Ҳижобдаги супермодел: "Ҳеч бир аёл ўз ихтиёрига қарши ҳижоб ўрашга мажбурланмаслиги керак"

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Алина Исаченко
- Role, Би-би-си
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Мода дунёсида ярим яланғочлик, сексуаллик биринчи ўринда, аммо Ҳалима Аден доим саҳнада камтарона кийимлари ва ҳижоби билан пайдо бўлади. Унинг мухлислари Ҳалиманинг гўзаллиги ва жасоратига мафтун, танқидчилар эса ... мусулмон қизи учун моделлик ҳаром деб ҳисоблашади. Ҳалима қочқин, асли Сомалиядан ва жуда анъанавий оилада вояга етган. У икки йил ичида шунақа ҳам машҳур бўлдики, мода оламида Ҳалимани танимайдиганлар топилмайди.
Би-би-си дунёдаги биринчи ҳижобли топ модел Ҳалима Аден билан дини ва касби ҳақида суҳбатлашди. Ислом қадриятлари билан модел бўлиш мумкинми? Шунингдек, мода экспертларидан дунё мода саноатига мусулмонларнинг кириб келаётгани ҳақида суҳбатлашди.

Пардозхонада намоз
"Мен кунига беш маҳал намоз ўқишга ҳаракат қиламан, табиийки, доим ҳам вақтида намозларимни ўқий олмайман. Ню Йорк модалар ҳафталигида жойнамозимни қўлтиқлаб олиб, намоз ўқишга жой қидирдим. Аксарият ҳолатларда пардозхона ёки суратга олиш майдончасида ибодат қиламан".
Мен Ҳалима билан биринчи марта Истанбулда Modest Fashion Week давомида учрашгандим.
Уни сураткашлар, дизайнерлар ўраб олишганди. Ёнида тансоқчиси ҳам бор эди. Аммо Ҳалима ҳеч кимнинг раъйини қайтармас, селфи олишни истаганлар билан суратга тушар, атрофдагилар билан суҳбатлардан ўзини олиб қочмас эди.
22 ёшли Ҳалима Аден Британиянинг Vogue журнали муқоваси учун суратга тушган илк ҳижобли модел эди.
У шунингдек, буркини (бурқа сўзидан олинган, аёлларнинг ёпиқ чўмилиш кийими) кийиб, одатда ярим яланғоч моделлар сурати чиқадиган Американинг Sports Illustrated журналида ҳам кўринди.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳалиманинг бўйи 166 см, бу топ-моделлар учун анча паст саналади, шунда ҳам унинг "бозори чаққон".
Ҳалимани энг таниқли брендлар ўз шоуларига таклиф қилишади.
Икки йил аввал у IMG Models агентлиги билан шартнома имзолаган илк ҳижобли модел бўлганди.
"Ўзингизни ўзгартирманг, қайтага ўйин қоидаларини ўзгартиринг", дейди Ҳалима.
У модалар дунёси ранг-барангроқ қилишни истайди, яъни, бу ўринда дин ва ирқ масаласи аҳамият касб этмаслиги керак.
"Ҳаммаси ёмон бўлгани ҳам ва ҳатто қандайдир модалар шоусига мени танлашмаса ҳам...менинг имоним бор. Тушкунликка тушмайман. Менга бу ўзимга ишонч беради".
Қуръондаги муждалардан қайси бири сиз учун нима муҳимроқ?
"Ҳеч кимга ҳукм чиқарманг, чунки ҳукмни Аллоҳ беради, одамларга ёрдам беринг, севинг, айниқса уларга қийин дамларда", деб ўйлаб ўтирмасдан жавоб қилади Ҳалима.
"Мен қочқинлар жамлоғида вояга етганман, биламан, мана бу дабдабали ҳаёт бир лаҳзада тугаши мумкин. Мен бунга тайёрман".
"Менинг имонимнинг яна бир қисми бу - сиз билан бир эътиқодда бўлмаганлар, дунёни бошқача кўз билан кўрадиганлар ила муносабат қила олишдир".
Шартномага қўшилган ҳижоб
Ҳалима Кениядаги қочқинлар жамлоғида таваллуд топади. Унинг оиласи Сомалиядан. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллар ўрталарида унинг онаси Африкадаги энг мудҳиш урушлардан қочиб, 12 кун пиёда йўл юради. Кенияга етиб келади. Ҳалима олти ёшга тўлганида эса онаси ва акаси билан Америкага келади. Уруш даврида отаси билан алоқа мутлақо узилиб қолади.

Сурат манбаси, Getty Images
"Менинг Америкадаги дўстларим Ҳалима Сомалияда малика бўлган деб ўйлашарди. Чунки Кенияда биз қандай қилиб бир уйдан бошқа уйга кўчиб юрганларимизни ҳикоя қилиб бергандим".
Ҳозир улар Миннесотада яшашади. Бу ерда сомалияликлар кўп.
"Синфдошларим устимдан кулишарди. Сочлари кир бўлгани учун ҳижоб тақади, деб мазах қилишар ва ҳазилларнинг бари террорчиликка бориб тақаларди. Лекин мактабда нималар бўлмайди дейсиз..."
19 ёшида у "Мисс Миннесота" танловида қатнашади. Ҳижоб ва буркини билан...

Сурат манбаси, SPORTS ILLUSTRATED
"Мен доим гўзаллик танловида қатнашишни истаганман. Аммо мен Сомалияданман. Ҳеч ким аввал бунга журъат қилмаган. Танловдан кейин мен дугоналаримга ҳижоб билан ҳам, буркини билан ҳам саҳнага чиқса бўлишини айтдим. Табиий, кўринишимиз бошқача...аммо ҳеч ким бизни бирор бир янгиликдан тўхтатишга ҳаққи йўқ".
Ана шу танловдан кейин унга IMG Models билан шартнома таклиф қилинди.
У рози бўлди, аммо шарт қўйди. Шартки, у саҳнага ҳижобда чиқади.
"Мен болалагимдан ҳижобда юрганман, бу ўзлигимнинг ажралмас қисмидир".

Сурат манбаси, Rooful Ali
Modest Fashion нима дегани?
Modest Fashion - камтарона либослардир. Бу либослар тобора машҳурлашиб бормоқда. Аммо камтарона ёки иболи мода нима эканлиги борасида турфа қарашлар бор. Айримлари:
- Камтар ва ёпиқ либос
- Аксарият ҳолатларда бу либос аёлнинг авратларини тамомила ёпади
- Бирор бир дин билан боғлиқ эмас, аммо мусулмонлар орасида машҳур. Шунингдек, диндор яҳудийлар ва анъанадор насронийлар ҳам бу либосларни маъқул кўришади.
- "Камтарона (иболи) либослар ҳафталиги" ҳар йили Истанбул, Дубай ва Лондонда бўлиб ўтади
"Онам мени ярим яланғоч суратга тушишимдан қўрққан"
Ҳалиманинг онаси ҳамон қизининг бу ишидан мамнун эмас.
Анъанадор мусулмон аёл ўлароқ у доим қора рангли либосларни кияди.
"Қизим шовқин-суронли жойларга бориши, эркаклар унга суқланиши менга ёқмайди", дейди Ҳалиманинг онаси Al Jazeera билан суҳбатда.
Аммо Ҳалимага кўра, бу каби муносабат оиладаги ишончга дарз етказмайди.
"Иболи мода" рамзими ёки Исломни таҳқирловчи қиз?
Ҳалима Инстаграмда ўз суратларини улашади.
Унинг миллиондан ортиқ обуначиси бор.
Айни мақолада Instagram томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Instagram ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири Instagram пост, 1

Аксарият мухлислари мусулмон мамлакатларидаги ёшлар...
"Сиз ибо билан кийиниб ҳам гўзал бўлишни ўргатдингиз, раҳмат!"
"Сизни яхши кўрамиз, Ҳалима, сиз дунёни илҳомлантирмоқдамиз"
Аммо айримлар уни танқид қилади.
"Илтимос, тўхтат, сен бизнинг динимизни нотўғри талқил қилмоқдасан, уят", деб ёзади Min_xi.
Айни мақолада Instagram томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Instagram ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири Instagram пост, 2
Ҳалима modest fashion рамзига айланиб улгурган.
Бу бошқа мамлакатлар, жумладан Россияда ҳам қизиқиш уйғотмоқда.
Modest fashion бирор бир динга мансуб эмас, аммо Modest Russia ширкати раҳбари Диляра Садриевага кўра, асосан мусулмонларда қизиқиш катта.
"Ҳижоб менинг шахсий танловимдир"
Ҳижоб аллақачон замонавий мода дунёсида ўз ўрнига эга.
Айримлар ҳижобни аёлларга нисбатан ҳақсизлик рамзи деб кўрса, бошқалар буни озодлик белгиси деб билади.

Сурат манбаси, Getty Images
"Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида қиз бола ўз ҳоҳишига қарши ҳижоб кийишга мажбур қилинмаслиги керак. Мен ҳижобни гўзаллик учун ўрайман. У менга ишонч бахш этади".

Сурат манбаси, Getty Images
IMG Models директори Айван Братга кўра, "Ҳалима биринчи навбатда шахсдир".
"У атрофидагиларни истараси иссиқлиги билан мавҳ этади. Агар бирор кунингиз кўнгилдагидай бўлмаса, Ҳалимага телефон қилинг!"
Буркинидаги сурат Sports Illustrated га тегишли
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













