Туризм деб ўз юртингда ўз халқинг иккинчи даражали одамларга айланса… O'zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Тўлиқ карантин жорий этилган пайтда ҳам, Туркия туризм соҳасига дахл қилмади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тўлиқ карантин жорий этилган пайтда ҳам, Туркия туризм соҳасига дахл қилмади
    • Author, Сарож Патирана
    • Role, Би-би-си Жаҳон хизмати

"Бизга ўз юртимизда иккинчи даражали одамдек муносабатда бўлишмоқда", деб ёзди туркиялик Twitter фойдаланувчиси.

Бу борада у ёлғиз эмас. Туризм вазирлиги чиқарган реклама видеосида Туркия сайёҳлар учун Ковиддан холи юрт сифатида кўрсатилгани сабабли минглаб турклар ўз ғазабларини ижтимоий медиага тўкиб солмоқда.

Вазирлик аккаунтидан ўчирилган ушбу видеода пляжлар ва меҳмонхоналар хизматчилари юзида "Мен эмланганман" деб ёзилган сариқ ниқобда кўринади.

Туркия ҳукумати тескари акс-садо берганидан сўнг реклама видеосини олиб ташлади

Сурат манбаси, Turkish Ministry of Tourism

Сурат тагсўзи, Туркия ҳукумати тескари акс-садо берганидан сўнг реклама видеосини олиб ташлади

Ҳозиргача Туркия аҳолисининг тахминан 14 фоизи эмланган.

Аммо ҳукумат ёзги сайёҳлик мавсуми келмасдан бурун сайёҳлик саноати хизматчиларини тўлиқ эмлаш кампаниясини бошлади. Сайёҳлик Туркия иқтисодида жуда муҳим ўрин тутади.

Кўплаб мамлакатлардан келган сайёҳлардан Туркияга киришда ПЗР тестлари талаб қилинмайди ва мамлакат тўлиқ карантинга ёпилганда, муҳим жойларда ёки туризм соҳасида ишлайдиганлардан ташқари барча Туркия фуқаролари уйига қамалганда, сайёҳлар бемалол мамлакат кезиб юрди.

"Шармандали" деб ёзди бир аёл қулоғига нишон илинган сигирнинг суратини пост қилиб.

Туркияда қулоғига ёрлиқ таққан сигир мемлари ҳам пайдо бўлди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Туркияда қулоғига ёрлиқ таққан сигир мемлари ҳам пайдо бўлди

"Эмланган чорва" меми интернетда кенг тарқалди, одамлар сигирлар суратларини жойлай бошлади.

Туркия яқиндагина Ковид юқтирганлар ва ундан ўлганлар сони кескин кўтарилишини бошдан кечирди, май ойида мамлакат икки ҳафта тўла карантинда яшади.

Одамлар эмлаш жараёнини ҳамма учун тенг суръатда тезлаштиришни истайди.

"1 доллар 8.50 турк лирасига тенг, - деб ёзилади бир Twitter постида, - ва бир сайёҳ минглаб эмланган сайёҳлик хизматчиларига тенг."

"Мен турк сифатида ҳеч қачон бунчалик камситилмаганман", деб ёзди ўз кайфияти ҳақида колумнист Иззат Жапа.

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли одамлар сайёҳ деса фақат хорижликларни тушунади, ваҳоланки, мамлакат меҳмонхоналари ва пляжларига борган Туркия фуқаролари ҳам сайёҳ, дея давлат сиёсатини ҳимоя қилди.

2019 йили, пандемиядан аввал хориждан келган сайёҳлар мамлакат хазинасига 30 миллиард доллардан ортиқ ҳисса қўшган.

Туркия ҳукумати жорий ёз мавсумида соҳиллари туристлар билан гавжум бўлишини хоҳламоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Туркия ҳукумати жорий ёз мавсумида соҳиллари туристлар билан гавжум бўлишини хоҳламоқда

Турк ҳукумати бу йил уларни яна мамлакатга қайтаришни истамоқда.

"Сайёҳлар хориж валютасини олиб келади ва ишсизликка қарши курашга ёрдам беради. Улар Туркияга келмаслигини ва иқтисод касод бўлишини истайсизми?" деб ёзади бир Twitter фойдаланувчи ҳукумат сиёсатини ёқлаб.

