Европа Иттифоқида уйғурлар Хитойда “геноцид”га учраётгани айтилди, Хитой уни “аср ёлғони” демоқда, video, Xitoy, musulmonlar, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Нидерландия парламенти Хитойдаги уйғур мусулмонларга бўлаётган муносабатни геноцидга тенглаштирувчи резолюция қабул қилди. Хитой ушбу айбловларни аср ёлғони, дея рад қилди.
Нидерландия бу каби ҳужжатни қабул қилган Европа давлатлари ичидаги энг биринчи давлат бўлди. Олдинроқ Канада ва АҚШ Хитой ҳукуматини уйғурларни геноцид қилишда айблаб чиққан эди.
Reuters хабар агентлигининг маълум қилишича, парламент томонидан 25 февраль куни қабул қилинган ҳужжат Нидерландия ҳукуматига бирор бир мажбурият юкламайди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Хитойда уйғур озчилигига нисбатан геноцид содир бўлмоқда", дейилади ҳужжатда.
Reutersнинг ёзишича, унда бунга Хитой ҳукумати жавобгар, деб аниқ ёзилмаган.
Хитой ҳукумати яна бир бор уйғурларга нисбатан геноцид уюштираётганини рад қилди ва Нидерландия парламентини Хитой ички ишларига аралашишда айблади.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ванг Венбин Нидерландия парламенти қабул қилган баёнотни кескин қоралаган.
"Нидерландия парламенти қабул қилган ҳужжат фактлар ва юридик мантиққа зид, Хитойни атайлаб қоралайди ва Хитой ички ишларига қўпол равишда аралашади. Хитой уни кескин қоралайди ва қатъий қарши чиқади. Фактлар Шинжонда ҳеч қачон "геноцид" бўлмаганини кўрсатмоқда. Бу Хитойга қарши радикал кучлар томонидан тўқиб чиқарилган аср ёлғонидир ва Хитойга қора чаплаш учун ўнғайсиз масхарабозликдир", деган у.

Сурат манбаси, AFP
Фаоллар ва БМТ инсон ҳуқуқлари экспертлари Шинжонда камида бир миллион уйғур жамлоқларга қамалганини айтади.
Февраль ойининг бошида Британияда эълон қилинган расмий юридик хулосада Хитой ҳукуматининг уйғур халқига қарши геноцид жиноятини амалга ошираётганини тасдиқловчи "жуда ишончли далиллар" мавжудлиги айтилганди.
Булар сирасига қамоқдаги уйғурларга қасддан зарар етказиш, аёлларнинг туғиши олдини олишга қаратилган чоралар - бичиб қўйиш, аборт ва уйғур болаларни уларнинг оиласи ва жамоасидан мажбуран тортиб олиш киради.

Сурат манбаси, Getty Images
Шунингдек, унда таъкидланишича, Хитой Президенти Си Цзиньпин инсониятга қарши бу жиноятларга шахсан жавобгарлигини тасдиқловчи ишончли далиллар мавжуд.
"Биз ўрганиб чиққан далилларга таяниб, шундай хулоса чиқарамиз: Хитой ҳукуматининг Шинжон уйғур мухтор минтақасида яшовчи уйғур халқига қарши амалга ошираётган ишларини инсониятга қарши жиноят ва геноцид деб квалификация қилиш учун ўта ишончли далиллар мавжуд", дейилади хулосада.
Ушбу юридик хулоса Британиянинг Қиролича маслаҳатчисига (QC) - ушбу соҳа бўйича экспертга тегишли бўлиб, у далилларни текширади ва хулоса беради. Унинг хулосаси суд қароридек юридик мақомга эга бўлиб, юридик жиҳатдан иш қўзғаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Ушбу ҳужжат эълон қилинганидан бироз ўтиб, 22 февраль куни Канада парламенти Хитойнинг Уйғурларга муносабатини "геноцид" деб эълон қилди.

Сурат манбаси, REUTERS/EPA
Январь ойида ўз ваколатини топшираётган Трамп маъмурияти Хитойни "уйғурларга нисбатан геноцид содир қилганлик"да айблаган ва буни АҚШнинг президент Жо Байден бошчилигидаги янги маъмурияти ҳам маъқуллаганди.
Би-би-си қўлга киритган маълумотларга кўра, Хитойнинг уйғурлар учун ташкил қилган "қайта тарбиялаш" лагеридаги аёллар тизимли тарзда жинсий зўрланиб, таҳқирланиб, қийноққа тутиб келинади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













