Дайжест: Россияда ўзбекистонлик мигрантлар нимадан заҳарланди? Рейдлар тинмаяпти, полиция энди муҳожирларга тинчлик бермайдими? O‘zbekiston, Rossiya, musulmonlar, yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Тольяттида 23 мигрант овқатдан заҳарланди;
- 13 нафар муҳожир касалхонада қолмоқда;
- Кузминки жанжалидан кейин рейдлар кўпайди;
- Юзлаб маъмурий ва жиноий ишлар очилди.
Оммавий заҳарланиш
20 июль куни кечаси Тольяттида муҳожирлар яшайдиган ётоқхоналардан бирида оммавий заҳарланиш қайд этилди. Бу ҳақда Самара вилояти прокуратураси хабар берди.
"Шифокорларга 23 муҳожир ёрдам сўраб мурожаат қилди. Улардан 13 нафари озиқ-овқат заҳарланиши аломатлари билан 5-сонли шаҳар клиник касалхонасига ётқизилган" - дея аниқлаштирди прокуратура вакиллари.
Маълумотларга кўра, муҳожирлар ҳостел ошхонасидаги овқатдан заҳарланишган.
Тупиковой проезд кўчасида жойлашган ётоқхонада Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатлар фуқаролари истиқомат қилишган.
Ошпазларга жиноий иш очилди
Овқатланишдан сўнг 23 нафар мигрантларнинг соғлиги ёмонлашуви ортидан Тольяттидаги ҳостел ошхонаси ходимларига нисбатан жиноий иш очилган.
"Мазкур ҳолат бўйича РФ Жиноят кодексининг 238-моддаси 1-қисми (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) бўйича жиноий иш қўзғатилди"- дея маълум қилди Самара вилоятидаги Тергов бошқармаси.
Шунингдек, текширувларда ётоқхона яшовчи мигрантлар 19 июль куни Тольяттидаги касалхонага боришганида мастлик аломатлари ҳам бўлганлиги билдирилмоқда.
"Айни пайтда шифокорлар заҳарланган мигрантларнинг ҳолатини қониқарли дея баҳолашмоқда" — маълум қилди прокуратура вакиллари.
Бу борада ҳозиргача Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси, консулликлари, Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бирон бир расмий муносабат билдиришмаган.
Кузминкидаги жанжалдан сўнг

Сурат манбаси, official/illyustrativtasvir
Россия ИИВ Москва шаҳар бошқармаси Матбуот хизмати бир ҳафтада қарийб 6,5 мингта миграция қонунбузарликлари аниқланганини маълум қилди.
Хабарга кўра, "Нелегал-2021" профилактика тадбирининг биринчи босқичи 5 дан 12 июлгача бўлган даврда Москва ҳудудида ўтказилган.
"Операциянинг асосий мақсади ноқонуний миграция каналларини ва ноқонуний миграция билан боғлиқ бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларни аниқлаш ва тўхтатишдир" - деб ёзади ИИБ Матбуот хизмати.
ИИВ мазкур тадбирнинг кейинги босқичлари қачон ўтказилиши ҳақида маълумот бермаган. Аммо Москвадаги юристлар пойтахт ва вилоятидаги Марказий осиёлик муҳожирлардан ҳуқуқ ҳимоячиларига ёрдам сўраб мурожаат қилинишлар кўпайиб бораётганини ёзишмоқда.
Жиноий ишлар ҳам очилган

Сурат манбаси, official/illyustrativtasvir
Маълумотда келтирилишича, тезкор-профилактика тадбирлари доирасида пойтахт полицияси томонидан миграция қонунчилигини бузиш бўйича 6499 та факт аниқланган. Барча қоидабузарлар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, текширувлар натижаларига кўра чет эл фуқароларини Россия Федерациясидан маъмурий чиқариб юбориш тўғрисида 27 та қарор қабул қилинди, ноқонуний миграцияни ташкил этиш билан боғлиқ 176 та жиноят иши қўзғатилди, - дея маълум қилади ИИВнинг Москвадаги Бош бошқармаси матбуот хизмати.
Бу тадбирлар ва баёнотлар Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг Кузминки ҳудудидаги оммавий тўқнашуви манзарасида билдирилмоқда.
Москвадаги мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи юристлар рейдлар оқибатида кунига юзлаб мигрантлар полиция маҳкамаларига олиб кетилаётгани ва уларнинг ҳуқуқлари очиқдан очиқ бузилаётгани ҳақида маълум қилишган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













