Дунёнинг ишлари: Севги дардига тиббиёт даво топа оладими - dunyo ilm-fan yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Ребекка Торн
- Role, Би-би-си Жаҳон хизмати
Совчилик хизматларининг даъво қилишларича, ишқ-муҳаббат масаласида гап кетганда, энг тўғри қарорни инсоннинг ДНКси беради. Айнан ДНК тести орқали кўнглингизда ёр ёки энг муносиб жуфтингизни топишингиз мумкин бўлади. Уларнинг бу даъвоси қанчалик ҳақиқатга яқин?
Икки бир-бирига бегона одам пробиркага тупурмоқда - анъанавий севги ҳикоялари бундай бошланмайди, албатта.
Аммо Чейко Матсуи сўлакдан олинган намуна орқали саволига жавоб олмоқчи. У ўзига энг муносиб жуфтни топган ва унга турмушга чиқишга тайёр эди.
Бўйдоқларга ДНК орқали муносиб жуфт топиб бериш ғояси "Netflix"нинг янги сериали "The One and AMC's Soulmates"нинг асосий мавзуси бўлди.
ДНК орқали жуфт топиш сценаристларнинг футуристик ихтироси бўлмай, реал ҳаётда аллақачон татбиқ қилинмоқда.
Турли веб сайтлар Чейко каби сўққабошларга ўз жуфтини кимёвий асосда тезроқ топишни таклиф қилмоқда.
Аллақачон жуфт бўлиб яшаётганларга эса ўзларининг "генетик жиҳатдан мослиги"ни текшириш имкони берилмоқда.
Биз ДНК анализи орқали севгисини топишга ҳаракат қилаётганлар билан фан қалб масалаларида қандай роль ўйнаши мумкинлиги ҳақида суҳбатлашдик.
"Ҳаётимни ўзгартирди"

Сурат манбаси, Cheiko Mitsui
Чейко Митсуи ДНК орқали жуфт топиш ҳақида билганида қарийб 10 йилдан бери ўз севгисини излаётган эди.
Япониянинг Хоккайдо оролидаги Ҳакодате шаҳридан 45 ёшли Чейко 35 ёшида эри билан ажрашган ва ўзини омадсиз ҳисоблашни бошлаган.
"Мен дўстларим орқали турли зиёфатларда айрим одамлар билан танишдим, бошқа бир никоҳ агентлигига ҳам ёзилдим, аммо муносиб одамни топа олмадим", дейди у.
Митсуи хонимни 20 йиллик каръераси давомида 700 жуфтни топиштирган "Cheiko Date" совчилик хизмати билан таништиришди.
2014 йили у Швейцарияда жойлашган "GenePartner" компаниясида ишлай бошлади. Компания ўзининг генетик таҳлиллари жуфт топувчиларга роса қўл келишини даъво қилади.
"Икки жиҳат жуда муҳим. Бири биологик жиҳатдан мос келиш, биз кимё деймиз буни", дейди доктор Тамара Браун, генетик ва "GenePartner"нинг асосчиларидан бири. "Бошқаси ижтимоий жиҳатдан мослик. Муносабатлар муваффақиятли чиқиши учун ҳар икки жиҳат мувофиқ бўлиши керак."
Керакли хулосаларни олиш учун совчилик хизматлари мижозлари сўлагидан намуна олинади, сўнг уларнинг инсон лейкоцит антигени (ИЛА) генлари текширилади.
"ИЛА иммун тизими учун айниқса муҳим ген ҳисобланади, - дейди доктор Браун. - Одамда ИЛАнинг кўпроқ турфа хил бўлиши иммунитет яхшироқлигини билдиради."
"Эркак ва урғочи сутэмизувчилар бу ИЛАларни ажрата олади, чунки жуфтлардан туғилажак боланинг касалликларга чидамлилиги шунга боғлиқ. Бу оддий жараён, аммо турнинг яшаб кетиши учун хизмат қилади."
"GenePartner"нинг ушбу даъвоси швейцариялик олим доктор Клаус Ведекинд 1995 йили ўтказган "тер ҳиди урган футболкалар тажрибаси"га асосланади.
Бунда қиз талабалардан турли эркаклар кетма-кет икки кун кийган футболкаларнинг ҳидини баҳолаш сўралади.
Натижалар кўрсатдики, қизлар ўзлариникидан фарқли ИЛА генига эга бўлган эркакларнинг ҳидини афзал кўрган.
Доктор Брауннинг айтишича, "GenePartner" бу назарияни 250 никоҳдаги жуфтларда текшириб кўрган ва натижа аввалги хулосаларни тасдиқлаган.
"Агар ким биландир учрашаётган бўлсангиз, бу ташқи кўринишдан эмас, бу бошқа нарсадан. Агар ўша одам сизга чиндан жуда ёқса, аммо нима учунлигини англамаётган бўлсангиз, сиз аслида ИЛАни ҳис қиляпсиз."
"Бу жуда инстинктив, жуда фундаментал, буни доим, ҳамма амалга оширади. Ҳатто одам бола кўришни истамаганда ҳам, у инстинкт бўлаверади."

Сурат манбаси, Cheiko Mitsui
Чейко Митсуининг айтишича, ДНК анализи унга ўзининг узоқ муддатли жуфтини танлашида "хотиржамлик" беради.
2018 йил сентябрида у муштарак қизиқиш ва қадриятлари асосида 45 ёшли Томоҳитони топди. Бир ой учрашиб юргач, улар ДНКларини текширишга қарор қилишди.
"Умумий натижа 100 фоиз эмасди, аммо деярли мукаммал эди, - дейди Митсуи хоним. - Мен яхши натижа чиқишини кутган эдим, аммо у кутганимдан яхшироқ чиқди. Жуда бахтлиман."
Икки ҳафта ўтиб, улар бир тўхтамга келдилар. "Кайфиятимиз баланд эди, ДНК таҳлили яхши чиқди ва биз оила қуришга қарор қилдик", дейди Митсуи.
2019 йил сентябрда - учрашганларидан бир йил ўтиб, жуфтлар аҳд қилдилар. Митсуи хоним генетик натижалар боис, ўзини "хотиржам ва хавфсиз" ҳис этаётганини айтади.
"ДНК таҳлилисиз у билан турмуш қурармидим ёки йўқ, билмайман, - дейди у. - Балки қурардим. Аммо тест натижаси мени бунга аниқ ундади. Шу маънода у ҳаётимни ўзгартирди".

Сурат манбаси, Cheiko Mitsui
Аммо Бразилиядаги Сан Паулу университетида генетик доктор Диого Мейер бу масалада "фанда аниқ хулоса" йўқлигини айтади.
"Жуфтларнинг мос келиш ёки мос келмаслиги генетик жиҳатдан ҳал бўлиши бироз бўрттирилган", дейди у.
"Менимча, моҳиятан бу жуда баҳсли масала. Айрим тадқиқотлар ИЛАнинг фарқли бўлиши сабабли жуфтлар бир-бирини ёқтиришини кўрсатган. Аммо бундан кўпроқ сондаги тадқиқотларда бу омил роль ўйнаши тасдиқланмаган."
Унинг айтишича, жуфтни топиш мақсадида бу назарияни қўллашнинг "танга ташлашдан катта фарқи йўқ", чунки таъсир шу қадар "кичикки, шунчаки тасодифга яқин бўлиб қолади".

Сурат манбаси, Getty Images
Эҳтимоли пастлигига қарамай, Эми - унинг исми ўзгартирилди - бу ўйин иш беришига умид қилади.
Япониядан, 32 ёшли насроний бу аёл ДНК ёрдамида жуфт топиш "менинг қолган умримни бирга ўтказиш учун" муносиб кимнидир топишимга ёрдам беради дейди.
Ўтган йили "Cheiko Date"нинг ДНК анализи хизматига ёзилганидан буён, Эми икки эркак билан учрашди. Унинг айтишича, бу усул амалда ишлаши аниқ.
"Мен илк икки йигит билан учрашганимда улар жуда ёқимтой экани, ўқимишлилиги, олижаноблигини ҳис қилдим. Аммо қизиқ томони шундаки, улар яхши одамлигини айта олсам-да, бир нарса етишмаётган эди, аммо нималигини билмасдим, нима етишмаётганини айтиб бера олмасдим."
"ДНК таҳлилларига қараганимизда, ҳар иккила йигит ҳам дўстлик мақомига тўғри келар экан. Шунинг учун ҳам улар билан мулоқот қилиш менга ёқса ҳам, қўшимча нимадир етишмаётган эди. Бу мен учун қизиқ натижа бўлди."
Тезроқ қарор қилиш
"Дўстлик асосидаги яқинлик" ва "жинсий асосдаги яқинлик" масаласи доктор Браун жамоаси ўтказган тадқиқотнинг бир қисми эди.
"Баъзи одамлар учун эҳтиросли муносабатлар муҳим эмас, улар шунчаки ким биландир бўлишни истайди - дўст ва таянч сифатида."
"Бу ҳолатда оила аъзосидек ҳис қилинадиган ким биландир, айниқса, ёши каттароқ ва фарзанд кўриш нияти бўлмаганларни топиштириш яхши. Совчилик хизматлари учун мижозлар нимани хоҳлаётгани, улар ўртасида жинсий яқинлик ҳисси қанчалик эканини билиш муҳим ҳисобланади."
"Cheiko Date" айтишича, ДНК таҳлили хизматидан фойдаланувчилар асосан яхши таълим кўрган ёки яхши жойда ишловчилардир. Унинг фикрича, уларда кимнидир излаш учун вақт етарли эмас.
"Одамлар тезроқ қарор қабул қилиб, ДНК тахлилидан сўнг жуфти масаласида ўзини хотиржам ҳис қилса, мен уларга шундай ҳиссиёт бера олаётганимдан хурсанд бўламан"
"Муносабатлар узилиб кетиши ҳам мумкин"

