Дунё, янгиликлар: Исроил Бош вазирининг рафиқаси давлат пулини нотўғри сарфлаган, Саудия танкерларга ҳужумда Эронни айблади, Гонконгда яна намойиш

Сурат манбаси, Reuters
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳунинг рафиқаси бюджет маблағларидан нотўғри равишда фойдаланган деб топилди. Сара Нетаняҳу давлатга 15 минг доллар тўлаб қўйиши керак.
У Бош вазир қароргоҳида ошпаз йўқлигини баҳона қилиб кўчадан овқатланишга 99 300 доллар сарфлашда айбланганди.
У ўтган йили фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилишда айбланиб сўроқ қилинган.
Унинг адвокати жараённинг Сара хонимга алоқаси йўқлигини, бу ишлар унинг эрини обрўсизлантиришга қаратилганини айтган.
Айбини тан олгани тўғрисидаги келишувга асосан Бош вазирнинг аёли давлатга 12490 долларни қайтаради ва 2777 доллар жарима тўлайди.
Сара Нетаняҳунинг адвокати ўтган йили у кўчадан овқатланиш бўйича тартибдан бохабар қилинмагани ва таомлар уй бошқарувчиси томонидан буюртма қилингани ва улар нозик меҳмонларга тортиқ қилинганини айтганди.
2016 йилда суд Сара Нетаняҳуни иш вақтида ҳақорат қилишда айбдор деб топиб уй бошқарувчиси 47 минг доллар ундириб берганди.
Бош вазирнинг ўзи ҳам юридик тортишувлардан боши суддан чиқмай қолиши мумкин. Исроил Бош прокурори феврал ойида унга суд ҳукмини кутаётган уч иш порахўрлик, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилишда айблаб жиноий иш очиш нияти борлигини билдирганди.
Саудия Арабистони нефт танкерларига ҳужумда Эронни айблади

Сурат манбаси, Getty Images
Минтақада вазият таранглашаркан, Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон мамлакати ҳар қандай таҳдидга ўйлаб ўтирмасдан жавоб беришини билдирди.
Пайшанба куни Уммон кўрфазида нефт олиб кетаётган икки танкер ҳужумга учради. Бу бир ой олдин Бирлашган араб амирликлари қирғоқларида нишонга олинган тўрт танкердан кейинги иккинчи ҳодиса бўлди.
АҚШ ҳам ҳужумларда Эронни айблаяпти. Бироқ Эрон ушбу ҳужумларга алоқаси борлигини рад этган.
"Биз минтақда уруш бўлишини истамаймиз... Бироқ халқимиз, суверенитетимиз, ҳудудий бирлигимиз ва ҳаётий манфаатларимизга солинган таҳдидларга ўйлаб ўтирмасдан жавоб берамиз. Эрон режими Япония Бош вазирининг Теҳронга қилган ташрифини ҳурмат қилмади. У Теҳронда бўлиб турган вақтда бири Японияга тегишли бўлган икки танкерга ҳужум қилиш билан жавоб берди", деган шаҳзода Муҳаммад бин Салмон.
Гонконгликлар яна норозилик намойиши ўтказмоқда

Сурат манбаси, Reuters
Гонконгда минглаб одамлар Хитойга экстрадиция қилиш ҳақидаги қонунга қарши яна навбатдаги оммавий намойишга чиқди. Ҳукумат ҳужжатни кўриб чиқишни номаълум муддатга қолдириши норозиларни тинчлантира олмади.
Кўриб чиқилаётган қонунчиликдаги ўзгаришлар бошқа давлат томонидан жиноят қилишда айбланаётган автоном бўлгадаги шахсларни экстрадиция қилиш имконини беради.
Агар ўзгариш қабул қилинса, шаҳарликларни Гонконг билан келишуви йўқ Тайван, Макао ва Хитойга экстрадиция қилишлари мумкин.
Янги ўзгартиришларга қарши чиқаётганлар экстрадиция ҳақидаги қонун Хитой халқ республикасининг Гонконгдаги сиёсий мухолифларига қарши қўлланиши мумкинлигидан хавотирга тушмоқда. Айнин шу сабабдан ўтган ҳафта давомида юз минглаб одамлар ҳар куни кўчаларда норозилик намойиши ўтказди.
Яқинда шаҳар ҳокими Кэрри Лам қонун лойиҳасини кўриб чиқиш номаълум муддатга қолдирилганини билдирди.
16 июн, якшанба куни Гонконгдаги Виктория майдонига аксари қора кийим ва оқ гул кўтариб олган оломон йиғилди.
Намойишга чиққанлар шаҳар ҳокими Кэрри Ламнинг истеъфосини талаб қилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












