You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Туркия ва Франция жанжалига фақат Ислом дини сабабми? Dunyo Yangiliklar Turkiya
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Франция маҳсулотларини бойкот қилишга чақирди. У ўтган дам олиш кунларида, бир эмас, икки марта француз ҳамкасбининг руҳий саломатлигини савол остига олди.
Унинг шанбада қилган илк баёнотидан кейин Франция Анқарадаги элчисини ортга чақириб олди, аммо ҳозирча дипломатик алоқалар узилгани йўқ.
Айни дамда Қувайт, Иордания ва Ғазо бўлгасида францияда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар пештоқлардан туширилди ва интернетда «француз маҳсулотларини бойкот қил» ҳаштаги трендга чиқди. Ливия, Бангладеш ва Ғазода унга қарши намойишлар юз берди.
Макроннинг ҳозирда кўпларнинг ғазабини қўзғаётган Исломий радикализм ҳақидаги катта нутқи Муҳаммад алайҳиссалом карикатураларини ўҝувчиларига кўрсатган ўқитувчининг ўлимидан икки ҳафта аввал янграганди.
Октябрь бошида Франция раҳбари диний радикализмга қарши янги дастурини эълон қилар экан, Ислом дини инқирозга учраганини айтди.
"Юртимиз олдида турган муаммо ҳақида кўп ёзилди, гапирилди ва таҳлил қилинди. Мен бу борада мутахассис эмаслигимни тан оламан, лекин ўз фикримни бир неча сўз билан изҳор қилишга рухсат берсангиз. Ислом - бутун дунё бўйлаб инқирозда бўлган дин. Бу фақат Францияда эмас, бу муносабатларнинг қатъийлашуви бутун дунёда, жумладан Ислом аксар аҳолисининг эътиқоди бўлган мамлакатларда ҳам юз беряпти», - деб айтган Макрон.
Аксил-Франция чақириқларига Туркия раҳбари етакчилик қилмоқда. Франция ва Туркия қатор масалалар, хусусан Ўрта Ер денгизидаги табиий бойликларни қазиб олиш, Ливия ва Сурия, ҳамда Тоғли Қорабоғ масаласида зид мавқедалар. Эрдўғон ҳатто уни суриялик курдларнинг қирувчиси деб атаган франциянинг Ле Пойнт журналини судга беряпти.
Таҳлилчиларга кўра, бу зиддиятни давом эттиришга икки раҳбарнинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор: Эрдўғон ўзини Ислом дунёсидаги сунний лидер дея қабул қилишларига тобора кўп интилмоқда. Макрон эса Исломий радикализмга қарши курашишга қодир эканини Франциядаги ўнг қанот миллатчи мухолифатга кўрсатиб қўйишни истайди.
Францияда президентлик сайловларига бир ярим йил қолди ва унда Макроннинг асосий рақиби очиқчасига миллатчи чақириқлари билан танилган ўнг қанот сиёсатчи Марин Ле Пен бўлиши кутилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek