АҚШ президентлик сайлови 2020: ким олдинда – Трампми ёки Байден? AQSh saylov Tramp Bayden

- Author, Визуал журналистика таҳририяти
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
АҚШдаги сайловчилар 3 ноябр куни қарор берадилар: Доналд Трамп Оқ Уйда яна тўрт йил қоладими ёки йўқ.
Республикачи президентга Демократлар номзоди Жо Байден қарши чиққан.
Уни кўпроқ Барак Обама ҳукуматидаги вице-президент сифатида танишади, аммо у ҳали 1970 йиллардан буён сиёсат билан шуғулланиб келади.
- АҚШ президент сайлови: Буёғи энди нима бўлади? Жо Байден кучаядими?
- Трамп қусурлари Байден қудратига айланмоқдами?
- АҚШ ва сиёсат: Президент Трамп устма-уст айбловлар остида
- Трамп ва Клинтон: Ким кулдирди, ким кулди?
- Доналд Трамп ғалаба қозонар экан, унинг штаби олқишларга тўла, Ҳиллари Клинтон штабида эса...
Сайлов яқинлашиб борар экан, социологлар сайловчилардан қайси номзод маъқуллигини суриштириш билан халқ кайфиятига баҳо беришга ҳаракат қиладилар.
Биз ҳам бу сўровлар натижаларини кузатиб боришга ва бу нарса бизга ғолибни олдиндан аниқлашга ёрдам беришини билишга интиламиз.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1

Бутун мамлакат бўйлаб номзодларга муносабат қандай?
Миллий сўровлар - мамлакат бўйича номзод нақадар машҳурлигини аниқлашга ёрдам берадиган кўрсаткич. Аммо улар сайловнинг якуний натижасини аниқ башорат қилиб беролмайди.
Мисол учун, 2016 йилги жамоатчилик фикри сўровларида Ҳиллари Клинтон пешқадамликни қўлдан бермаган ва Доналд Трампга нисбатан қарийб уч миллион кўп овоз тўплаган эди. Аммо Клинтон хоним ютқазди. Бунинг боиси - АҚШда сайловчилар коллегиясининг овозлари ҳисобга олинади ва бу овозлар оддий сайловчилар кайфиятини акс эттирмайди.
Ана шуни инобатга олиб, АҚШдаги бу йилги миллий сўровларнинг натижаларига назар ташласак, йил бошидан буён кўп ҳолларда Жо Байден Доналд Трамдан олдинда бўлганини кўрамиз. Охирги ойларда Жо Байденнинг рейтинги 50 фоизларни ташкил этди, баъзан у амалдаги президентни 10 фоизлар ортда қолдирган вақтлар бўлди. Лекин август ойига келиб, Доналд Трамп бой берган нуқталарини "тортиб олишга" муваффақ бўлди.
2016 йилги сўровларнинг натижалари анча мужмал эди ва сайловга яқин энг аҳамиятли штатларда Доналд Трамп билан унинг рақиби Ҳиллари Клинтон ўртасидаги фарқ атиги бир неча фоизни ташкил этарди.

Сайловнинг тақдири қайси штатларда "ҳал бўлади?
2016 йили Ҳиллари Клинтон ўз тажрибасида гувоҳи бўлганидек, сиз тўплаган овозлардан кўра, сиз аниқ ғалабага эришган жой муҳимроқ экан.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
АҚШнинг аксар штатлари деярли доим бир хил овоз беради. Бу дегани, икки номзоднинг ҳам "тақдирини атиги бир неча штатдаги фарқ ҳал қилади". Бу штатлар сайловнинг якуний натижасини ҳам аниқлаб беради.

АҚШдаги президентлик сайловида сайловчилар коллегияси тизимидан фойдаланилади. Бунда штатда истиқомат қиладиган аҳолининг сонидан келиб чиқиб, ҳар бир штатга муайян сондаги овоз берилади. Жами сайловчилар коллегиясининг сони 538 ни ташкил этади. Президентликка номзод ғалабага эришиши учун 270 сайловчилар коллегиясининг овозини қўлга киритиши талаб этилади.
Юқоридаги харитада кўриниб турганидек, айрим муҳим штатларда сайловчилар коллегиясининг овози бошқаларига қараганда кўпроқ. Шунинг учун ҳам номзодлар ана шу муҳим штатларда кўпроқ овоз қўлга киритишга интиладилар, ўзларининг сайловолди кампаниясининг кўпроқ вақти ва кучини ана шу штатларга сарфлайдилар.

