳақидадир. 27 апрель, "Picador" нашриёти.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek