Ливия: Қаддофий ағдарилганидан 10 йил ўтди - нима ўзгарди? Уруш ва тинчлик, video, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Бу ой Ливияни 1969 йилдан бериб бошқариб келган полковник Муаммар Ал-Қаддофийга қарши қўзғолон кўтарилганига 10 йил бўлади. Бу Ливия учун муҳим сана. Орадан шунча йил ўтаркан, Ливияда ҳамон бўлинишлар ҳукмрон. Шундай бўлса-да, одамлар ярашув кунлари тезроқ келишидан умид қилмоқда.
Февраль ойи, шунингдек, 2011 йили ҳамкасблари билан бирга ҳибсга олинган Би-би-си мухбири Ферас Килани учун қайғули сана.
Килани қўзғолонга 10 йиллиги муносабати билан лавҳа тайёрлаган:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Муаммар Қаддофий кучлари томонидан ўлдирилган маҳбусларнинг устухонлари ҳамон очиқ жойда ётибди.
Улар тузумга қарши чиқишганди. 50 киши отилган, жасадлари эса ёқиб юборилган.
Худди шундай тақдирдан мен зўрға қутилиб қолганман. Би-би-сидаги икки ҳамкасбим билан бирга мени ҳам шу жойга ташлашганди.
Бизни ҳарбий базадаги махфий қамоқхонада ушлаб туришди. Уни Қаддофийнинг ўғли бошқарарди.
Қақшатқич жанглар бошланди, 6 ойдан сўнг Қаддофий она шаҳри Сиртга чекинди.
Бир ойлик жангдан сўнг унинг кортежи НАТО қирувчи самолётлари томонидан бомбаланди.
Ўзи тириклайин асирга олинди, бироқ кейинроқ тушунарсиз вазиятда ўлдирилди.
10 йилнинг ичида Ливияга бир неча марта келдим. Ва мамлакатнинг парчаланиб кетишини даҳшат билан кузатдим.

Сурат манбаси, AFP/GETTY IMAGES
Исёнчилар кўплаб гуруҳларга бўлиниб кетишди. Уларнинг энг уюшганлари Исломчилар бўлди.
Ян Мартин БМТнинг Ливиядаги янги вакили эди.
"Қаддофийнинг мероси биз тасаввур қилганимиздан ҳам ёмонроқ эди. Қудратни сақлаб қолиш учун жамиятдаги парокандаликдан фойдаланди. Аммо, менимча, Ливияни ўша вақтдан бери таъқиб қилиб келаётган энг катта муаммо бу - қуролли гуруҳларни эплолмаслик ва хавфсизлик соҳасидаги тарқоқлик эди", дейди у.
Ана шундай гуруҳлардан бири - АҚШнинг Бенғозидаги консуллигига ҳужум қилиб, элчи ва 3 нафар америкаликни ўлдирди.
Триполи 2013 йилгача Исломчилар ва бошқа жангарилар назорати остида эди.
Улар Қаддофий тузумига алоқадор ҳар қандай шахснинг янги сиёсий жараёнда иштирок этишини тақиқлайдиган қонун чиқаришди.
Бу бурилиш нуқтаси бўлди. Ўзларини четга сурилган, дея ҳис қилган ливияликлар янги етакчи - Генерал Халифа Ҳафтар атрофида бирлашишди.
Мен у билан 2015 йил Ливия Миллий армияси ташкил қилинишидан олдин гаплашгандим.

У шарқий Ливияни қўлга киритиб, экстремистларга қарши жанг бошлаганди.
2019 йил Марокашда ўтган музокараларда турли фракциялар янги ҳукумат тузиш ҳақида сиёсий битим имзолашди.
Аммо 4 йилдан сўнг генерал Ҳафтар Триполини олиш учун ҳужум бошлади. Натижада - юз минглаб тинч аҳоли уй-жойини ташлаб қочди.
Мамлакат бир йил давомида фуқаролар уруши гирдобида қолди.
Октябрь ойида Женевада ўт очишни тўхтатишга келишилди.
Ливиялик ёзувчи Жума Буклиб Қаддофий даврида 10 йилга қамалганди. У тартибсизлик ва хунрезликларни Лондондан туриб кузатди.
Мен ундан Қаддофийнинг ағдарилиши - Ливия бошига тушган оғир кўргиликларга арзирмиди, деб сўрадим.
"Мен Қаддофий тузумидан зарба еган ва унинг интиҳосини тасаввур қилолмасдим. Унинг даврида одамлар буткул умидсизликка тушишганди. Ҳозир эса, тартибсизликка қарамай, тез орада ярашувга эришамиз, деган умид бор", дейди.
Қўзғолондан 10 йил ўтиб , бу йил охирида сайловлар ўтказиш айтилмоқда.
Кўпчилик ниҳоят Ливияда тинчлик бўлар, деб умид қила бошлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