Сурат манбаси, Alison M jones photography
Квинслендлик (Австралия) Мелисса ўзларининг мосликларини ДНК тести орқали текширтиришга қарор қилганларида йигити билан "оғир кунлар"ни бошдан кечираётган эди.
У "DNA Romance" номли веб сайтдан фойдаланди. Сайт "инсонларнинг ўзаро бир-бирига интилишида роль ўйнайдиган ДНК маркерларини текшириб, улар ўртасидаги романтик кимёни башорат қилиш"ни ваъда қилар эди.
Мелисса ўтмишда "жуда кўп йигитлар билан муносабатда бўлганман ва бирорта муносабат муваффақиятли бўлмаган. Кўп вақтим зое кетган", дейди.
2017 йили у Мез билан Каннда биринчи марта учрашади.
"Мен у билан аэропортда учрашдим. Бу биринчи марта кўришишимиз эди, - дейди Мелисса. - Бу жуда муҳим эди ва мен жуда асабийлашаётган эдим, аммо ҳаммаси жойида бўлди."

Сурат манбаси, DNA Romance
Аммо, Мелиссанинг айтишича, уларнинг муносабатидаги биринчи йил силлиқ ўтмаган ва жуфтлар қисқа муддатга ажрашган. Улар яна қайта муносабат бошлаганларида у Мезни генетик мувофиқлик тестини топширишга кўндиради.
"Биз ҳали жуда яқинлашиб кетмаган эдик. Шунинг учун мен тест топшириш иккимиз учун ҳам яхши бўлар деб ўйладим, - дейди Мелисса. - Аввалига унга бу ғоя ёқмади. Аммо кейин рози бўлди."
"DNA Romance" таҳлилига кўра, тест натижаси уларнинг 98 фоиз мослигини кўрсатган. Компания айтишича, гистомувофиқлик комплексидаги 100 ДНК маркери (бошқа номи ИЛА гени) текширилади ва алгоритм "генлари бир-бириникига ўхшамайдиган одамларнинг мувофиқлик даражасини юқори кўрсатади".
"Бу жуда зўр. Буни билиш жуда ёқимли ва мен яна бир марта текширтириб кўрдим, - дейди Мелисса. - Буниси ҳам аввалги натижани тасдиқлади."

Сурат манбаси, Alison M Jones photography
Германиядаги Макс Планк номидаги Инсоният тарихи институтидан генетик олим Родриго Баркернинг айтишича, жуфт танлашда ИЛА генлари таъсири бўлишига далиллар бор бўлса ҳам, аммо бу "муносабат қанчалик муваффақиятли бўлишини башорат қилиш учун етарли эмас."
"Генлар учун жуфтлашиш ва авлод қолдириш жуда муҳим", дейди олим.
"Бу генларни бошқа нарса қизиқтирмайди. Аммо инсонларнинг ўзаро муносабати фарзанд кўришдан кўра анча мураккаб."
Шунга қарамай, Мелисса тест уларга "ишонч" берганини ва улар турмуш қуриб, биринчи фарзандларини кутишаётганини айтади.
"Менимча, бу жуда қизиқ ва илмий. Унга ишонаман. Айрим одамлар ишонмаслиги, аҳмоқона ғоя деб ўйлаши мумкин, аммо мен учун ундай эмас."
Аммо у жуфтлар бу йўл билан таваккал қилишини тан олади.
"Тест бошқача натижа кўрсатганда воқеалар бошқа ўзандан ривожлана бошлаган бўлар эди, - дейди у. - Эҳтимол, муносабатлари барҳам топиши мумкин эди".

Сурат манбаси, Melissa
Сиенна ва Родриго Менесес айтишича, аввал бошда ДНК орқали жуфт топиш ғояси янги турмуш қурганлар учун кераксиздек туюлган.
Шунга қарамай, ўзларини бир-бирига муносиб ҳисобловчи бу жуфтлик "шунчаки қизиқишдан" уни синаб кўрмоқчи бўлишди. Тест натижаси уларнинг ўзаро мослигини 90 фоиз деб чиқарди.

Сурат манбаси, Sienna Meneses
"Веб сайт биз табиий ҳис қилган нарсани илмий исботлай олишидан жуда ҳайратга тушдик. Аммо натижалар хавотирни кетказди, бизнинг ўзаро боғлиқлигимиз қанчалик чуқур эканини кўрсатди."
Доктор Мейер учун генетиканинг совчилик хизматларига кириб бориши "фан қандай тушунилиши ва сотилишини кўрсатади".
"Менимча, фанда ғоя категорик фактдек тақдим қилинади, чунки унда статистик тест бор, ДНК таҳлили бор, молекуляр тест бор, одамлар уни ҳақиқатга яқинроқ, бошқа маълумотлардан кўра ишончлироқ ҳисоблайди."
"Менимча бу фан имкониятини керагидан ортиқ баҳолашдир."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













