You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Қозоғистон воқеалари МДҲ давлатларига энди қандай таъсир қилади? Таҳлил Qozog‘iston Rossiya namoyishlar yangiliklar -видео
Қозоғистонда рўй берган воқеалар бир қанча муҳим саволларни туғдирмоқда: КХШТни мустаҳкамлаш ҳақида гапириш мумкинми, Москванинг Қозоғистонга таъсири қанчалик кучаяди ва Қозоғистондаги назарбоевча ҳокимият алмашинуви сценарийси иш бермадими?
Россия энди Қозоғистондан чиқиб кетмайдими?
Сўров ва таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
Қозоғистон тинчидими, Элбоши қаерда ва Тоқаев нега Назарбоевни танқид қилди
Таҳлилчилар нима дейди?
2022 йилнинг дастлабки кунларида Қозоғистонда норозилик намойишлари бошланиб, тартибсизликлар ва хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларга айланди. Воқеаларнинг дастлабки ривожи мамлакатда ҳокимият ўзгариши эҳтимолини тахмин қилишга асос берди - лекин ундай бўлмади.
Воқеаларнинг асосий натижаларидан бири мамлакатнинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг ўзи сақлаб қолган сўнгги расмий лавозимини ҳам йўқотиши бўлди. Назарбоев 30 йил давомида Қозоғистоннинг доимий президенти бўлган ва фақат 2019 йилда мамлакат сиёсатига сезиларли таъсирини сақлаб қолган ҳолда бу лавозимни Қасим-Жомарт Тоқаевга топширган.
Назарбоев тутган йўл Қозоғистонгагина таъсир қилиб қолмади, Россияда ҳам сезилди, дейди сиёсатшунослар. Назарбоевнинг бу сценарийси бўйича давлатнинг узоқ муддатли раҳбари расман орқа планга ўтади, лекин аслида вазиятни назорат қилишда давом этади ва шу шаклда ҳокимият транзити амалга ошади.
Бироқ январь ойидаги норозилик намойишлари чоғида Тоқаев Назарбоевнинг Қозоғистон Хавфсизлик Кенгаши раҳбари лавозимидан кетганини эълон қилди, бу собиқ президент томонидан сақлаб қолинган охирги расмий лавозим эди. Тоқаевнинг ўзи Хавфсизлик Кенгашининг янги раҳбари бўлди.
Кўп ўтмай, 30 йил муқаддам постсовет ҳудудида яратилган тузилма Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ) қўшинларининг киритилиши билан вазият барқарорлашди, аммо шу пайтгача бу ташкилот ўзига аъзо давлатлар ҳудудида бўлган низоларда айтарли иштирок этмаган эди. Шу билан бирга, кузатувчиларга кўра, Қозоғистонга КХШТ қўшинларини юбориш қарори ва вазиятни тартибга солишда Россия муҳим роль ўйнаган.
Қозоғистондаги тартибсизликлар аллақачон барҳам топаётганига қарамай, мамлакатда рўй бераётган воқеалар ва уларни ҳал қилиш усуллари бир қанча жиддий саволларни туғдирмоқда: масалан, КХШТни кучайтириш ҳақида гапириш мумкинми? Москванинг Қозоғистонга таъсири ўсадими? Россия қозоқча ҳокимият алмашуви сценарийсини қўллаб кўришни унутиши керакми?
Би-би-си Рус хизмати бу саволларни "Россия в глобальной политике" журнали Бош муҳаррири Федор Лукьянов ҳамда сиёсатшунослар Татьяна Становая ва Аркадий Дубновга берди:
КХШТни мустаҳкамлаш ҳақида гапириш мумкинми? Қозоғистондаги вазият Россия ташқи сиёсатига қандай таъсир қилади?
Федор Лукянов:
Албатта, Россиянинг постсовет ва ЕвроОсиё маконидаги мавқеи мустаҳкамланиши ҳақида гапириш мумкин. Россия жуда тез ва самарали жавоб бериш қобилиятини намойиш этди ва бу ҳудудда хавфсизликни таъминловчи бошқа самарали актёр йўқлигини эслатиб қўйди. Россия ҳарбий куч соҳасида самарали воситаларга эга эканлигини яна бир бор исботлади.
Биринчи марта КХШТ ҳақиқий сиёсий восита бўлиб хизмат қилди, чунки кўп йиллар давомида у кўпроқ рамзий иттифоқ эканлигига ишониларди. Энди у ҳеч бўлмаганда бу маконда муайян ҳаракатларни қонунийлаштириш воситаси сифатида қандайдир роль ўйнаши аниқ бўлди. Албатта, бу бошқа давлатлар, хусусан, АҚШ билан муносабатларга тўғридан-тўғри бўлмаса ҳам, билвосита таъсир қилади.
Татьяна Становая:
Мен КХШТнинг аҳамиятини бўрттирмаган бўлардим - тўғрироғи, бу Россиянинг КХШТдан фойдаланган ҳолда постсовет ҳудудида ўз таъсирини кучайтиришга уринишидир.
Яъни, КХШТ ўз-ўзидан мақсад эмас. Бу жуда чекланган тарзда ишлатилиши мумкин бўлган воситадир, чунки ушбу шартномадаги барча шериклар турли манфаатларга эга.
2010 йилда Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштириш учун КХШТ кучларидан фойдаланиш ғояси бор эди, бироқ Россия бунга рози бўлмади, чунки Ўзбекистон бу қарорга қарши эди. 2020 йилда Арманистон ҳақиқатан ҳам Тоғли Қорабоққа КХШТ кучларини киритмоқчи эди, бироқ Озарбайжон бунга қарши эди. Яъни бу воситани тўлиқ қувват билан ишлатиш қийин.
Бошқа томондан, ҳозирги вазиятда шундай бўлдики, Россия ва бошқалар учун ушбу воситадан фойдаланиш жуда қулай эди. Менимча, айниқса, Ғарб журналистлари томонидан КХШТ аҳамиятини бўрттириб кўрсатишга уринишлар бўлмоқда, аммо бу ерда гап кўпроқ Россиянинг амбициялари ва манфаатлари ҳақида кетмоқда.
Россиянинг постсовет мамлакатларидаги воқеаларга қандай муносабатда бўлишидаги мантиқ ва приоритетларда ўзгариш бор. Агар Қозоғистонда содир бўлган воқеа тахминан икки йил олдин содир бўлганида, ҳеч қандай [ҳарбий] аралашув бўлмасди. Ва ҳозирда Россиянинг бутун ички ва ташқи сиёсати стратегик хавфсизлик билан боғлиқ бўлганлиги сабабли, қўшни мамлакатлардаги беқарорлик хавфига кескинроқ муносабатда бўлмоқда - шунинг учун қаттиқроқ ҳаракатлар кузатилади.
Албатта, кенг маънода қарорлар қабул қилишда хавфсизлик ходимларининг иштирок этиш тенденцияси янада кучаяди.
Аркадий Дубнов:
КХШТ энди қоғоз йўлбарс эмас, масъулият соҳасидаги драматик ва хаотик тартибсизликлар олдини олишда иштирок этишга тайёр ва қатъийлик намойиш этмоқда. Албатта, гап КХШТ ҳақида эмас, балки унинг ядро қисми - Россия ҳақида кетмоқда.
КХШТ - бу жуда қулай восита, чунки Россия ҳарбий кучларини ушбу форматда қўллаш Федерация Кенгаши рухсатини талаб қилмайди, давлат раҳбарларининг келишилган қарори етарли.
Энг муҳими шундаки, Россия шу тариқа барқарорлик, хавфсизлик ва тартиб учун масъул бўлишга тайёрлигини кўрсатмоқда, яъни бу барча категориялар Кремль тушунчаси бўйича қўлланади. Москва чекланган форматда бўлса-да, барқарорлик кафолати ва постсовет ҳудудидаги асосий масъул ролига қайтмоқда. Бу бугун жуда яққол намоён бўлди.
Қозоғистондаги воқеалар шуни кўрсатадики, энди КХШТ мамлакатлари барқарорлигига таҳдид соладиган ҳар қандай таҳдид, ҳатто ички сабаблар: ижтимоий-иқтисодий ёки элиталар ўртасидаги кураш ёки давлат тўнтаришига уриниш бўлса ҳам, ташқи таҳдид сифатида таснифланади. Қозоғистонда қилинганидек ташқи кучларга ишора қилиш ҳар доим бўлади.
Россиянинг Қозоғистон ва МДҲга таъсири қанчалик кучаяди?
Федор Лукьянов:
Энди Россиянинг постсовет давлатлари билан муносабатларида янги босқич бошланди. Биз буни бир ярим йил илгари Арманистонда Россиянинг дастлаб ҳеч қандай алоқаси бўлмаган воқеаларга нисбатан кўрдик. Аммо Арманистоннинг Россияга қарамлиги кескин ошди ва Арманистон фақат Россияга таянишга мажбур бўлди ва бошқа борар жойи йўқ вазиятга тушиб қолди.
Ҳозир Қозоғистонда вазият бошқача - ташқи таҳдид йўқ, умуман давлатчилик барқарорлигига таҳдид бор. Лекин барибир Россия асосий шерикка айланмоқда. Бу бироз кутилмаган бўлди, чунки Қозоғистон жуда барқарор давлат тузилмасига эга, мукаммал ва гуллаб-яшнаётган давлат деб ҳисобланган.
Ўйлайманки, бу собиқ СССР ҳудудидаги сўнгги [ўхшаш] эпизод эмас - бир неча йиллардан бери биз бу давлатлар бирин-кетин жиддий ички инқирозларни бошдан кечираётганини кўрмоқдамиз.
Татьяна Становая:
Россияда жуда оддий мантиқ бор - ё миллий ҳокимият [ўз инқирозларини ўзлари енгиб турибди] ва биз аралашмаймиз, чунки бизга барқарор ҳамкорлар керак ёки улар бардош бера олмасалар, ташқи кучлар аралашиши мумкин.
Улар ташқи кучлар ҳақида бунчалик кўп гапиришлари сабаби, улар шунчаки тахмин қилганлари учун эмас, балки ташқи ўйинчилар инқироздан Россияга босим ўтказиш ва уни заифлаштириш воситаси сифатида ҳақиқатдан ҳам фойдаланмоқчи эканликларига ишончлари комил. Шу боис, уларнинг тушунчасига кўра, агар миллий режим инқирозга дош бермаса, Россия жавобгарликни ўз зиммасига олиши ва вазиятни барқарорлаштириши керак.
Айнан Қозоғистонда, менимча, Москва ким томонда туриши аҳамиятсиз, муҳими Москва учун тартибсизликлар бўлмайдиган тизимни институционал равишда ташкил этишдир.
Аркадий Дубнов:
Қозоғистоннинг келажакда Россияга қарамлиги сифат ёки спекулятив характерга эга бўлиши мумкин, аммо бу аниқ. Қозоғистон раҳбариятининг ташқи куч марказлари - АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой, Туркияга оғиши билан боғлиқ қарорлари Москва бунга қандай муносабатда бўлиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.
Яна бир нарса шундаки, Қозоғистонда улар Жанубий Осетия ёки Абхазия бўлишни истамаслигини тушунишади. Қозоғистон миллий-ватанпарварлик характеридаги ички эҳтирослар билан тўлиб-тошган, Москванинг шундай бошқарув органи ёки ҳомийга айланишига нафақат ёшлар, балки элита ҳам рози бўлмайди.
Аммо Москва буни жуда яхши тушунади, улар ўйин қоидаларини қабул қилишга уриниб, Тоқаевнинг юзини сақлаб қолишга имкон беради. У буни Twitter да намойиш қилиб, тинчликпарвар кучлар узоқ қолмаслигини, балки бир ҳафтадан кейин ҳам чиқиб кетишини айтди. Албатта, бир ҳафта ичида ҳеч ким кетмайди, қолиш учун доим баҳона бўлади, лекин бир неча ойгача қолиши мумкин.
Бу ҳолат Қозоғистондаги ҳокимият транзити сценарийси ҳақида нимани тасдиқлайди?
Федор Лукьянов:
Қозоғистоннинг транзит сценарийси дастлаб кўрингандек муваффақиятли бўлмади. Бунга асосан унинг чўзилиб кетгани ва барча ички ўйинчиларнинг ҳам унга кўнмагани сабаб бўлди. Ҳамма уни оғзаки қўллаб-қувватлаган бўлса-да, Назарбоевдан кейинги ҳокимият учун ички кураш давом этди. Албатта, бу кўплаб жараёнларни оғирлаштирди.
Бу ерда ҳокимият ташқи кучлар таъсирида фақат бир йўналишда - мавжуд тузумларнинг қулаши ва янгиларининг ўрнатилиши томон ўзгарган даврлар бўлгани муҳимдир. Бу "араб баҳори" даврида ва бир қатор постсовет мамлакатларида бўлган.
Афтидан, бу давр тугади. Ҳозир камида иккита ҳолатда, Беларусь ва Қозоғистонда режимни ўзгартириш учун оммавий норозиликдан фойдаланишга уринишлар, биринчидан, режимнинг кескин мавқеъ эгаллашига, муросасизлашувига олиб келишини кўрмоқдамиз, иккинчидан, режимлар Россияга кўпроқ таянмоқда.
Маълум бўлишича, бу манзарани ўзгартиради: авторитар тузум маълум бир босқичда қўзғалиш ва қулашга маҳкум бўлганга ўхшарди, бироқ ҳозир бундай эмас. Дунёнинг ана шу қисмидаги кўплаб мамлакатлар учун бу муҳим сабоқдир, чунки авторитар режимлар деярли ҳамма жойда мавжуд. Ва улар учун инқирозли вазиятда ўзини қандай тутиш кераклиги ва кимга таяниш кераклигини тушуниш муҳимдир.
Татьяна Становая:
Ўйлайманки, Путиннинг бирламчи шарти бор - президент институтини заифлаштирмаслик керак. Қозоғистон сценарийси кучсиз меросхўрни қўйиш ва унга ваколатларни аста-секин топширишга асосланган. Путиннинг фикрича, қўш ҳокимиятли бўлган бу ҳолат ўта хавфли ва содир бўлган воқеа бу схема барқарорлик ва хавфсизлик учун жуда хавфли эканлигини тасдиқлаган, холос. Агар Назарбоев ушбу транзит вариантини танламаганида, биз охирги кунларда кўрган ҳодисаларга гувоҳ бўлмаган бўлардик.
Аркадий Дубнов:
Қозоғистонда элитанинг Назарбоев томони тўнтаришга уриниб кўрди, улар Тоқаевни йўқ қилишга ёки унинг ҳокимиятга бўлган мустақил интилишларини сўндиришга уринди.
Сизнинг эътиборингизни КХШТнинг сўнгги йиғилишида ҳеч ким Назарбоев номини эҳтиёткорлик билан тилга олмаганига қаратган бўлардим.
Бу Назарбоевни суверен Қозоғистоннинг асосий рамзи, давлатнинг ушбу шаклининг атрибути сифатида сақлаб қолиш нияти борлигидан далолат беради.
Ушбу транзитнинг муваффақиятига шубҳа қилиш ўта хавфли, шунинг учун саммитда ҳеч ким транзит муаммосини ва нима содир бўлганини аниқлашга уринмади.
Улар ҳамма нарса ҳақида гаплашдилар: бандитлар, яширин жиноий халқалар, исломчилар, КХШТ қандай мукаммал ишлагани ҳақида, лекин аслида Қозоғистонга нима таҳдид солаётгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.
Бу эса Назарбоев давлатига хос хусусиятни сақлаб қолиш истаги борлигидан далолат беради, яъни бу давлатчилик мерос бўлиши керак.
Тоқаев Назарбоев давлати муваффақиятининг кўрсаткичидир, агар у вазиятни ўнглай олса, бу тўғри сиёсатдаги вақтинчалик бузилиш, деб айтилади.
Москва энди транзитнинг бундай сценарийсига ўта эҳтиёткорона муносабатда бўлади.
Путин 10 йил олдин Медведев типидаги транзитни таклиф қилганида ҳам бу унга деярли ёқмаган.
Шунинг учун у ўзининг ҳокимиятини эҳтиёткорлик билан ҳимоя қилади, акс ҳолда мамлакат парчаланиш ва энг ёмон сценарийлар хавф солади.
Қачондир қарор қабул қилишга тўғри келади, лекин энди бу ҳозирнинг муаммоси эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek