Ўзбекистон, ош ва илм-фан: Қайси овқат жинсий қувватни оширади?

Сурат манбаси, Bahriddin Chustiy
Жинсий қувватни оширувчи битта таом бўлса, унинг бозори жуда чаққон бўларди.
Айрим овқатлар ҳақиқатан секс учун фойдали, деб айтилади. Бу қанчалик ҳақиқат?
Одамда бахтиёрлик ҳиссини уйғотувчи эндорфинни оширувчи овқатлар бу ўринда муҳим кўрилади.
Устрица ўрнида қази бор

Сурат манбаси, Getty Images
Тарихдаги энг номдор хотинбоз, деб Казанова айтилади. У ҳар куни нонуштага 50та устрица еган.
Аммо устрица эркаклик мижозини ошириши илмий жиҳатдан исботланмаган.
Миш-қиш қаердан келган?
Ҳаммаси афсонага тақалади: Қадимий Юнон муҳаббат худоси Афродита гўёки денгиз атиргули ва оқ кўпикдан яралган.
Шу асно денгиз жонзодлари жинсий қувватни оширади, деган фикр пайдо бўлган.
Алоқадор мавзулар:
Аммо устрицада эркаклик гормони - тестостерон учун муҳим цинк моддаси кўп.
Цинк эса эркаклардаги бепуштликни даволаш ва эркак манийси таркибидаги жонли сперматозоидларни кўпайтириш учун фойдали.
Айни пайтда, Ўзбекистонда устрица йўқ ва импорт қилингани ўта қиммат.
Шундай экан, энг мақбул йўл - устрица таркибидаги фойдали цинк моддаси Ўзбекистондаги қайси маҳсулотларда борлигини билиб, уларни истеъмол қилиш.
Масалан, мол, қўй ё от гўшти, кунжут, бодом, нўхат, сут, пишлоқ ва қовоқ данагини истеъмол қилиш орқали ҳам катта миқдорда цинк моддаси оласиз.
Ўзбекларда қази-қарта ё бодом-ёнғоқ ейиш қувватни оширади деган ишонч бекорга пайдо бўлмаган кўринади.
Эркакка ҳам шоколад совға қилинг

Сурат манбаси, Getty Images
Қора шоколад ейиш инсонни севувчан қилиб қўяди. Тадқиқотчиларга кўра, унда фенилэтиламин моддаси мавжуд.
Бу модда янги келин-куёвларда кўп бўлади ва у миядаги лаззатланиш марказига ижобий таъсир этади.
Лекин егандан кейин шоколоад таркибидаги фенилэтиламин иш берадими йўқми - бу ҳам ҳали тўлиқ ўрганилмаган.
Тоза, яъни бегона модда қўшилмаган ва ишлов берилмаган шоколад таркибида серотонин ёки бахтиёрлик моддаси ҳам анчагина.
16-асрда Жанубий ва Марказий Американи забт этган испан босқинчилари Майя ва Ацтеклар юртида илк бора шоколадга дуч келишган.
Улар суюқ шоколад баданга қувват бериб, чарчоқни енгишини ҳис қилишган.
Аммо шоколад жинсий қувватни ростдан оширадими - бу ҳам исботланмаган.
Бироқ унинг таркибидаги моддаларни форелдан, тухум, парранда гўшти, исмалоқ ва ёнғоқдан ҳам олиш мумкин.
Гармдори ёки сексдори?

Сурат манбаси, Getty Images
Аччиқ қалампир ё гармдорида капсаицин моддаси бўлиб, у ҳам сизда бахтиёрлик ҳиссини уйғотади.
Гармдори метаболизмни кучайтиради, тана ҳароратини ошириб, юрак уришига ижобий таъсир кўрсатади.
Бу ҳолат бизда секс билан шуғулланган пайтимизда ҳам кузатилади.
Паловга гармдори ташлаш ҳам кенг тарқалган одат.
Аммо пишган гармдори таъсири камаядими йўқми маълум эмас.
Шунингдек, Ўзбеклар ошга бутун гармдори ташлаш сабаби аслида маза учунми ёки фойдали жиҳатлари каттами - бу ҳам номаълум.
Лекин сексдан олдин аччиқ қалампир есангиз, қўлингизни яхшилаб ювинг!
Ароқ фойдами ё зарар?

Сурат манбаси, Getty Images
Ароқ ё шароб ичган одамда уят ҳисси пасаяди.
Сархуш одамда жинсий алоқа қилиш истаги кучайиши мумкин, лекин секс қилишга келганда, эплолмай қолиш эҳтимоли катта.
Маст одамда сезувчанлик камаяди, кўп ичадиган одамлар эса бора-бора импотент ёки мижози заиф бўлиб қоладилар.
Айни пайтда, сиздан ароқ ҳиди уфуриб турса, ким сиз билан алоқа қилишни истайди?
Қўзғалиши қийин эркакларга маслаҳат
Тадқиқотларга кўра, ўсимликлардан олинган моддаларга бой таомлар ҳам эркаклик қуввати учун муҳим.
Улар кўзғалишга ижобий таъсир этади.
Айнан цитрус мевалар бу ўринда жуда фойдали. Черника ёки қорағат ҳам қувватни ошириши исботланган.
Умуман, мева-сабзавот эркаклик учун кони фойда.
Зайтун ёғи, ёнғоқ ва бодом ҳам кўп еб туринг.
Айни пайтда маймунжон, хўжағат, наъматак, узум, бақлажон ва қизил карам ҳам қувватни оширади.
Лекин қўзғалишда қийналсангиз ва ҳеч бир таом ёрдам бермаса, демак сизда импотентликка етакловчи бошқа сабаб ёки касаллик бўлиши мумкин.
Шу боис энг яхши йўл - шифокорга учрашиш.