Шри Ланкада "саёҳат пуфаги"

Шу каби баҳслар иқтисоди сайёҳликка суяниб қолган бошқа бир давлат Шри Ланкада ҳам авж олган.

2019 йилда сайёҳлик Шри Ланка иқтисодига 8 миллиард доллар келтирган, бу эса мамлакат ЯИМнинг 10 фоизини ташкил қилади.

Пандемияда зўриқиб қолган иқтисодини яна жонлантириш учун расмийлар мамлакат коронавирусга қарши курашиб ётган бир вақтда рус сайёҳларини жалб этишга эътибор қаратган.

Мамлакат аҳолисининг 10 фоиздан сал кўпроғи эмланган, Ковид 19 беморларини даволаш учун сунъий нафас олдириш қурилмалари танқис.

Шри Ланка ўзларида улкан "сайёҳлик зонаси"ни ташкил қилиб, россиялик туристларни жалб қилмоқчи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шри Ланка ўзларида улкан "сайёҳлик зонаси"ни ташкил қилиб, россиялик туристларни жалб қилмоқчи

Шри ланкаликлар Ковид чекловлари билан яшаётган бир вақтда, хорижликларнинг бемалол юришлари айрим одамларга ёқмаяпти.

Шу йил бошларида Аруна Абейгунаварден Германияда жарроҳлик амалиётини ўтказиб қайтганда, ҳукумат ажратган меҳмонхонада икки ҳафта қаттиқ карантинда сақланди.

"Мен меҳмонхонанинг эшигигача бора олар эдим, холос", дейди у Би-би-сига.

"Мен қамалиб ўтирганимда Шри Ланка соҳилларида сайёҳлар кезиб юрарди."

Меҳмонхонадаги телевизорда каналларни ўтказиб кўрар экан, Аруна бир гуруҳ сайёҳлар тропик денгизда сузаётганини ва қуролланган қўриқчилар уларга қараб тураганини кўрганини айтади.

Улар ҳукумат ташаббуси билан Шри Ланкага яқиндагина келган бир гуруҳ украинлар эди. Бу русларни келтиришдан аввлги босқич бўлган эди.

Шри Ланка фуқаролари четдан келиб, узоқ муддат қаттиқ карантинда сақланаётган бир вақтда хорижликларга бир неча кунлик карантиндан сўнг бемалол юришга рухсат бериш "саёҳат пуфаги" деб аталди.

"Бу худди шри ланкаликларга иккинчи даражали одамдек муносабат қилишга ўхшайди, - дейди Аруна. - Ҳатто онасининг жанозасига қатнашишга изн берилмаган одамларни биламан, аммо сайёҳлар хотиржам айланиб юрибди."

Украинларнинг Шри Ланкага президент Готабҳая Ражапаксанинг қариндоши олиб келгани танқидларни янада кучайтирди.

Украинага Шри-ланкалик туристларнинг келиши танқидларга сабаб бўлди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Украинага Шри-ланкалик туристларнинг келиши танқидларга сабаб бўлди

Минглаб маҳаллий аҳоли карантин қоидаларини бузгани учун қамоққа олинаётган бир вақтда ижтимоий медиада ғазабнок изоҳлар қолдирилмоқда.

Мухолиф сиёсатчи Васанта Самарасинге ўзига ҳиёнат қилингандек ҳис қилмоқда.

"Сайёҳлар диққатга сазовор жойларни кўра олиши учун барча шри ланкаликлар ўз ўзини карантин қилишини истайсизми? - деб сўрайди у.

Президентнинг украинларни олиб келган жияни Удаянга Виратунга Facebook да сайёҳларнинг аҳамиятини тушунмайдиган одамлардан хафсаласи пир бўлгани ҳақида ёзди.

Ҳозирга қадар Шри-Ланкада 1000 дан ортиқ одам Ковиддан вафот этган ва ҳар куни 2000 дан зиёд янги ҳолатлар аниқланмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳозирга қадар Шри-Ланкада 1000 дан ортиқ одам Ковиддан вафот этган ва ҳар куни 2000 дан зиёд янги ҳолатлар аниқланмоқда

"Ҳозирги пайтда мамлакатга сайёҳларни жалб қилиш қанчалик мушкуллигини улар тушунмайди", деб ёзди у.

Мақолага Эмре Азизлерли ҳам ҳисса қўшган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek