Клинтон ва Трамп: Россия ва Путин ҳақида

Сурат манбаси, Getty Images
Сайловолди ташвиқоти давомида Ҳиллари Клинтон бир эмас, бир неча бор Россия ва унинг президенти Владимир Путин номини тилга олди.
Худди шу сайловолди тарғибот даврида WikiLeaks Ҳиллари Клинтоннинг ҳакерлар қўлга киритган электрон мактубларини эълон қилди.
Мактублардан бирида Клинтон хоним 2013 йилда Goldman Sachs банкирлари билан учрашуви чоғи Путинни "қизиқарли шахс" деб таърифлаганди.
"Мен Россия билан яна ҳам ижобийроқ муносабатларни давом эттириш тарафдориман. Мен Путин АҚШ билан муносабатларга сал ортиқча эҳтиёткорликни йиғиштириб қарашини истайман, шунда биз бир неча масалалар устида ҳамкорликда ишлаган бўлардик", деб айтганди Клинтон хоним.
"Мен Путин билан бирга ўтирганман, жуда қизиқарли инсон ва қизиқ суҳбатлар қуради. Бир неча саволлар устида, жумладан биз учун муҳим масалаларда гаплашиб олдик", деб қўшимча қилган у.
2015 йилда у президентлик учун номзодини илгари сурар экан, "Россия Суриядаги зиддиятга барҳам бериш учун муҳим рол ўйнаши мумкин", дейди.
2015 йилнинг декабрига келиб эса, Клинтон хоним Сурия учун парвоз тақиқланган ҳудуд жорий этиш таклифи билан чиққанди.
Агар Россия учоқлари бу ҳудудни бузишса, уларни уриб туширишга буйруқ берасизми, деб сўралганида эса, "бундай бўлмайди, чунки биз ҳудуд ҳақида эълон қилсак, Россияга тўла маълумот берамиз, мен уларни ҳам музокаралар даврасида бўлишини истайман", деб жавоб берганди.
Аммо 2016 йилнинг сентябр ойига келиб Клинтон хонимнинг айни масалада қарашлари ўзгарди.
"Россия ва Эрон Ассадга босим кўрсатишдан бош тортишди, натижада вазият ёмонлашди... Бу босим инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин эди".
2016 йилнинг сентябр ойида Ҳиллари Клинтон "Россия" сўзини "ИШИД" билан бир қаторда келтирди, айни гуруҳ Россиянинг ўзида ҳам тақиқланган.
"Биз Россия, Хитой, Эрон ва Шимолий Кореядан, ИШИД каби террорчи гуруҳлардан келаётган таҳдидларга жавоб беришимиз керак", деб айтди Клинтон хоним.
"Бизнинг ҳарбий кучларимиз ҳар қандай таҳдидга огоҳлантиришсиз ҳавода ҳам, қуруқликда, фазода (космос) ва киберфазода ҳам жавоб беришга тайёр бўлиши керак. Мен президент ўлароқ, Қўшма Штатлар кибер ҳужумларни бошқа ҳужумлар каби жиддий қабул қилинишига эришаман", деб давом этган эди у.
Октябр ойида эса Клинтон Россияни АҚШга нисбатан кибер ҳужумларда очиқчасига айблаб чиқди.
Трамп Путин ва Россия ҳақида қандай фикрда?
Доналд Трамп ҳам сайловолди ташвиқотида бир неча бор Путин ва Россияни тилга олди.
2015 йилда президентлик учун ўз номзодини эълон қилар экан, "Мен Владимир Путин билан аъло даражада муносабатларни ўрнатаман. Мен шундай фикрдаман", деб айтганди.
2015 октябр ойида у яна бир бор бу масалага тўхталган ва "у ( Путин) билан ҳозиргидай муаммоларимиз бўлади деб ўйламайман", дея баёнот берганди.
2015 йилнинг декабрига келиб Россия президенти Владимир Путин ҳам Доналд Трамп ҳақида илиқ бир чиқиш қилди.
"Ўз мамлакати ва чет элларда ҳурмат қозонган шахс сизни мақташи фахрланишга арзигуликдир...Мен доим Россия Америка билан биргаликда террорчиликни енгиши ва дунёда тинчликни барқарор қилишига ишонганман. Биз бир-биримиз билан савдо қилишимиз мумкин, ўзаро ҳурмат ортидан келадиган бошқа манфаатларни айтмаса ҳам бўлади", деган эди Путин.
MSNBC тармоғи билан суҳбатда журналист Путиннинг гўё журналистларни ўлдираётгани ҳақида савол беради.
Трамп бу саволга "у ўз мамлакатини бошқармоқда, нима бўлса ҳам раҳбар, бизни мамлакатни бошқараётганга ўхшаган эмас...бизнинг давлатимиз ҳам ўлдирмоқда керак бўлса", қабилида жавоб берганди.
2016 йилнинг февралида эса Трамп Путин билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтди.
"Менинг у билан ҳеч қандай алоқам йўқ. У мени даҳо деб атади. У Доналд Трамп партия раҳбари, мамлакат раҳбари ва балки дунё раҳбари бўлади деганга ўхшаш чиқиш қилди. Бундан ташқари, биз бошқа давлатлар билан яхши алоқалар ўрнатишимиз керак. Менимча, Путин билан бизнинг алоқаларимиз яхши бўлади", деб айтганди Трамп.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг












