Валентин куни яна ўзбек матбуоти ҳужуми остида

Валентин куни 2012 йилда Ўзбекистон Таълим вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази томонидан ман этилганди

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Валентин куни 2012 йилда Ўзбекистон Таълим вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази томонидан ман этилганди

Севишганлар куни, ёки жаҳон бўйлаб Авлиё Валентин куни дея нишонланадиган байрам Ўзбекистонда бир неча йил аввал тақиқланганига қарамай, ўзбек матбуотида унга қарши ҳужумлар тўхтамаган.

Валентин куни 2012 йилда Ўзбекистон Таълим вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази томонидан ман этилганди. Марказ ўзининг ички буйруғи билан ўзбек маданиятига ёт байрамлардан кўра, Бобурнинг таваллуд айёмини нишонлашни буюрган.

Бир неча йиллардан бери севишганлар учун 14 февралда махсус концерт бериб келадиган Райҳоннинг анъанавий шоусининг илдизига ҳам шу билан болға урилганди.

Аммо, тақиқловга қарамай, ўзбекистонлик севишганлар бир-бирига открытка, шоколад ва гул беришни давом эттирар эканлар, Ўзбекистонда нашр этилувчи сайтлар бу кунни фаҳш ва разолатга тенглаб мақолалар чоп қилишмоқда.

"Қайд этилишича, Авлиё Валентин кунининг тарихи маъжусийларнинг ҳаёт тарзига, фаҳш, бузуқлик ва итоатсизликка бориб тақалади ва бу санани ислом дини ҳам, христианлик ҳам қоралайди", - деб ёзади Даракчи.

"Муҳаббат аталмиш покиза, илоҳий туйғунинг аллақандай сохта байрамлару бачкана "урф-одатлар" билан ўлчаниши унинг қадр-қимматини тушириб юбормаяптими?" дея фикр юритишга ундайди у.

Аммо, севишганлар байрамини ёқтирмайдиган даракчи сайтида "Муҳаббатини учратган одамга уни севиб қолиш учун 0.12 сония ҳам етарли экан..." деган бошқа мақолани, ёки "Мен эртага уйланяпман. - Муҳаббат сабабми? Унинг отасининг айтишича: «Ҳамма сабабларга кўра»" каби ҳазил-мутойибани ўқиш мумкин.

Кун.уз сайтида чоп қилинган Дармон Ибрагимов қаламига мансуб мақола эса Валентин кунига нисбатан нафратга тўла.

"Аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ичкиликбозлик, ахлоқий бузуқликни тарғиб қилиш, абортлар, гиёҳвандлик, ниқобланмаган ёвузлик - мана шулар «Севишганлар куни»нинг асл моҳиятини очиб берувчи хатарлардир. Маълумотларга қараганда, замонавий инсонга керак бўлган энг муҳим нарса «жинсий яқинлик эркинлиги» эканлиги онгларга сингдирилиши оқибатида сўнгги юз йил ичида гинекологларнинг кабинетларида абортлар натижасида урушлардагидан кўра кўпроқ жонлар қурбон бўлган.", - деб ёзади у.

Мақолада "фаҳш ботқоғига ботган Рим империяси"дан тортиб "ҳар хил изҳорлар битилган" открыткаларни чиқарувчи полиграфия саноати ҳам Ибрагимов қалами қаҳрига учраган.

"Ўзига юксак талаб қўя олмаслик, руҳан тушкунлик ва ҳафсаласизлик, маънавий қашшоқлик, лоқайдлик ва бефарқлик жамиятнинг пойдеворига зарар етказувчи хатарларнинг, «Севишганлар куни»га ўхшаган разолат байрамларининг илдиз отишига замин ҳозирлайди. Шу боис, огоҳ бўлинг, азиз юртдошлар!" дея хитоб қилади муаллиф ўз хулосасида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг