Хитойдаги уйғурлар шунчалар "бахтли"ми? Video Xitoy uyg‘urlar musulmonlar dunyo yangiliklar

Уйғурлар

Сурат манбаси, CCTV/VIDEOGRAB

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Хитой Марказий телевидениеси яқинда "Тоғлар ортида: Шинжонда ҳаёт" номли 80 дақиқалик янги ҳужжатли фильмни тақдим қилди. Фильмда гапирган қаҳрамонларнинг барчаси яна ҳаётидан мамнун эканлиги, иш ва имконият яратиб бергани учун Хитой ҳукуматидан миннатдор эканлигини айтишди.

Хитой Шинжондаги уйғур ва бошқа этник озчиликлар махсус лагерларда зулмга учраётганини ва мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганини рад қилади. Аксинча, улар бахтли ҳаёт кечираётганини тасвирлар орқали бот-бот кўрсатишга ҳаракат қилади.

Яқинда давлатга қарашли Хитой Марказий телевидениеси "Тоғлар ортида: Шинжонда ҳаёт" номли 80 дақиқалик яна бир ҳужжатли фильмни тақдим қилди.

Унда минтақада яшовчи 24 шахснинг ҳикоялари ўрин олган.

Фильмда гапирган қаҳрамонларнинг барчаси ҳаётидан мамнун эканлиги, иш ва имконият яратиб бергани учун Хитой ҳукуматидан миннатдор эканлигини айтади.

Cобиқ фермер Зулайҳон Эйса 32 соат йўл юриб, юзлаб чақирим узоқликдаги бошқа шаҳарга ишга бориб келаётганидан бахтли эканлигини айтади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Қизига иш топиб берганлиги учун онаси камера қаршисида кўз ёшларини тўхтата олмайди.

Қиз боланинг ишлашига қарши бўлган онаси фикрини ўзгартирганини ва энди бундан хурсандлигини айтади.

Фильмда, шунингдек, Шинжондан олисдаги Ченгду шаҳрида уйғур таомларини пишириб сотаётган эр-хотин ҳикояси ҳам берилади.

Репортажда қаҳрамонлар томонидан уйғур калимаси ишлатилмайди.

Таомларни эса Шинжон миллий таомлари, деб тақдим қилишади.

Уйғурлар

Сурат манбаси, CCTV/videograb

Хитой ҳукумати ҳатто махсус лагерларда сақланаётган мусулмонларнинг бахтли ҳаёт кечираётгани ва тақдиридан мамнун эканлигини бундан олдин ҳам кўрсатишга ҳаракат қилган.

Бироқ ҳуқуқ фаоллари, гувоҳлар ва халқаро ташкилотлар Хитойда уйғурларга қарши зулм бўлаётганини таъкидлашади.

АҚШ ҳукумати, Канада ҳамда Нидерландия парламенти Хитойда уйғурларга нисбатан геноцид бўлаётганини айтиб чиқди.

Яқинда Ғарб давлатлари мусулмон уйғурлар боис Хитойни жазолашга қарор қилишди.

Европа Иттифоқи, Буюк Британия, АҚШ ва Канада бир тўхтамга келишди.

Биргаликда хитойлик бир қанча мулозимларга қарши санкция жорий этишди.

Расмий санкцияларнинг асосан мусулмон уйғурлари ҳуқуқларининг топталишига жавобан қўлланганини айтишди.

Shinjon

Сурат манбаси, Reuters

Хитой Шинжонда барпо этган лагерлар тармоғида аксарияти уйғурлардан иборат бир миллионга яқин мусулмонни сақлаб тургани ишонилади.

Халқаро ташкилотлар Хитойни уйғур аёлларини бичиш ва болаларни ўз оилаларидан ажратишда айблаб келади.

Би-би-си суриштируви уйғурларнинг мажбуран пахта далаларида меҳнат қилдирилаётганига далолат қилган.

Суриштирувлар муттасил жинсий зўравонлик ва қийноқларга оид айбловларни юзага чиқарган.

Хитой ҳукумати Шинжонда уйғурларга қарши геноцид айбловларини кескин рад қилади.

Хитой экстремизмга мойиллиги бор диний озчиликлар қайта тарбиялаш лагерларида тарбияланаётганини айтади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek