Қайси ҳукумат кўп эрлилик масаласини кўриб чиқмоқда? Dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Жанубий Африка ҳукумати "Оила тўғрисида"ги қонунни ислоҳ этмоқчи ва аёлларга ҳам кўп эрли бўлиш имкониятини бермоқчи.
Ғоя ташаббускорларига кўра, амалдаги қонун-қоидалар ва қарашлар барчани тенг кўрмайди.
Яъни эркакларнинг бир неча аёлга уйланишини жамият қабул қилади.
Аммо аёлларда айни имконият ёки ҳуқуқ йўқ.
Аксарият эркаклар эса, янги таклифдан норози. Ғазабга келган эркаклар орасида сиёсатчилар ҳам бор.
Агар, бу иш амалга ошса, Жанубий Африка кўп эрлиликни расман қонунийлаштирган биринчи Африка давлати бўлади.
Кўпхотинлилик Африканинг аксарият ҳудудларида нормал ҳолат саналади.
Эркаклар биттадан ошиқ хотинга бемалол уйланишлари мумкин.
Улар бунга ҳатто руҳлантирилади.
Дейлик, ҳатто, Жанубий Африка собиқ президенти Жейкоб Зуманинг ҳам бир эмас, бирваракайига бешта хотини бўлган.
Зулу маданиятида кўпхотинлиликка рухсат бор.
Аммо хотин-қизлар учун бундай эмас.
Уларнинг фақат битта эркак билан турмуш қуришлари шарт, деб кўрилади.
Аммо Жанубий Африкада энди аёлларга кўп эрлиликка рухсат берилиши мумкин.
Мамлакат сиёсатчилари "Оила тўғрисида"ги қонунни ислоҳ этишмоқчи.
Агар, бу иш амалга ошса, Жанубий африкалик аёллар ҳам ўзлари истаган мартагача эрли бўлишлари мумкин бўлади.
Polyandry ёки кўп эрлилик ўта камёб воқеълик саналади.
Ҳозир дунёнинг фақат у ёки бу еридагина учрайди, холос.
Африканинг ўзида эса, бундай ҳолат умуман йўқ.
Жанубий Африка нега бундай қилмоқчи?

Сурат манбаси, PA
Бунга мамлакат аҳолиси нима дейди?
Ислоҳотлар истагидаги айрим сиёсатчиларга кўра, амалдаги қонун барчани бир кўзда кўрмайди. Ҳаммага бирдек адолатли эмас.
Агар, тузатилса, Жанубий африкада расман тан олинган дин вакилларининг қоришиқ никоҳга киришлари ҳам мумкин бўлади.
Аммо бу ҳозирча фақат гап, амалий ишга ҳалича ўтилмаган.
Мамлакатдаги айрим сиёсатчилар илгари сураётган таклифлар ҳалича оммавий муҳокамадан ўтмаган.
Лекин шу янгиликнинг ўзиёқ ижтимоий тармоқларни ларзага солган, қизғин баҳсу мунозарларга сабаб бўлган.
Акс-садолар

Сурат манбаси, Getty Images
Айримлар фаолларни гендер тенгликни нотўғри талқин қилаётганликда айблашган.
Эркакларнинг энг кўп эътирозига сабаб бўлаётган жиҳати эса, масаланинг интим жиҳати бўлган.
Кўп эрлиликнинг Африка маданиятига зид ҳеч бир жиҳати йўқлиги, аксинча, жамиятдаги эркаклар устунлигига барҳам беришига оид фикрда собит бўлганлар ҳам кўрилган.
Мавзу мамлакатдаги диний гуруҳларни ҳам беэътибор қолдирмаган.
Улар бунга ўхшаш сиёсат илоҳий қонун-қоидаларни масхара қилиш эканини айтишган.
Мавзуни яқиндан ўрганган айрим маҳаллий журналистларга кўра, кўзда тутилаётган бу таклиф умр йўлдоши масаласида аёлларга кўпроқ танлов имкониятини бергани учун ҳам жуда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Жамиятдаги аёл ва эркакнинг ўрнига оид анъанавий қарашларни чилчарчин қилади, деган хавотирларни ҳам пайдо қилган.
Худди шу жиҳатлари билан янги таклиф Жанубий Африкадаги кўпчилик эркакларга ёқмаган.
Мамлакатдаги айрим етакчи сиёсатчилар бунинг сабабини эркаклар ўз хотинларини бошқа билан бўлишишни истамасликлари билан изоҳлашган.
Уларга кўра, кўпхотинлилик ва кўп эрлилик орасидаги фарқ шундаки, улардан бири жамият томонидан қабул қилинган, бошқаси эса, йўқ.
"Бир халқнинг узоқ асрлик маданиятини ўзгартиришдан эҳтиёт бўлган маъқул, бу - ёмон ғоя".
Жанубий африкалик бир нечта йўлдошли айрим аёлларга кўра эса, айни ўринда маданий ўзига хосликлари барибир муҳим аҳамият касб этиб қолаверади.
Мамлакатдаги аксарият аёллар қонун рухсат берган тақдирда ҳам, кўп эр қилишга боришмайди.
Уларнинг айтишларича, бунга ўхшаш бир қонун кўп никоҳга киришларига йўл очиш билан бир неча йўлдошли аёлларгагина қўл келиши мумкин.
Би-би-си суҳбатлашган айрим маҳаллий журналистлар наздларида эса, мамлакат масъуллари томонидан амалдаги қонуннинг "камситувчи" эканининг эътироф этилишининг ўзиёқ ғурур туйишга арзийдиган бир ҳолат.
Уларга кўра, нима бўлган тақдирда ҳам, "бунга ўхшаш муҳокамаларнинг ҳануз патриархал, аёлларга қарши маиший зўравонлик ҳоллари кундалик тус олган бир жамиятда бўй кўрсатиши, давлат идоралари томонидан аёллар ҳуқуқлари масаласининг олдинги планга олиб чиқилиши, эътироф этилиши келажак ҳақида некбин бўлишларига асос беради".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













