Тоғли Қорабоғ акс-садоси: Озарбайжон ва Арманистон чегарасида отишмалар

Озарбайжон-Арманистон чегараси

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Озарбайжон ҳарбийлари. 2020 йил, апрель
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Охирги икки кунда Озарбайжон ва Арманистон чегарасидаги отишмаларда 11 нафар озарий аскари ҳалок бўлган.

Бу ҳақда расмий манбалар хабар бермоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бокудан келаётган хабарларга кўра, қақшатқич жангларда Озарбайжон Қуролли Кучларининг икки нафар генерали ҳалок бўлган.

Озарбайжон-Арманистон чегараси яқинидаги отишмаларда, шунингдек, Арманистоннинг икки нафар полиция ва уч аскари яраланган.

Арманистон расмий манбалари ўз томонидан талофатлар йўқлигини айтмоқда.

Сешанба куни эрталаб расмий Ереван бир қатор ҳукумат идоралари веб-сайтлари, жумладан, Бош вазир Пашиняннинг расмий саҳифаси киберҳужумга учраганини маълум қилди.

Тўқнашув ва отишмалар якшанба куни Озарбайжоннинг Товуз ҳамда Арманистоннинг Тавуш вилоятлари ўртасидаги чегара нуқтасида бошланган.

12 июль куни Арманистон Мудофаа вазирлиги озарий ҳарбийлари давлат чегарасини икки марта бузгани ва таянч нуқтасини босиб олишга уринганини даъво қилди.

Шундан сўнг Озарбайжон қишлоқларидан Арманистон томонидан оғир артиллерия ҳужумлари бошлангани ҳақида хабарлар кела бошлаган.

Ўзаро айбловлар

Озарий ижтимоий тармоқларида душанбага ўтар кечаси чегарадаги қақшатқич отишмалар экани айтилган видеотасвирлар эълон қилинди.

Арманистон беш нафар аскари яраланганини айтиб, чегарадан ўтишга уринган Озарбайжон ҳарбийларига тегишли джипни ўққа тутганиин даъво қилди.

Озарбайжон-Арманистон чегараси

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Тоғли Қорабоғ можароси ҳануз ечилмаган

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги эса Арманистон мавқеъларига зарба экани айтилган тасвирларни намойиш қилди.

Ҳар икки томон бир-бирини жанговар ҳаракатларни бошлашда айбламоқда.

"Биз Озарбайжонда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатларнинг ҳарбий вакилларини ҳудудни бориб кўришга таклиф қиламиз. Улар бу ҳарбий иғвогарлик ҳаракатини ким бошлаганини ўз кўзлари билан кўрсинлар", - деб айтган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев.

Аммо Арманистон бош вазири минтақадаги барқарорликка Озарбайжон таҳдид солаётганини айтди.

"Биз бугун эрталаб қайтадан бошланган Озарбайжон Қуролли Кучларининг иғвогарона ҳаракатларини қатъиян қоралаймиз. Озарбайжоннинг сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти минтақадаги барқарорликка путур етказганлик учун масъулдир", - деган Никол Пашинян.

Сўнгги тўқнашувлар Тоғли Қорабоғ шимолида юз берди.

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида 1990-йилларда Қорабоғ юзасидан жанглар кечган.

Тоғли Қорабоғ жаҳон ҳамжамияти томонидан Озарбайжон тупроқлари деб тан олинади.

Аммо ҳудуд Арманистон назорати остида қолмоқда.

Би-би-cининг минтақадаги мухбири Райҳон Демитриега кўра, охирги жанглар икки томон ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш битими қанчалик омонат эканини кўрсатади.

Жаҳон ҳамжамияти хавотирда

БМТ Бош Котиби Антонио Гутерриш Озарбайжон-Арманистон чегарасида оғир қуролларнинг қўлланиши билан юз берган отишмалардан чуқур хавотирда эканини билдирган.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Ереван ва Бокуни отишмаларни тўхтатишга чақирган.

Европа Иттифоқи ва Россия ҳам отишмаларни тўхтатиш чақириғи билан чиққан.

АҚШ Давлат Департаменти Озарбайжон-Арманистон чегарасидаги зўравонликни қоралаган ва томонларни ўт очишни тўхтатиш режимига қатъий амал қилишга чақирган.

Охирги марта Озарбайжон ва Арманистоннинг юқори мартабали вакиллари июнь ойи охирида видеоконференция орқали мулоқот қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek