You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Коронавирус мусулмонларни кўп нобуд қилмоқдами?
Ғарбда коронавирус таъсири баъзи жамоаларда қақшатқич кечмоқда.
Дейлик, АҚШда коронавирусдан энг кўп инсон нобуд бўлганларнинг учдан икки қисми айнан қора танли ё марказий америкаликлар, дейилади.
Британияда ҳам аҳвол шунга ўхшаш.
Англия ва Уэльсда жами аҳолининг атиги 14% миллий озчиликлар саналади.
Аммо ўта оғир аҳволда жонлантириш бўлимига тушган коронавирус касалларининг 34% ёки ҳар учинчиси - қора танли, осиёлик ё бошқа миллий ақаллият вакили.
Мусулмонлар орасида ҳам ўлим ҳоллари кўп учрамоқда.
Диннинг таъсири борми?
Олдинроқ ўта диндор яҳудий жамоасида ҳам ўлим ҳоллари кўплиги айтилган эди.
Айримлар диндорлар қучоқлашиб ё қўл бериб кўришадилар, жамоа бўлиб ибодат қиладилар ёки диний амалларни бажаришади, деб айтишди.
Бироқ бошқалар бунафақат одатлар, баъзан камбағалликка ҳам боғлиқ, деб урғулайдилар.
Британияда мавжуд тадқиқотларга кўра, айнан камбағал ҳудудларда яшовчи одамлар орасида коронавирусдан ўлим ҳоллари баланд.
Шу қаторда, турли одамлар билан яқин мулоқотда бўладиган касб эгалари орасида қурбонлар баланд бўлиши эҳтимоли юқори.
Хусусан, маоши паст, бироқ уйдан ишлаш имконсиз касблар ҳам санаб ўтилган.
Хусусан, қўриқчилар, такси ё автобус ҳайдовчилари, кексаларга қаровчилар ё ҳамширалар ва қурувчилар шулар жумласидан.
Европа ва АҚШда айнан ушбу касб эгалари орасида хорижлик ёки миллий озчилик вакиллари салмоқли экани ҳам айтилади.
"Миллий озчилик вакиллари маоши паст ёки ўта муҳим ишларда ишлайдилар" - дейди Британиядан доктор Зубайда Ҳақ.
"Улар транпсорт тизимида, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни етказиб бериш хизматларида, касалхоналар ҳамда қариялар уйларида кўп ишлашади".
Айни дамда баъзи миллий озчиликлар орасида семизлик, қанд ё юрак касалликлари баландроқ бўлиши эҳтимоллари ҳам ўрганилмоқда.
Айни пайтда, катта шаҳарларда вирус кенг тарқалмоқда.
Миллий озчиликлар эса айнан катта шаҳарларда кўп истиқомат қилишади.
Масалан Лондон аҳолисининг 40% миллий озчилик вакиллари.
Ҳукуматлар ҳам ҳозир миллий озчиликлар орасида қурбонлар кўплигини тан олишмоқда.
Аммо тезкор чоралар талаб этадиган пандемия шароитида, уларнинг яшаш шароитларини тезда ўзгартириш жуда қийин ва ҳатто имконсиз бўлиши мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek