"Саноқли кунлар қолди". Россия ва Туркия Сурия ҳудудида тўқнашадиларми?

    • Author, Ольга Ившина
    • Role, Би-би-си рус хизмати
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россия ва Туркия дипломатларининг музокараларига қарамай, Сурия шимолидаги вазият яна таранглашган. Би-би-си аҳвол назорат остида чиқиб, тўлақонли можарога айланиши мумкинми, деган саволга жавоб топишга уринди.

Туркиянинг юқори даражали вакили Блумберг агентлигига айтишича, Анқара АҚШдан Туркия жанубидаги Patriot зенит-ракета комплексининг иккита батареясини очишни илтимос қилган. Туркиядаги АҚШ элчихонаси бу маълумот бўйича шарҳ бермаяпти.

Patriot комплекслари ҳақиқатдан ҳам Туркияга Суриянинг Идлиб вилоятига кенг кўламли юриш амалиётларини қилиш учун керак бўлади. Бу ҳудуддаги ҳарбий амалиётларнинг ўтмишдаги тажрибасига таянилса, авиациясиз юриш барбод бўлиши муқаррар. Демак, агар Туркия ҳақиқатдан ҳам Идлибдаги Асад рақибларини қўллаб-қувватлашни истаса, у ердаги амалиётларни дастаклаш учун F-16 қирувчиларини ҳавога кўтариши керак бўлади.

Агар F-16 Сурия узра парвоз қилса, улар албатта нафақат Асад армиясининг, балки Россиянинг ҳарбий учоқлари билан тўқнашади.

Демак, уруш?

Блумберг маълумот тасдиқланган тақдирда ҳам, Patriot комплекслари Туркияга осонликча берилиши амримаҳол. Анқара 2019 йилда Россиянинг ПВО С-400 тизимларини сотиб олиши ортидан Вашингтон Туркия армияси билан ҳамкорлигини қисқартира бошлаган.

Туркия ҳудудида бир нечта Patriot комплекслари бор, аммо улар Америка базалари ичида. Би-би-сининг турк хизматига кўра, Эрдўған ҳозир максимум эришиши мумкин бўлган нарса - АҚШдан Patriot батареяларини америкалик ҳарбийлар назорати остида Сурия билан чегарадаги Хатай шаҳрига кўчиришга эришиш. Ана шунда зенит-ракета комплексларининг Россия ҳарбий учоқларига "қўли етиши" мумкин бўлади.

Январь охиридан бери Сурия президенти Башар Асад қўли остидаги армия Россия авиацияси ва Эронпараст гуруҳлар ёрдамида Идлиб вилоятига юришлар қилмоқда. Бу Туркиянинг сиёсатчилари ва ҳарбий қўмондонларини асабийлантиряпти.

Идлиб нимаси билан муҳим?

Идлиб Асадни 2011 йилдан бери тўнтаришга уринаётган исёнчилар ва жиҳодчиларнинг охирги таянч нуқтасидир.

Идлибни эгаллаш Сурия ҳукуматига йирик сиёсий ва иқтисодий плюс бўлади. Асад қўшинлари ғалабага эришса, улар Сурия транспорт тизимининг негизи бўлган М4 ва М5 йўллари устидан назоратни қўлга киритадилар.

Туркия учун ҳам Идлиб жуда муҳим. Анқара бу вилоятни ўз таъсир ҳудуди деб билади. 2016 йилдан бери турк қўшинлари ва ўзаро бирлашган суриялик исёнчи гуруҳлар Сурия шимолида учта амалиётни амалга оширишган, аммо улардан биронтаси ҳам Асад кучларига қаратилмаганди.

Лекин, Туркия йиллар қўллаб-қувватлаган, ўқитган ва қуроллаган аксил-Асад гуруҳлар ҳозир айнан Идлибда жойлашганлар. Агар Эрдўған ҳозир унга курд жангчиларига қарши курашда ёрдамлашган иттифоқчиларини ўз ҳолига ташлаб қўйса, Туркия ичида унинг обрўсига катта путур етиши мумкин.

Ички можаро

Кўп экспертлар ишонишича, Эрдўған Туркия ичидаги сиёсий сабаблар туфайли Идлибда урушни бошлаб юбориши мумкин. Туркия иқтисоди инқирозда, қатор вилоятларда ишлаб чиқариш ва бошқа кўрсаткичлар пасайган. Инфляция, 2018 йилги инқироздан бери бироз секинлашган бўлсаям, ҳали ҳам анча юқори бўлиб қоляпти.

Айни дамда Эрдўған армияни техник янгилар ва қуроллар сотиб олишга кўп сармоя киритган. Бу харажатларни қандайдир йўл билан оқлаш керак.

Буларнинг бари мамлакат ичидаги норозиликлар хавфини оширади. Эрдўған партияси Истамбул ва Анқарадаги маҳаллий сайловларда рақибларига мағлуб бўлган.

Мана шу манзарада Эрдўған учун ҳарбий амалиёт миллатни бирлаштириш ва ўз партиясининг рейтингини ошириш йўлидаги яхши танловдек кўриняпти.

Туркия президенти сўзларига кўра, Идлиб можаросини дипломатик йўл билан ечишга «саноқли кунлар қолди».

«Идлибдаги амалиёт - вақт масаласи», - деди Эрдўған бу ҳафта. У бу унинг Сурия ҳукуматига охирги огоҳлантириши эканини урғулади.

Айни вақтда Анқаранинг Москвага қарши баёнотлари анча вазмин бўлиб қоляпти. Туркия Мудофаа вазирлиги пайшанба куни чиқарган баёнотида Идлибдаги вазият бўйича Россияга қарши даъвоси йўқлиги айтди. Вазирлик Туркия даъволари фақат Башар Ассад режимига нисбатан эканини таъкидлади.

Энди нима бўлади?

Воқеалар ривожини ҳозир башорат қилиш қийин. Москва ва Анқаранинг бу можарони дипломатик йўл билан ечиш ҳаракатлари, уч марта музокара ўтказилганига қарамай, муваффақиятли бўлмади.

«Лекин, бу икки томонлар масалани ҳарбий куч билан ечишга бел боғлаганини англатмайди. Аввалги жанжалларнинг зўрайишига қарасак, Путин ва Эрдўған бундай масалаларни юзма-юз музокараларда ҳал қилишни афзал кўрадилар... Бу сафар ҳам охирги сўз икки президентники бўлса керак", - дейди Москва Карнеги маркази эксперти Алексей Хлебников.

Туркия Ташқи ишлар вазирлигида ҳам шундай вариантга ишора қилишяпти. Вазирликка кўра, агар келгуси бир неча кун ичида томонлар Идлиб можаросини ҳал қилмаса, Путин ва Эрдўған шахсан кўришишлари мумкин.

Би-би-сининг турк хизмати таҳлилчиси Ирем Кўкар яқин келажада Москва ва Анқара Идлибдаги ҳарбий амалиётларни вақтинча тўхтатишга келишиб олишларига ишонади.

«Бу томонларга ҳаммани қониқтирадиган шартларни келишиб олишга вақт беради. Балки бу келишувларга нафақат Сурия ҳудудлари бўйича келишув, балки Ливия, курдлар ва иқтисодий лойиҳалар масалалари ҳам киритилади", - дейди журналист.

Бундай келишувга дастлабки замин яратилган. Москва ва Дамашқ учун, биринчи ўринда, Идлиб шаҳрининг ўзи эмас, балки М4 ва М5 йўллари ёқасидаги ҳудуд муҳимроқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek