Ўзбекистон, коронавирус: Беморлар сони деярли 1700, "очилган" прописка - янгиликлар O'zbekiston

«2020 йил 22 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1692 нафарни ташкил қилмоқда», дейилади соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Бугунги кунга қадар касалликдан тузалганлар сони 357, вафот этганлар 6 нафарни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 21 апрель куни кечга томон наманганлик 73 яшар эркак коронавируснинг олтинчи қурбонига айлангани ҳақида хабар тарқатган эди.

Расмий маълумотлар сўнгги кунларда аниқланган коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони камайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Сешанба куни коронавирус ҳолати расман аниқланган 15 мартдан бери илк бор соғайган беморлар сони янги касалланганларникидан кўп бўлган.

21 апрель давомида 96 бемор касалликдан буткул соғайгани маълум қилинган.

Хусусий клиникалар коронавирус тестини ўтказмайди

Аввалроқ Адлия вазирлиги нодавлат тиббиёт ташкилотларига барча талабларга риоя қилган ҳолда 1 сентябрга қадар коронавирус инфекциясини лаборатор текшириш бўйича пуллик хизмат кўрсатишга рухсат берилганини маълум қилган эди.

Аммо бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков бу маълумотни рад этган.

21 апрель куни ўтган брифингда ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги коронавирусга қарши кураш бўйича штаб вакили Хабибулла Оқилов ҳам хусусий клиникаларни тест ишларига жалб қилишга ҳожат йўқлигини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг тестларни ўтказишдаги имкониятлари етарли экани аниқланган.

Шунингдек, Оқилов шу вақтга қадар 150 мингдан зиёд тест синови ўтказилгани, келгусида тестларнинг сони 500 минггача етказиш режалаштирилётганини қўшимча қилган.

Махсус рухсатлар

Давлат солиқ қўмитаси йирик солиқ тўловчиларга автотранспорт воситаларини бошқариш учун махсус рухсатномалар берилишини эълон қилган.

Айни вақтда қўмита йирик солиқ тўловчилар тоифасига қандай компания ва бизнес турлари киришини изоҳламаган.

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, дарслик ва ўқув-методик қўлланмаларни чоп этувчи нашриётлар фаолиятига рухсат берилган.

Бунда нашриёт-матбаа корхоналарига фаолият вақтида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиш талаби қўйилган.

Газета.уз нашрининг ёзишича, асаларичиларга ҳам шахсий машинасида ҳаракатланиш ва карантин постларини кесиб ўтишга рухсат берилган.

Аввалроқ асаларичилар асаларилар сақланаётган ҳудудларга етиб боролмаётганликлари, муаммо тез орада ҳал бўлмаса, асаларилар ҳалок бўлиши ёки учиб кетиши мумкинлигини маълум қилиб, расмийларга мурожаат қилган эди.

Прописка бўйича фармон имзоланди

Президент Мирзиёев узоқ йиллардан бери кутилаётган прописка бўйича фармонга имзо чеккан.

Эндиликда, Тошкент шаҳрида уй сотиб олишда доимий прописка сўралмайди.

Бундан ташқари бошқа вилоятдан бўлган ўзбекистонликлар Тошкент шаҳрида янги қурилган уйлар сотиб олаётган вақтда ундирилиб келинган 5 фоиз миқдоридаги давлат божи ҳам бекор қилинмоқда.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги давлат ташкилотларида узлуксиз 5 йил мобайнида меҳнат қилиб келган мутахассислар ҳам шу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши маълум қилинган.

Карантин вақтида маҳбуслар афв этиладими?

Асакалик фуқаронинг озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган турмуш ўртоғининг президентга авф сўраб мурожаат қилгани, агар карантин чўзилиб кетса, авф берилиши ёки йўқлиги юзасидан саволига Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов қуйидагича жавоб берган:

"Агар турмуш ўртоғингиз Президент номига афв этиш тўғрисида илтимоснома ёзиб мурожаат этган бўлса, авф этилиши тартиби тўғрисидаги Низом талаблари асосида, мурожаат жавоби шахсан маҳкумнинг ўзига маълум қилинади.

Шунингдек, жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг авф этилиши Президент Қарори асосида амалга оширилади".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek