Савол ва жавоб. Киев: Украина нега Россия ҳарбий карвонига ҳозиргача зарба бермади? Ғарб нега аралашмаяпти? Уруш асирлари ҳам борми? Video Ukrainа Rossiya Putin Yangiliklar

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россиянинг юзлаб танк ва артиллериясидан иборат улкан ҳарбий карвони пойтахт Киевга етай, деб қолган. Украина нега карвон Киевга кирмай туриб, унга зарба бермаяпти, кутиб ўтирибди? Бу ва бошқа саволларга Би-би-сининг Киевдаги мухбирлари ва ҳарбий экспертлари жавоби билан танишинг.

Видео: Украина: Киев тайёрми? Россия яқинлашаяпти

Таҳлил:

Алоқадор мавзулар:

Савол ва жавоб

Россиянинг Украинада ўзининг "махсус ҳарбий амалиёти"ни бошлаганига икки ҳафтача бўлаяпти.

Украина ва Ғарб буни "ростмана уруш" ва "тўлақонли ишғол", деб атаётир.

Пойтахт Киев ва Украинанинг бошқа қатор йирик шаҳарлари ҳануз Россиянинг ҳужуми остида.

Орада Украинанинг Европадаги энг йириги саналган атом электр станцияси ҳам Россиянинг қўлига ўтган.

Унга ҳам зарба берилганига оид хабарлар халқаро миқёсда жиддий хавотир ва танқидларга сабаб бўлган.

Дунё бўйлаб BBC News ўқувчилари бугунги можаро юзасидан ҳануз ўзларини ўйлантирган ва қизиқтирган саволларни йўллашда давом этишмоқда.

Уларнинг айримларига Би-би-сининг ҳозир Киевда бўлган мухбири Жемс Уотерҳаус, хавфсизлик масалалари бўйича муҳаррири Фрэнк Гарднер ва Шеффильд университетининг ядровий маҳсулотлар бўйича эксперти Клэр Коркҳилллар жавоб бериб ўтишган.

Савол:Жумладан, Дэвид Финч, "Украинага ҳарбий ёрдам қандай кираяпти? Нима учун Украина Россиянинг узундан узоққа чўзилган ҳарбий карвонига ҳужум қилмаяпти?", - деб сўраган.

Жавоб: Россия Украинага шимол, жануб ва шарқдан ҳужум қилмоқда.

Украинанинг Польша ва бошқа Натога аъзо давлатлар билан ғарбий чегаралари ҳануз расмий Киевнинг қўлида. Россия назорати остига ўтмаган.

Украинага четдан ҳарбий ёрдам худди шу ердан кириб келаяпти.

Қора денгиз соҳилларини Россия деярли эгаллаб бўлган.

Шу боис ҳам, у ердан катта миқдордаги ҳарбий юкларнинг кириб келиши анчайин қалтис ва хатарли.

Россиянинг ҳарбий карвони...

Россиянинг ҳарбий карвони ҳозир дрон ва ҳаво ҳужумларига жуда ўнғай мавқеъда.

Шу боис ҳам, ҳозир ҳамма Украина нега бундай қилмаётганига ҳайрон.

Бунинг бир қанча эҳтимолий сабаб ва изоҳлари бор.

Биринчидан, Украинанинг қирувчи дронлари камайиб қолгандир.

Иккинчидан, Украинанинг кам сонли Ҳаво кучлари Россиянинг ҳаводан мудофаа тузилмалари нишонига айланишдан хавотирда бўлиши мумкин.

Халқаро Стратегик Тадқиқотлар Институтидан Бен Бэррининг айтишича эса, Украина Россия Киевга яқинлашиб қолганида, қарши зарба бериш учун ихтиёрида қолаётган имкониятларини асраётган бўлиши ҳам эҳтимол.

Савол:Роб Фрэнк эса, "Ғарб қандай ҳолатда бу можарога аралашиши мумкин"лиги билан қизиққан.

Жавоб: Ғарб Россия Натога аъзо давлатга ҳужум қилган тақдирдагина, бу ишга қўл уришини айтган.

Украина эса, НАТОга кирмайди.

Аммо Украинага қўшни Польша ва Болтиқбўйи давлатлари НАТОга аъзо.

Шу боис ҳам, НАТО ҳозир бу давлатлар чегараларини жадал мустаҳкамлаш ҳаракатига тушган.

Аммо Ғарб давлатлари Россия ҳужумига қарши мудофаасини мустаҳкамлаш учун Украинага ҳарбий жиҳатдан кўмак беришмоқда.

Қирувчи самолётлар ва танкларга қарши ракеталар билан таъминлашаётир.

Россиянинг жанговар самолётлари йўлини тўсиб, Украина шаҳарларига ҳужумини олдини олиш учун ҳаво ҳудудини ёпиш чақириқлари ҳам бўлди.

Аммо НАТО бунга унамаётир.

Ташкилотга кўра, бу Россия қирувчи самолётларини уриб туширишга олиб келади ва Россия билан урушга сабаб бўлади.

Савол: Шу пайтгача уруш асирлари ҳақида ҳеч нарса қулоғимга чалинмади? Томонлар асирга олган ҳарбийлар ҳам борми? Бу саволни Дэвид Тейлор йўллаган.

Жавоб: Ҳа, бор. Орада россиялик ҳарбийларнинг асир олингани ва уйларига қўнғироқ қилиб олишлари учун украиналиклар уларга телефон бериб туришганига оид хабарлар чиққан.

Бизга айтишларича, бу ҳарбийларнинг оилалари уларни Донбассга кичик бир ҳарбий амалиёт ва ҳатто ўқув машғулотларига юборишган, деб ўйлашган.

Тўлақонли ишғолга жалб қилинганликларидан буткул бехабар бўлганлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek