Грузия: Қатағонлар ҳақида сўз йўқ - Сталиннинг яширин босмахонасига саёҳат

- Author, Зарина Бухорий
- Role, Мустақил журналист
Болалигимда СССР парчаланиб, Ўзбекистон мустақилликка эришди. Мен сананинг тарихий аҳамиятини англамаган бўлсам-да, оила-аЪзоларим коммунизм бутунлай парчалангани ҳақида узоқ суҳбатлашишарди.
Мана ўттиз йилдирки, эски тузум собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларини тарк этди. Грузияда коммунистик мафкура етакчиси бўлган Сталинга бугунги авлод нафрат кўзи билан қарайди. Мамлакат пойтахти Тбилисида ёшлар ўз даврининг таниқли тарихий шахси Сталин билан ғурурланмайди.
ХХ асрда ташриф буюрувчиларнинг кети узилмаган Сталин асос солган коммунизм қолдиқлари бугун ўз қимматини йўқотаётгандек. Тбилисидаги ер ости ноқонуний босмахонаси ва пойтахтдан салкам 200км йироқда жойлашган Горидаги Сталин туғилиб, вояга етган хонадон, бугун музейга айланган ана шундай иншоотлар сирасига киради.

Ноқонуний босмахона пойтахтнинг эски шаҳар қисмида жойлашган. Авлабар туманида марказдан фарқли, асосан арманлар истиқомат қилиб, эътиборлиси, кўчаларнинг номи рус ва грузин тилларида. Иншоотни 1 соат давомида кўриб чиққан ягона сайёҳ бўлдим.
Ташриф буюрувчиларнинг камлиги Гагошвилини ҳар куни ишига келишдан тўхтатмайди. 70 ёшларга кирган Гагошвили ўзини шаҳарда тирик қолган сўнгги болшевиклардан бири деб билади.
Музейга кириш дарвозасида қизил доира билан бўялган болға ва ўроқ тасвирланган бўлиб, бу жой Грузия Коммунистик партиясининг қароргоҳи саналади. 1903-1906 йиллар давомида Сталин Чор режимини ағдариш учун юз минглаб ташвиқот варақалари, буклетлар ва рисолаларни босиб чиқарган.

СССР қулаганидан кейин улғайган авлодлар, бизни 70 йил давомида бошқарган коммунистик тузумга сохта қизиқиш билан қарашмоқда.
"Ўзимизникилар"
Мен тарғиботчи Сталинни кашф этиш умидида музейга кираман. "Салом, музейни кўрсам бўладими?".
Радио эшитиб турган киши тартибсиз қабулхона даричасидан бироз ҳайратланиб: "сиз рус тилини биласизми, бир дақиқа, мен сизга ёрдам бераман", дейди қизиқиб.
"Қаердансиз? - деб сўради у. "Ўзбекистонданман".
"Ўзимизникилар", дейди у мағрурлик билан.

"Назарбай - сизларнинг президент", - дейди у ишонч билан баланд оҳангда. "Назарбоев-Қозоғистон президенти, Ўзбекистон президенти - Мирзиёев" дейман тўғрилаб.
Гагошвили, менга Совет армиясида подполковник бўлиб хизмат қилганини айтади. Юзлаб америкалик жосусларни топганман, дейди гурурланиб.
Ҳовлига киргач, ёғоч том билан қопланган бир қаватли, таъмирталаб эски ғиштли бинога кўзим тушди.
Болшевик хаёлотида музейнинг энг диққатга сазовор жойи - уй остидаги мўъжазгина бетон бункер-босмахонадир. Ўшанда яширин қудуқ ва туннел орқали ҳар куни 5 кишидан иборат болшевиклар ичкарига киришган болса, ҳозирги пайтда занглаган спирал зинапоя орқали пастга тушиш мумкин.
"Минглаб рисолалар ноқонуний равишда рус, грузин ва арман тилларида нашр қилиниб, инқилобий ғоялар бутун минтақага тарқатилди. Босмахона сершовқин бўлгани сабабли, принтерга сигнал бериш учун қўнғироқ тизими ўрнатилган. Битта сигнал - бинога одам яқинлашаётганини, икки марта жарангласа, сохта-ёлғон сигнал. Уч марта чалинса, беркиниш вақти келганини англаш мумкин эди!"дейди Гагошвили.

"Сталин куннинг охирида бу ерда ҳордиқ чиқарган", - дейди у менга замин сатҳидан юқори бўлган ётоқхонани кўрсатиб. Оддий уйнинг бурчакларидан бирида, қизил бахмал арқон билан ҳимояланган битта тўшак ва дераза тоқида китоблар уюмини кўриш мумкин. Сталиннинг ҳокимият тепасига кўтарилгани ҳақида эски газеталар, деворлардаги суратлари, плакатлар осилган бўлиб, улар музейдан кўра зиёратгоҳга ўхшатиб, безатилган эди.
Янги мухлислар
Мен Гагошвилидан Сталин буйруғига асосан ваҳшийларча жазога тортилган, қатл қилинганлар ҳақида сўрадим. У норози қиёфада қўлларини силкитади ва буни "сохта янгилик" дейди. Кейин бироз ўйланиб, давом этади: "Хатолар бўлиши мумкин, биз буни инкор этмаймиз. Аммо сиёсий жиҳатдан Сталин даҳо бўлган. Бу ерда содир бўлган воқеалар дунёни ўзгартирди. Бу тарих", - дейди Грузияда камчилик овозга эга Коммунистик партия аъзоси.
Ўнлаб йиллар давомида матбуот музейи шаҳарнинг энг катта диққатга сазовор жойларидан бири бўлган. совет сайёҳлик гуруҳлари учун саёҳатлар режалаштирилган. Гагошвили ёш болалигида музейга биринчи марта ташриф буюрганида, уч соат кутишга тўғри келганини ва 1970 йиллар айниқса, чўққисига чиққан, кунига 800 га яқин одам келганини айтди. Ҳозирда собиқ совет республикаларида қизиқиш камайгандек. Аммо унинг айтишича, эндиликда музейнинг янги томошабинлари бор. "Хитойлик сайёҳларнинг кети узилмаслиги қувонтиради", - дейди у.

Полиция босмахона ҳақида 1906 йилда тасодифан билиб қолади. Улар уйга доимий келиб-кетувчилардан шубҳа қилиб, бинони текширишга қарор қилишади. Босмахона, унинг барча жиҳозлари ва босма материаллари вайрон қилинади. 31 йилдан сўнг, Сталин СССР раҳбарига айлангач, уни музейга айлантириш орқали иккинчи ҳаётни беришга қарор қилган.
Германияда ишлаб чиқарилган ускуна қайта тиклангач, ер остига олиб борувчи метал спирал зинапоя ўрнатилди. 1917 йил инқилобининг келиб чиқиши ҳақида маълумотга эга бўлиш истагида бўлганлар учун Сталин босмахонаси диққатга сазовор масканга айланди.
Занг қатлами билан қопланган улкан принтер мавжуд қоронғи ва совуқ хонага кириш - катта тажрибадек. Ягона ёритгич ортидаги суратда қудуқ ва туннеллар тармоғи орқали бункерга кириш йўллари кўрсатилган. Шифтдан эса, бункерга асл кириш жойи - тўртбурчак қора туйнук ўрин олган.

Грузия ҳукумати Европага яқинлашишга қарор қилганидан буён, мамлакатнинг Совет тарихи тез суратда йўқолиб бораётгандек.
Бироқ гуржистонликлар ҳали ҳам мунозарали мавзу бўйича иккига бўлинишади. 1952 йилдан бери Гори шаҳар ҳокимияти олд тарафида турган диктаторнинг олти метрли ҳайкали унинг қурбонлари шарафига қўйилган ёдгорлик билан алмаштирилиши ҳисобига йўқ қилинди. Аммо Гори иқтисодиёти таянадиган Сталиннинг туғилган жойи ва музейи кўплаб сайёҳларни жалб қилаётгани эвазига сақланиб қолмоқда.
"Келинг, сизга идорамизни кўрсатай", - дейди Гагошвили менинг қизиқишимни пайқаб. Деворда иккита катта қизил байроқ, Совет харитаси, ёш болшевиклар суратлари, Ленин ва Сталиннинг портретлари осилган. Стол устида эски телефон ва газеталар. "Бу ерда совет даврига оид ҳужжатлар ва артефактларни хароб бўлмаслиги учун авайлаб сақлашга ҳаракат қиламиз", - дейди у кулиб.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












