"Минглаб Марказий Осиёликлар Сурия ва Ироқда жанг қилмоқда"

Шу кунларда Сурия ва Ироқда Исломий Давлат гуруҳи сафларида минглаб Марказий oсиёлик жанг қилмоқда.
Бу ҳақда асли Жиззах вилоятидан бўлган Хуршид Мухторов Би-би-си билан бўлган суҳбатда маълум қилди.
Унинг айтишича, Исломий Давлат сафларида бўлганларнинг кўпчилигини ўзбеклар ташкил этади.
34 ёшли Хуршид Мухторовга кўра, собиқ Совет Иттифоқи республикаларидан бориб, Исломий Давлат сафларига қўшилаётган мусулмонлар адади мунтазам ортиб бормоқда.
Хуршид Мухторовнинг айтишича, у Сурияга "беш-олти ой" муқаддам Туркия орқали ўтган.
Исломий Давлат сафларида Кобани атрофида юз берган жангларда қатнашган ва яраланган.
У ҳозирда Таққа минтақасида яшаётганини айтади.
Хуршид Мухторов 2012 йил январида Қўшма Штатларда Федерал Қидирув Хизмати томонидан ҳибсга олинган Жамшид Мухторовнинг укасидир.
Америка хавфсизлик идоралари 38 ёшли Жамшид Мухторовни Ислом Жиҳод Иттифоқи ташкилотини молиялаштириш ва террорчилик ҳужумини содир этишга интилишда айблашмоқда.
Жамшид Мухторов 2007 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қочқин мақомини олган ва АҚШнинг Колорадо Штатига жойлаштирилган эди.
Жамшид Мухторовни таниган ўзбекистонликлар унинг Қўшма Штатларда бошпана олгунга қадар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлганини айтишади.
АҚШ Давлат Департаментининг 2005 йилда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид ҳисоботида маълум қилинишича, Жамшид Мухторовнинг синглиси Дилдора Мухторова қотилликда айбланиб, ҳибсга олинган.
Жамшид Мухторов ҳибсга олингунга қадар оиласи билан Денвер шаҳри яқинидаги Аврора минтақасида яшаган ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлган.
Хуршид Мухторовни яхши таниганлар, у Ўзбекистонда экан спорт мураббийи бўлганини айтишади.
Уларга кўра, Хуршид Мухторов Жиззах шаҳри спорт клубларидан бирида киксбоксинг бўйича ёшларга сабоқ берган.
Хуршид Мухторов билан бўлган суҳбатни тингланг.