Куба ҳам каранинда Америка долларига қарам бўляптими? Dunyo va koronavirus

Коммунистик Куба Совет Иттифоқи қулаганидан бери энг йирик иқтисодий инқирозга юз тутар экан, АҚШ доллари билан савдолашса бўладиган бир қатор дўконларни ишга туширди.
Ковид-19 пандемияси туфайли туризмнинг деярли тўхтаб қолиши ва ўнлаб йиллаб давом этаётган иқтисодий эмбаргонинг Трамп маъмурияти томонидан янада кучайтирилиши бу орол раҳбарларини янгича усулларни қўллашга мажбурлаяпти.
Пешона тери билан топилган долларларни сарфлаш учун навбатлар узундан-узун. Кўплар қаттиқ назорат қилинадиган бу навбатларда тонг-саҳардан туришибди. Юзларида ниқоб, Куба қуёши қизиган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Би-би-сига «доллар дўконлари» ичини суратга олишга рухсат беришмади, лекин харидорлар Кубада топиш қийин бўлган маҳсулотлар билан чиқа бошлашди: гўшт, сут маҳсулотлари, тозаловчи воситалар, совун.
«Кўпроқ нарса олган бўлардим, лекин банк ҳисобимга яна доллар ташлашим керак», дейди Лено исмли харидор.
«Ойига бир марталик савдога қурбим етади», дейди Бенито. Иккови ҳам бу чора ҳукумат импорт учун сарфлайдиган валюта миқдорини оширишига умидвор.
Кубанинг катта муаммоси бор: у истеъмол қиладиган маҳсулотининг 80 фоизини импорт қилади. Карантин туфайли туризм деярли буткул тўхтагани ҳисобга олинса, аҳоли учун зарур маҳсулотларни олиб келиш учун керак бўлган хорижий валюта тушуми ҳам камайган.
Совуқ уруш даврида Фидель Кастронинг орзуси Кубани ўз озиқ-овқатини тўла етиштирадиган давлатга айлантириш эди. Ривожланиш бор. Аммо, импортга қарам бўлиб қолган бу орол инқироз даврида янада заифлигини сезади.
Гавана ташқарисидаги хусусий "Виста Ҳермоса" органик фермаси давлатга сут ва гўшт етказиб беради, ҳамда меваю сабзавотлар, пишлоқ ва чўчқа гўштини халққа сотади.
Унинг бош агрономи Ирис Фонсекага кўра, Кубанинг четдан келадиган маҳсулотга қарамлигини янада камайтиришга салоҳият бор.
«Кубада ҳар доим импорт маҳсулотлари бўлади деб ўйлайман. Лекин, ердан унумлироқ фойдаланиш, зироат усуллари ва илм-фанни яхшилаш, технологияларни қўллаш билан импорт кўламини қисқартирсак бўлади», - дейди Фонсека.
Бу ҳам етмагандек, Трамп маъмурияти АҚШнинг Кубага қарши санкцияларини кучайтирган. Коронавирус пандемиясига қарши курашида кубаликлар Европа Иттифоқидан олинган пул билан ўзлари 500дан ошиқ сунъий нафас аппаратларини ясашди.
«Ковид ҳар қандай давлат учун ўта йирик муаммо. Лекин шундоқ ҳам иқтисодий ишғол остида эканлигимизни ҳисобга олсак, вазият бизда бундан-да ёмон бўлиши мумкин эди», - дейди Куба неврология маркази директори Доктор Митчел Валдес Соса.
«Долларлаштириш» Куба ҳукумати учун жирканч сўздир, лекин бу жараён бошланган. Доллар дўконлари бир томондан маҳсулот танқислигини камайтирса, иккинчи томондан кубаликларни валюталик ва валютасизларга ажратиб қўймоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













