Британия 4,5 йил деганда Европа Иттифоқидан чиқиш борасида битим имзолади - Дунё, янгиликлар

Сурат манбаси, Reuters
Британия ва Европа Иттифоқи йил тугашига бир ҳафта қолганда Буюк Британиянинг иттифоқдан келишувларсиз чиқиб кетишининг олдини олишга муваффақ бўлди. Томонлар 31 декабрдан сўнг қандай савдо қилиш, ҳамкорлик ва яшаш борасида битим имзолашди.
Келишувга эришилмаганда Европа Иттифоқи ва Британия чегарасидан товарлар Жаҳон савдо ташкилоти шартларига кўра эркин ҳаракатланиши керак эди. Бунда маҳсулотларга бож тўловлари ва квоталар жорий қилинарди. Ҳодисаларнинг бундай тарзда якун топиши икки томон бизнеси учун ҳам катта йўқотиш бўлиши айтилаётганди.
Британия Бош вазири Борис Жонсон келишувни фантастик, деб баҳолади.
"Биз валютамиз, чегара, қонунлар савдо ва балиқ овланадиган сувларимиз устидан назоратни қайта қўлга олдик. Европа Иттифоқи билан тарихда илк маротаба ҳеч қандай божхона тўловлари ва квоталар йўқ бўлган эркин савдо келишувини имзоладик", деган Борис Жонсон
Бош вазир баёнотида айтилишича, 1 январдан бошлаб Британия тупроқларида Европа иттифоқи қонун-қоидалари ва суд тизими ўз кучини йўқотади.
"Бу - биз 2021 йил 1 январдан бошлаб сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан мутлақ мустақил бўлишимизни англатади", деган Борис Жонсон.
Британия давлат субсидияси ажратишда, меҳнатни муҳофаза қилиш, ишлаб чиқаришга бўлган технологик ва экологик қоидалар бўйича Европа Иттифоқиникига амал қилиш талаби қўйилгани музокараларда баҳсларга сабаб бўлаётганди.

Сурат манбаси, Reuters
Иттифоққа кўра, бу талаблар Британия фирмалари минтақада тенг рақобат асосида ишлаши учун зарур бўлган.
Иккинчидан, балиқчилик соҳасида. Европа Иттифоқи таркибидаги мамлакатларнинг балиқчилари Британия сувларида балиқ овлаш ҳуқуқини сақлаб қолишни истаётганди.
Томонлар бизнес юритиш учун босқичма-босқич келишиб олган. Ҳозирча унинг тўлиқ тафсилотлари маълум эмас.
Аммо Европа Иттифоқи томонидан келишувга масъул бўлган Мишел Барне ҳисоботларидан Иттифоқ келишувлар бошида қўйган талабидан чекингани маълум бўлган.
Томонлардан бири ўз ширкатларига субсидия бериш орқали ёрдам бераётгани маълум бўлса икки томон ҳам айнан ўша соҳага бож тўловларини жорий қилиш ҳуқуқини сақлаб қолган.
Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг балиқчилари бир неча йилдан иборат бўладиган ўтиш даврида Британия сувларида балиқ тутиш ҳуқуқини сақлаб қоладиган бўлди.
Ҳужжатни Европа парламенти ратификация қилиши керак.
2016 йил 23 июнда Буюк Британия халқининг кўпчилиги референдумда Европа Иттифоқидан чиқишни танлади.
Мамлакат шу йилнинг январ ойида Европа Иттифоқидан чиққан бўлса-да, ўртада битим имзолангунча эски шартлар асосида муносабатларни амалга ошириб келаётганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















