Дунё: Бизни масонлар бошқарадими? Қандай қилиб фитна назарияси қурбони бўлмаслик мумкин?

Сурат манбаси, Getty Images
Агар сиз эшитган ҳамма фитна назариянгизга ишониб кетаверганингизда, дунё умуман бошқача айланар эди.
Британия қироллик оиласи аслида шаклини ўзгартирувчи калтакесаксимон ўзга сайёраликлар бўлиб чиқар, Исроил ҳарбийлари жосуслик йўлида ўлаксахўр қушлар хизматидан фойдаланар, ОИТС ва Эбола АҚШ Марказий Истихборот Агентлиги томонидан тарқатилган ва Ер ясси бўлиб, биз ҳеч қачон Ойга қўнмаган бўлар эдик.
Аксар фитна назариялари бир қарашда кулгили туюлиши мумкин, аммо баъзида улар аянчли асоратлар олиб келади. Масалан, эмлашга қарши одамлар бошлаган ҳаракат оқибатида АҚШ, Мексика, Франция, Мадагаскар ва бошқа давлатларда қизамиқнинг жиддий эпидемиялари юзага келган.
Хўш, нима ҳақиқий ва нима ёлғон эканини қандай аниқлаш мумкин?

Сурат манбаси, Getty Images
Муқаддас учлик
Фитна назариялари бирор нарса ҳақида одамларга номаълум ва изоҳланмаган жиҳатлар бўйича муқобил маълумотлар берганидан ҳам оммалашиб бораверади.
Фитна назариясининг бошқа аҳмоқона изоҳлардан фарқи шундаки, кўп ҳолларда, унда «қудратли шахсларнинг яширин гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган ёвуз режа» юқори таъсир кучига эга бўлади, дейди Лондондаги Опен Университетида психологиядан маъруза ўқувчи доктор Жован Бифорд.
Ҳар бир фитна назариясининг уч асосий тамойили мавжуддир: конспиратор, режа ва оммани аврашдан мақсад.
Конспиратор
"Аксар ҳолларда, алоҳида бир гуруҳ фитна тарқатиш ортида турибди, дея ҳисобланиши мумкин. Иллуминатилар, фримасонлар ва бизнинг замонавий дунёда Билдерберг гуруҳи ёки Бош чаноқ ва Суяклар жамияти…," дейди доктор Бифорд.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо, кўпинча, конспиратор, яъни фитна тарқатувчи «дори ишлаб чиқарувчи йирик компания, ҳарбий саноат комплекси, халқаро элита ва бошқалар» кўринишида акс эттирилади.
Доктор Бифорд буни «душманга аниқлик киритиш зарурияти» ва «душманни доимо соя ортида ва махфий ўлароқ қабул қилиш эҳтиёжи»ни мувозанатга солиб турувчи парадокс сифатида изоҳлайди.
Режа
Ҳар бир фитна назарияси ортида ҳаддан зиёд йирик мақсад ётади. Одатда, у дунёни эгаллаб олиш маъносида бўлади.
Доктор Бифордга кўра, бундай кенг кўламли режанинг ҳар бир икир-чикири сир сақланиши талаб этилиши мантиғидан келиб чиқиб, одамлар сирни сақлаш ортида қандайдир қудратли шахс ёки гуруҳ турганига ишонади.
«Дунёни тўлиқ бошқариш мумкинлигига ишониш изоҳлаш вакууми юзага келган қийин ҳолатларда фитна назарияларининг урчишига имкон яратади,» тушунтиради у.
Оммани авраш
«Манфур ниятли қудратли шахслар» бизни ўз назорати остига олишга уриниши ҳақида ўйлаш худди футбол матчи олдидан қилинадиган башоратга ўхшайди. Ўзини футбол соҳаси билимдони ҳисобловчи одамлар фикрини асослаш учун бир дунё «далиллар» келтиради, ҳамма уларнинг оғзига қарайди, аммо ўйин сўнггида бари мутлақо ўзгача натижа билан тугаши мумкин.
Фитна назариячилари наздига кўра, «оммани авраш» ёки «манипуляция» ҳаётий - илм-фан, ҳукумат ёки медиа ташкилотлар - шунингдек, беъмани - паранормал, у дунёга тааллуқли - манбалар орқали амалга оширилиши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
Нега биз ёлғон ҳикояларга ишонамиз?
«Тадқиқотлар тушкунлик ва таъсирчанлик ўртасида фитна назариясига нисбатан алоқа мавжудлигини кўрсатади,» сўзлайди Винчестер Университетидан психолог доктор Майк Вуд.

Сурат манбаси, Getty Images
«Кимдир тушкунлик ва босим даврида ўз ҳаётини назоратга ола олмай қолса, унда фитна назарияларига ишониш мойиллиги юзага келиши мумкин.»
Оксфорд Университетининг Интернет Институтидан доктор Мирто Пантази ўз ҳамкасблари билан биргаликда оммавий тушкунлик ва фитна назариялари алоқасини ўрганган.
Полшанинг марҳум президенти дохил 95 нафар сиёсатчи ва юқори рутбали ҳарбийлар ҳалок бўлган самолёт ҳалокатини тадқиқ этган олимлар жамоаси фитна назариялари ижтимоий қатламларни янада бўлиб юборгани ва зиддиятларни кучайтирганини аниқлаган.
Президент ва бундай кўп сонли сиёсатчиларнинг ўлими аксар одамларда ижтимоий ишончсизликни юзага келтирган ва улар шубҳали даъволарга ишонувчан бўлиб қолган.

Сурат манбаси, Getty Images
Огоҳлантириш сўзи
«Фитна назариялари жамият учун хавфли бўлиши мумкин,» дейди доктор Пантази.
«Эмлашга қарши инсонлар ўз фарзанди соғлиғини хатарга қўяди.»
Бироқ ўзини энг ақлли ҳисобловчи инсонлар ҳам фитна назариялари қурбонига айланиши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
"Бундай кулгили ҳикояларга ишонмасада, кўплаб одамлар доимо интернетда янгидан-янги фитна назарияларини излаб юради. Уларнинг катта қисми на у гапларга ишонади, на улар инкор қилади."
Ва ана шу ерда уларда бундай таажжубли иддаоларни инкор қилиш имконияти пайдо бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












