Илк ҳижобли супермодел Ҳалима Ислом дини учун мода оламини тарк этдими? Video Ислом ва мусулмонлар, dunyo, Islom dini, musulmonlar, yangiliklar

Halima Aden

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Содаба Ҳайдарий
    • Role, BBC 100 Women
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Илк ҳижобли супермодел Ҳалима Аден ўтган йили подиумни тарк этди. У бошқа мусулмон аёллар эътиқодлари ва ишларидан бирини танлашдек оғир танлов қаршисида қолмайди, деган умидда.

"Мен бошқа қизлар Ҳалима бутун жамоа учун ҳаракат қилганини билишини истайман", дейди у.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Улар ҳар қандай шароитда ҳам ўзларини қулай ҳис қила олишлари учун ўз карьерамни қурбон қилдим."

Энди мода саноатидаги айрим катта номлар бошқа мусулмон моделлар Ҳалима каби босим остида қолмаслиги йўлларини ахтармоқда.

"Бу саноат учун огоҳлантирув ишораси бўлди, чунки ўйлашимча, бошқа брендлар ва дизайнерлар нима ёмон иш қилдик деяпти", дейди дизайнер Томми Ҳилфигер.

Halima Aden and Tommy Hilfiger

Томми аввалги мода акцияларида Ҳалима билан яқиндан ишлаган ва иккиси Би-би-си билан мода саноатида ирқчилик ва камситишларни бартараф қилиш ҳақида интервью бериш учун келишди.

"Ҳижобим кичрайиб борди"

"Мен ўз имижимдан шу қадар узоқлашдимки, ҳижобим ҳам кичрайиб борди", дейди Ҳалима.

"Бир гал суратга олиш вақтида бир ҳижобли муслима ҳам мен билан эди. Улар менга алоҳида бурчак ажратишди (Ҳалимага либосини алмаштириб олиш учун алоҳида ёпиқ жой қилиб беришганди). Шеригимга эса бирор ювиниш хонасини топиб кийим алмаштириб олишни айтишди. Ўшанда бизга тенг муносабат қилишмаётганини англадим. Бу менга тўғри келмасди."

Бошқа бир сафар унга либосини алмаштириш учун эракалар кийинадиган жой орқалигина ўтиб бориладиган жойни ажратишди.

"Бу мени жуда ноқулай аҳволга солди", дейди Ҳалима.

"Айрим стилистлар ёки айрим одамлар сизнинг йўлингизни ўзгартиришга урингани ҳақида эшитиш мени хафа қилди. Мен буни мода саноатидаги камчилик деб ишонаман", дейди Томми Ҳалимага.

Томми Ҳилфигер мода саноатида кўпроқ турфахиллик ва инклюзивлик бўлиши кераклиги ҳақида мунтазам гапириб келади. 2020 йилда у кейинги уч йилда бунинг учун 15 млн. доллар ажратишга ваъда берди.

У Ҳалимани Париж мода ҳафталигида подиумга чиқишга таклиф қилган биринчи дизайнер бўлганди.

Ҳалима "Sports Illustrated" журналида буркини кийиб суратга тушган илк модел бўлган, ўшанда у Томми Ҳилфигер томонидан яратилган авратни яширадиган чўмилиш кийимини кийганди.

"Эслайман, ўшанда сизга махсус чўмилиш кийими тайёрлагандик", дейди Томми.

Буркинини кийиш "ажойиб тажриба" бўлганди, дейди Ҳалима.

Halima Aden

Сурат манбаси, Getty Images

"Франция каби уни жамоат ҳовузлари ва пляжларда кийишни тақиқлаган давлатлар бор. Ва биз "Sports Illustrated"да бу либосни тақдим қилиб, ўзига хос баёнот бердик. Биз игнани чуқурроқ ботирдик."

Аммо чегараларни бузиш, стереотипларни савол остига олиш осон эмас.

Дилни оғритиш

"Жуда ингичка чизиқ бўйлаб юраётгандек эдим, баъзида мусулмон жамоалардан бўлган одамлар дилини оғритардим", дейди Ҳалима.

"Менга "бу буркини қоматни очиқ кўрсатар экан", деб гапиришарди. Аммо ёш қизлар ҳам менга тез тез ёзарди: "Биз сизни ўзига хос шаклда кўришни истаймиз. Биз сизни рўмолингиз ўзгача шаклларда кўришни истаймиз", дейишарди."

"Бу жуда, жуда ингичка чизиқ эди."

Би-би-си келиб чиқиши турлича бўлган, мода саноатидаги тажрибаларини Томми ва Ҳалима билан бўлишишни истаган бир неча моделлар билан гаплашди.

Halima Aden

Сурат манбаси, Getty Images

22 ёшли муслима модел Рамла Оссоблнинг айтишича, у билан ишлаган айрим одамлар унинг эътиқоди нимани кийишга рухсат беришини тушунишга ҳаракат ҳам қилмаган.

Стилист мендан олди очиқ либос кийишимни сўради ва кейин у билан тортишув бошланди. Чунки уларга бу қадар очиқ кийимларни киймаслигимни айтдим", дейди у.

"Бир сафар сураткаш мендан парк ўртасида кийимимни алмаштириб олишимни сўради, мен шокка тушиб қолдим."

Стилистлар бошига жинси ва бошқа матоларни кийдирган одам сифатида Ҳалимага бу гаплар жуда танишдек туюлди.

"Стилистларнинг модел ҳижобли эканини, олди очиқ кийим кийиш унга жуда ноқулайлигини тан олмаслиги одамни хафа қилади", дейди у.

Ўзгариш вақти

Томми ҳам Рамланинг ҳикоясидан қаттиқ таъсирланди, у ва Ҳалима учраган камситишларга қарши нимадир қилишни исташини айтди.

"Менимча, жуда оширворилган, ҳурматсизлик бу. Мени ҳақиқатда жаҳлимни чиқарди", дейди у.

"Бунақанги эскича ғоялар билан яшайдиган бизнеснинг, бунақа жамоанинг бир қисми бўлиш жуда уятли."

"Мен ўзгаришларга етакчилик қилишни истайман. Ва мен бу ўзгаришлар тепадан бошланишига ишонаман."

Дунё бўйлаб мода брендлари ўзларида турфахилликни оширишга ваъда бермоқда.

Аммо "McKinsey & Company"нинг "Иш жойларида аёллар" номли 2019 йилги тадқиқотига кўра, директорларнинг ҳар тўрттадан учтаси оқ танли эркаклардир.

23 ёшли қора танли модел Кейлин Стэммерс дунё бўйлаб мода саноатида турфахилликни ошириш учун Томми нима қилмоқчилигига қизиқди.

"Очиғи, мен бу қиз муайян сабабларга кўра подиумга чиқа олмайди деб гапирган бизга ишлайдиган кастинг директорлари, стилистлар билан муштлашишгача борганман", дейди Томми.

"Ана эшикда менинг номим ёзилган. Сен менга ишлайсан. Мен нимани истасам ўшани қиламиз, дердим"

Бу йилги мода шоулар ҳар қачонгидан турфароқ бўлди, қатнашчиларнинг 43 фоизи оқ танли бўлмаганлар эди.

2020 йилда халқаро журналлар муқоваларининг қарийб ярмида турфа тоифадаги моделлар акс этди - бу бир йил аввалгига нисбатан 12 фоизга кўпдир.

Halima Aden on the red carpet

Сурат манбаси, Getty Images

Аммо бу каби ўзгаришлар саҳна ортида ҳам айни суръатда кечмаяпти.

Британияда мода дизайни бўйича ишларнинг ҳар ўнтадан биттасида оқ танли бўлмаганлар ишлайди.

Томми ўз бренди "саҳна олдида қанчалик турфахил бўлса, ортида ҳам ўшанча" эканини айтади.

"Мен қуруқ гапирадиган одам бўлиб қолишни истамайман. Биламан, бир ўзим катта ўзгариш қила олмайман. Аммо бутун саноат ўзгаришига умид қиламан. Шунчаки реклама акцияси учунмас, ёки подиум учунмас, балки бутун компанияда бу ўзгаришлар дарёдек оқиши керак."

"Бир биримизга ғамхўр бўлишимизни истайман"

Ҳалима глобал аудиторияга очиқ-сочиқ бўлмаган модани намойиш қилганидан ва ҳижобли қизлар учун намуна бўлганидан фахрланишини айтади.

"Мен моделликка қадам қўйганимда бу менинг жамоамдаги кўплаб қизлар учун йўл очади деб ўйлагандим. Мен журналларда ҳижобли бирор қизни, мен мансуб бўлган бирор тоифани кўрмагандим."

Аммо машҳурликка тез эришган бўлса ҳам, вақт ўтиб Ҳалима мода саноати унинг Ислом динига мос келмаслигини ҳис қилади.

У ҳозир бошқа соҳаларда бирор яхши иш қилишни истайди.

"Мен ҳозир муслималар оз бўлган бирор бошқа соҳани излаяпман. Худди моддада бўлгани каби яна эски андазаларни қандай бузаман, кино саноати, қочқинлар ҳақида болалар учун китоб ёзишда қандай қилиб биринчи бўламан?"

Ҳалима мода саноатидаги турфахиллик ҳақида кўпроқ мулоқот қилишни исташини айтади.

"Аввало бу саноат инклюзив бўлишини истайман. Бир биримизга ғамхўр бўлишимизни истайман, подиумда ҳам, ундан ташқарида ҳам."

"Мода келажаги анча умидли кўринмоқда."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek