Британияда уч кишини ўлдирган ливиялик махсус хизматлар назарида бўлган Britaniya Dunyo

Британиянинг Рединг шаҳридаги паркда одамларга ҳужум қилиб уч кишини ўлдирган Хайри Саадаллаҳ ўтган йил махсус хизматларнинг назорати остида бўлгани маълум бўлди.
Ливияда туғилган 25 ёшли Хайри Саадаллаҳ шанба куни маҳаллий вақт билан 19:00 атрофида Рединг шаҳридаги Форбери паркида ўтирган бир гуруҳ одамларга пичоқ билан ҳужум қилган.
Ҳужум ортидан қотилликда гумон қилиниб ҳибсга олинган Саадаллаҳ якшанба куни Терроризм қонунига биноан қайта ҳибсга олинди ва ҳозирда мазкур ҳодиса терроризм амали дея тергов қилинмоқда.
2017 йилда яна бир асли ливиялик британ, 22 яшар Салмон Абеди Манчестер шаҳрида ўтган концертда ўзини портлатиб 23 кишининг умрига зомин бўлганди.
Пичоқ ҳужуми
Гувоҳларга кўра, Саадаллаҳ паркда давра қуриб ўтирган бир гуруҳ эркакларга тўсатдан яқинлашиб уларни пичоқлай кетган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
У ҳужум давомида нималарнидир қичқиргани айтилади.
Ҳодиса жойига етиб келган полиция зобитлари қочиб кетаётган Саадаллаҳга отилиб уни жисмонан енгишга муваффақ бўлганлар.

Сурат манбаси, James Furlong
Терроризм қонунига кўра, полиция уни 14 кун давомида расмий айбловсиз ушлаб туриши мумкин.
Би-би-си манбаларининг билдиришича, Хайри Саадаллаҳ ўтган йили террорчилик мақсадларида хорижга сафар қилишни кўзлаётгани борасида ишоралар пайдо бўлгач Британия махсус хизматлари назарига тушган.
Аммо, айтилишича, маълумот чуқурроқ ўрганилгач, Саадаллаҳ хавф туғдирмаслиги хулоса қилинган ва у тергов қилинмаган.
Аксил-террор полиция хизматининг собиқ раҳбари Сэр Марк Роулининг Би-би-сига айтишича, МИ5 махсус хизмати фаолияти доирасида ҳозирда 3 минг одам тергов қилинмоқда, аммо тергов қилинмаган ва «рўйхатга бирров кирган» яна 4 минг одам мавжуд.
Унга кўра, кўп беқарор одамлар экстремистик мафкурага қизиқиб қолишган, аммо махсус хизматлар уларнинг қай бирлари ҳужумчига айланиши мумкинлигини аниқлашга қийналишмоқда.
Қурбонлар
Редингдаги ҳужумда ҳалок бўлган уч кишидан икки нафарининг исми-шарифи жамоатчиликка маълум қилинди.

Сурат манбаси, Steve Parsons/PA Media
Улардан бири - 15 йилдан бери Британияда яшаган асли АҚШлик Жоу Ритчи-Беннетт.
Унинг дўсти - 36 ёшли тарих ўқитувчиси Жеймс Ферлонг ҳам ҳалок бўлган.
Рединг шаҳри Британия пойтахти Лондондан 67 километрлик масофада жойлашган.
Душанба куни жаноб Ферлонгнинг 100дан ошиқ ўқувчилари Ҳолт мактаби дарвозаси қаршисида йиғилдилар.
Унинг собиқ ўқувчиларидан бири Молли Коллинзнинг Би-би-сига айтишича, жаноб Ферлонг ўқувчиларидан ҳеч қачон ошиқча вақтини аямаган.
«Агар у билан суҳбатлашмаганимда, университетга бормаган бўлардим, назаримда. У мени қўллаб-қувватлаш ва ўзимга ишонишим учун менга кўп вақтини сарфлаганди,» - деди у ўқитувчисини хотирлаб.
Ҳужумда жароҳат олган яна уч кишидан бири ҳозирда касалхонада қолмоқда. Унинг аҳволи оғир, аммо барқарор дея тасвирланди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












