Ўлган одам жасадидан коронавирус юқадими? Koronavirus

Сурат манбаси, Getty Images
Дунё бўйлаб биз жуда ғамгин манзараларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз: Covid-19 вирусига чалиниб ҳаётдан кўз юмган инсоннинг жасади унинг яқинлари, суйганларининг аза-мотамисиз ерга кўмиляпти.
Бу суратлар нафақат ўлимдан, балки ўлган инсонлардан ҳам қўрқиш ҳиссини пайдо қилган. Инфекциядан ўлган одамнинг жасадидан вирус юқтириш мумкин деган қўрқувни юзага келтирган.
Майитдан Covid-19 вируси юқиши мумкинми? Дафн маросимини ўтказиш хавфсизми? Коронавирус қурбони жасадини кўмиш керакми ё кремация қилиш?
Covid-19 ўлган инсон жасадидан юқадими?

Сурат манбаси, Getty Images
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти айтишича, барча талаб қилинган эҳтиёт чоралари кўрилган вақтда Covid-19 ўлган одам жасадидан тарқалади, деб хавотирланишга асос йўқ.
Касалликни келтириб чиқарадиган Sars-CoV-2 деб ном берилган вирус асосан юқтирган одам гапираётганида, акса урганида ёки йўталганида сачратган томчиларидан юқади.
Шунингдек, вирус қаттиқ буюмлар юзасида бир неча кунгача тирик қолади.
"Шу кунгача ўлган жасадлар касалликни тирик инсонларга юқтиргани исботи топилгани йўқ", деди шу ой бошида ўтказган матбуот анжуманида Пан-Америка Медицина ташкилоти сўзчиси Уилям Аду-Кроу.
Вирус ўлган инсоннинг жасадида тирик қоладими?

Сурат манбаси, Reuters
"Аммо биз юқумли эмас деганимиз сиз жонингиздан ортиқ кўрган ўлган инсонни ўпишингиз ёки қучоқлашингиз мумкин деганини англатмайди", дея қўшимча қилди эксперт.
"Биз ҳамон профилактика ва назорат талабларига риоя қилишимиз лозим."
ЖССТнинг март ойида эълон қилган тавсиясида қайд этилади: "Эбола, Марбург сингари геморрагик иситмалар ва вабодан ташқари умуман олганда ўлик тана юқумли эмас.
"Фақат пандемик грипп беморининг ўпкасини очиб кўришда эҳтиётсизлик қилинса, юқумли бўлиши мумкин. Бошқа ҳолатларда мурдалар касаллик тарқатмайди."
Аммо ўткир респиратор хасталикларидан вафот этган инсонларнинг ўпкалари ва бошқа органларида вирус сақланаётган бўлиши мумкин.
Бу вируслар тиббий жиҳозлардан фойдаланилган ҳолда ўликни ёриб кўриш жараёнида ёки ички органларни ювиш пайти ташқарига чиқиш эҳтимоли бор.
Covid-19 қурбонининг қариндошлари ёки дўстлари дафн ёки кремация маросими махсус ўқув тайёргарлигидан ўтган ва муҳофазаланган профессионаллар, мисол учун дафн хизмати ходимлари томонидан ўтказилишига, жасад маросимга бошқалар учун юқиш хавфини пайдо қилмайдиган даражада тайёрланишига ишонч ҳосил қилишлари лозим.
Дафн маросимини ўтказиш керакми?

Сурат манбаси, Getty Images
Айрим жойларда коронавирусга боғлиқ ўлимлар сонининг кескин кўпайиб кетгани дафн маросими бизнеси билан шуғулланадиган ширкатларни инқироз вазиятига рўпара қилди.
Ва қатор мамлакатларда ижтимоий масофа сақлаш талабларидан келиб кўп сонли одамлар иштирокидаги дафн маросимлари маън қилинди. Бошқа бир мамлакатларда эса дафн маросимларига изн берилган, бироқ иштирокчилар сони жуда чекланган.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти, ўлган инсоннинг яқинлари ва дўстлари, агар истасалар, жасадни дафн маросими пайти кўришлари мумкин, бироқ талаб қилинган чекловлар ва эҳтиёт чораларига риоя қилишлари лозим, дейди.
"Улар жасадни ўпмасликлари ёки жасадга тегинмасликлари лозим. Майитни кўриб бўлгандан кейин қўлларини яхшилаб совунлаб сувда ювишлари лозим; одамлар орасида камида 1 метрлик ижтимоий масофа сақлаш қоидасига қатъий риоя этилиши лозим", дейилади ЖССТнинг йўриқномасида.
Респиратор касалликлар симптомлари бўлган инсонлар маросимда қатнашмасликлари ёки ҳеч бўлмаганда инфекция тарқалиши олдини олиш мақсадида юз ниқоби тақиб олишлари керак, дея қўшимча қилинади Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияномасида.
Ва болалар, ёши 60 дан ошганлар ҳамда иммун тизими заифлашган инсонлар майит билан бирор бир тўғридан-тўғри ўзаро таъсирга эга бўлмасликлари лозимлиги эслатилади.
Майит кўмилиши керакми ё куйдирилиши?

Сурат манбаси, Getty Images
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти дафн ҳам, кремация ҳам мумкин дейди.
"Юқадиган хасталикдан ўлган инсон жасади куйдирилиши керак деган нотўғри фикр кенг тарқалган. Бу тўғри эмас. Кремация бу - маданий танлов ва имконли ресурсларга боғлиқ масала", қўшимча қилади ЖССТ.
Майитни ушлашига тўғри келадиган инсонлар, мисол учун, қабрга қўядиган вақтларида қўлларига қўлқоп тақишлари, қўлларини аввал ва кейин яхшилаб ювишлари, қўлқопларини утилизация қилишлари лозим.
Covid-19 қурбонининг жасадини шоша-пиша, наридан-бери кўмиш керак эмас, дея огоҳлантиради дунё саломатлик ташкилоти.
Шунингдек, ўлган инсонга тегишли буюмларни ҳам ёқиб юбориш шарт эмас. Уларни қўлқоп билан ушлаб яхшилаб дезинфекция қилиш, 70 фоизли этанол эритмаси ёки хлорли оқартириш воситаси билан тозалаш мумкин.
Кийимларни юқори ҳарорат(60−90°C)да кир ювиш машинасида кир ювиш порошоги билан тозалаш, ёки қайноқ сувли совунли идишга солиб хода билан аралаштириш мумкин, бунда сувни сачратмаслик талаб қилинади.
Инсон иззат-ҳурматини жойига қўйиш лозим

Сурат манбаси, Reuters
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ўлган инсоннинг иззат-ҳурматини жойига қўйиш лозимлигини таъкидлайди.
"Вафот этган одамнинг қадр-қиммати, маданий ва диний анъаналари ҳурмат қилиниши керак ва уларнинг қариндошлари ҳам ҳурмат қилиниши ва муҳофаза этилишлари лозим", дейди ташкилот.
Лекин ваҳима тарқалар экан, дунёнинг айрим бурчакларида бунинг акси кузатилди.
Эквадордаги дафн хизматлари кўрсатиш ширкатлари ассоциациясининг раҳбари Мервин Тераннинг BBC Mundo хизматига айтишича, бир ҳафтада ўлганларнинг сони 10000 дан ошиб кетганидан кейин "вазият назоратдан чиқиб кетди".
Эквадор Лотин Америкаси мамлакатлари орасида коронавирусни энг кўп юқтирган иккинчи мамлакат бўлди. Биринчи ўринда Бразилия эди. Эквадор тиббиёт тизими босимга чидай олмади; ўликхоналар жасадларга тўлиб кетганидан тобутлар ва мурдалар кўчаларга ташлаб кетилди.
Шифохоналар жасадларни омборхоналарга юборишга мажбур бўлди. У ерда эса ҳавони алмаштирадиган кондиционерлар ёки жасадни сақлаб турадиган инфраструктура йўқ эди.
"Ўликларни кўриб юрган биздек одамлар учун ҳам бу омборхоналар ичига кириш қийин бўлди. 24 соатдан кейин жасадлар ўзидан суюқлик чиқариб портлаб ётарди", дейди Теран.

Сурат манбаси, EPA
Ўлимлар сони кўплигидан оммавий қабрлар қазилаётгани ҳақидаги хабарлар жаҳон оммавий ахборот воситаларининг энг асосий сарлавҳаларига айланди, Нью-Йорк, Бразилиянинг Манаус шаҳри ёки Истанбулда олинган фотосуратлар кўп тарқалди.
Бироқ коронавирус пайтидаги шафқатсиз ўлим реаллиги ҳаётдан кўз юмган инсон билан муносиб видолашишга тўсиқ бўлмаслиги керак, расмийлар қариндошларига мотам учун шароит яратиб беришлари лозим, дейди ЖССТ.
"Расмийлар вазиятни ҳар бир ҳолат бўйича бошқаришлари, бунда оиланинг ҳуқуқлари, ўлим сабабини текшириш эҳтиёжи ва инфекцияни юқтириш таҳдиди ўртасида мувозанат сақланиши лозим", дея маслаҳат беради Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти.


