Номзодлар учун ўта аҳамиятли штатларда вазият қандай?
Агар йил бошидан буён ўтказиб келинаётган жамоатчилик фикрини ўрганиш сўровларининг эълон қилинган натижаларига назар ташланса, Жо Байден учун муҳим штатлардаги вазият кўнгилдагидек кўринади.
Бироқ сайловгача ҳали анча вақт бор ҳамда вазият жуда тез ўзгариши мумкин.
Сўровлар натижаларига кўра, Байден Мичиган, Пенсилвания ва Висконсин штатларида пешқадамлик қилмоқда.
2016 йили бу штатларда Доналд Трамп 1 фоизлик устунлик билан ғалабага эришган эди.
Бироқ 2016 йилги сайловларда ўзининг Демократ рақибини анча кўп фоизлик фарқ билан ютган штатлар бугунга келиб Доналд Трампни хавотирга солмоқда.
У 2016 йилги президентлик сайловида Айова, Оҳайо ва Техас штатларида рақиби Ҳиллари Клинтонни 8-10% ортда қолдириб ғалаба қозонган эди.
Аммо бугун бу уч штатда Трамп Байден билан деярли тенгма-тенг бораётганини кўриш мумкин.
Ушбу рақамлар Доналд Трампнинг июл ойида ўзининг сайлов кампанияси раҳбарини ўзгартириш қарорига туртки берган бўлиши мумкин, балки шунинг учун ҳам у охирги пайтларда "сохта сўровлар" ҳақида кўп гапирадиган бўлган.
Бироқ дунё бўйлаб букмейкерлар ҳамон Трамп ғалабасига тикилган пул ставкаларини қабул қилмоқдалар, букмейкерларга кўра, 3 ноябрдаги Трамп ғалабасининг шанси учдан бирни ташкил этади.

Коронавирус Трампнинг рейтингига қандай таъсир қилди?
Коронавирус пандемияси йил бошидан буён АҚШ сиёсатидаги энг асосий ҳодисага айланди ва Президент Трампнинг коронавирусга қарши кўрган чора-тадбирларига муносабатлар ҳам турлича бўлди: партиясидаги сафдошлари маъқуллаш, Демократ рақиблари эса қоралаш тарафдори бўлдилар.

Мамлакат бўйлаб Президент Трампни дастакловчилар сони энг кўпайган вақти март ойига тўғри келди. Ўшанда Президент Трамп мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва вирус тарқалишини тўхтатиш мақсадига штатларга 50 миллиард доллар маблағ ажратди. Мунтазам жамоатчилик фикри сўровларини ташкил этиб турадиган Ipsos ширкати маълумотларига кўра, АҚШ амалдаги президентининг ушбу қарорларини америкаликларнинг 55%и қўллаб-қувватлаган.
Шундан сўнг Республикачилар ҳам ўз президентини дастаклай бошладилар, Демократлар қўллаб-қувватлови кескин тушиб кетди.
Аммо энг сўнгги маълумотларга таяниладиган бўлса, ҳатто Президент Трампнинг дастакловчилари ҳам кўрилаётган чора-тадбирларнинг оқилона эканлиги ёки йўқлиги борасида иккилана бошлаганлар, бунга Америка жануби ва ғарбидаги штатларда вирус тарқалиши яна кўпайган. Июл ойи бошига келиб Республикачиларнинг дастаклови 78 фоизгача пасайиб кетган.
Балки ана шу нарса Трампнинг коронавирус бўйича нуқтаи-назарини ўзгартиришга мажбур қилгандир. Бундан олдин вирус "ўзидан-ўзи йўқолади" деб келган сиёсатчи огоҳлантириш билан чиқди. У мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазият "яхшиланишидан олдин ёмонлашиш"ини айтди.
Яқинда Трамп юзига ниқоб тақиб омма олдида пайдо ҳам бўлди. У америкаликларни ҳам ниқоб тақиб, ўз "ватанпарварлигини" намойиш этишга даъват қилди, ниқоб тақиш "самара беради", деди.
Вашингтон Университети экспертлари тузган модел башорат қилишича, АҚШда коронавирусдан ўлганлар сони 1 ноябрга бориб 230 минг кишига етади. Президентлик сайлови эса 3 ноябрга белгиланган.

Сўровларга ишониб бўладими?
2016 йилги сўровлар хато чиқди, дея уларнинг натижаларини инкор этиш осон. Президент Трамп айнан шундай қилади. Лекин бундай деб ўйлаш нотўғри.
Мамлакат бўйлаб ўтказилган аксар сўровлар Ҳиллари Клинтонни бир неча фоиз олдинга қўйган эди. Бу сўровларнинг натижаси хато эканлигини англатмайди: Клинтон хоним Трампга нисбатан уч миллион кўп овоз тўплаган эди.
2016 йили социологларда чиндан ҳам бир неча муаммо бўлган. Хусусан, социологларда олий маълумоти бўлмаган сайловчиларнинг овозини талаб қилинганидек ҳисобга олиш имконияти бўлмаган. Бу дегани, муҳим штатларда Трамп илғорлик қилаётгани сайлов пойгасининг охиригача ҳам аниқланмай қолган. Бугунга келиб аксар социология компаниялари ўз ҳисоб-китоблари алгоритмига 2016 йилги хато-камчиликлардан келиб чиқиб, тегишли ўзгартиришлар киритганлар.
Бироқ бу йил мавҳумлик янада кўп. Коронавирус пандемияси ва унинг иқтисодиётга таъсири оқибатида ноябр ойида одамлар қандай овоз беришларини башорат қилиш мушкул. Шунинг учун ҳам барча сўров натижаларига озроқ шубҳа билан қараш тавсия этилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















