Дунё, янгиликлар: Google Қозоғистон ҳукуматини нимада айбламоқда?

Google ва Mozilla қозоқ ҳукуматига қарши чиқди. Россия радиацияси қаерларга тарқамоқда? Венесуэла АҚШ билан махфий музокаралар олиб борган. Порошенкога қарши жиноий иш очишмоқчи. Дуэйн Жонсон яна энг кўп ҳақ тўланадиган актёрга айланди.

Google ва Mozilla қозоқ ҳукуматига қарши чиқди

Google ва Mozilla компаниялари Қозоғистон ҳукуматининг браузерлар орқали ўтувчи интернет траффикига таъсир ўтказиш имкониятини блоклаб қўйишга қарор қилди.

Америка компаниялари мамлакатдаги интернет провайдерлари ўз мижозларидан барча қурилмалар ва браузерларга ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган сертификатни ўрнатишни талаб қилганидан сўнг бундай қарорни олган.

Қозоғистон ҳукумати бу хавфсизлик чораси бўлганини иддао қилади.

Аммо Google ва Mozilla ушбу сертификат ҳукуматга одамлар интернетда ёзаётган ҳар бир нарсани ўқишга имкон беришини таъкидлайди. Аниқроқ айтганда, қозоқ ҳукумати интернет фойдаланувчилари ортидан жосуслик фаолиятини олиб боришда айбланмоқда.

Хабарларга кўра, Apple ҳам Қозоғистон ҳукумати сертификатини ўзининг Safari браузерида блоклаб қўйган.

Россия радиацияси қаерларга тарқамоқда?

8 август куни Россиянинг шимолий Северодинск шаҳри яқинидаги полигонда ядро двигателли ракетанинг портлаб кетиши ортидан қўшни ҳудудларга радиоактив булутлар кириб келгани хабар қилинган эди.

Интернетда тарқалган харитада радиоактив булут Ўзбекистонга ҳам кириб келгани кўрсатилган эди.

Аммо Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 8−20 август кунлари Ўзбекистондаги радиацион вазият ўзгармади, дея хабар бермоқда.

Шунингдек, Россияда жойлашган бир қанча радиацияни ўлчовчи станциялар фаолияти ҳам «кутилмаганда» ишдан чиққанидан радиоактив булутлар ҳаракат йўналиши ўз тасдиғини топмаган.

Халқаро кузатувчилар Россия ҳукумати авария тўғрисидаги маълумотларни яшириш мақсадида станцияларни қасддан ўчириб қўйган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Венесуэла АҚШ билан махфий музокаралар олиб борган

Венесуэла президенти Николас Мадуро икки ўртадаги кескинликка қарамай, ойлардан буён Трамп маъмурияти билан музокаралар ўтказиб келаётганини маълум қилди.

АҚШ Мадуро ҳокимиятини тан олмайдиган 50 дан зиёд давлат сирасига киради.

Бироқ АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон фақатгина жаноб Мадуронинг ҳокимиятдан кетиши масаласи муҳокама қилинганини таъкидлаган.

Президент Трамп ҳам ўзининг маъмурияти ҳақиқатан «венесуэлалик юқори лавозимли шахслар» билан сўзлашувлар олиб борганини тасдиқлаган.

Айни вақтда, Венесуэлада қўшҳокимиятчилик юзага келган бўлиб, 50 дан ошиқ мамлакат мухолифат етакчиси Ҳуан Гуайдони ягона раҳбаро ълароқ тан олган.

БМТ бир неча йилдан бери давом этаётган сиёсий-иқтисодий инқироз оқибатида 30 миллион венесуэлаликларнинг чорак қисми ёрдамга муҳтож бўлиб қолганини айтади.

Порошенкога қарши жиноий иш очишмоқчи

Украина пойтахти Киевдаги Соломенский туман суди Миллий аксилкоррупция бюросига мамлакат собиқ президенти Петр Порошенкога нисбатан жиноий иш очиш мажбуриятини юклади.

Суд материаллардан аён бўлишича, 15 июль куни исми ошкор этилмаган фуқаро Порошенко ва собиқ ташқи ишлар вазири Павел Климкин устидан арз қилган.

Аризага кўра, Порошенко ва Климкин ўз хизмат лавозимини суиистеъмол қилган ва ваколатлари доирасидан четга чиққан бўлиши мумкин.

Бироқ ҳозирча собиқ президент ва собиқ ташқи ишлар вазирига қарши айнан қандай жиноий айбловлар илгари сурилиши мумкинлиги аниқ эмас.

Дуэйн Жонсон яна энг кўп ҳақ тўланадиган актёрга айланди

«Қоя» лақаби билан танилган Дуэйн Жонсон, Forbes талқинига кўра, энг кўп ҳақ тўланадиган актёрлар рўйхатида яна биринчиликка чиқиб олди.

У ўтган йилда $89,4 миллион ишлаб топган.

2017 йилда Жонсон ўз ўрнини актёр Жорж Клунига бўшатиб беришга мажбур бўлган эди.

Ўшанда, «Қоя»нинг даромади $119 миллионга тенг бўлган, аммо текила ишлаб чиқарувчи компаниясини сотган Жорж Клуни миллиард долларга яқин маблағ ишлаган эди.

Актёрлар даромадини ҳисоблашда нафақат уларнинг ҳар бир фильм учун гонорари, балки реклама каби қўшимча манбалардан топган пуллари ҳам ҳисобга олинади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek