‘Дунёда энг бахтсиз Сурия ва Афғонистон’

Бу каби хулосага Gallup and Healthways тадқиқот маркази келган.

Марказ жаҳондаги энг бахтиёр давлат, деб Панамани топган.

Марказий Осиё давлатлари орасидан эса, бахтлилик бобида Туркманистоннинг олдига тушадигани йўқ экан.

Gallup and Healthways тадқиқот марказининг сўрови дунёнинг 135 давлатида олиб борилган.

Сўров доирасида иштирокчи мамлакатлардаги беш жиҳат:

1. Молиявий барқарорлик

2. Ўзаро муносабатлар

3. Ижтимоий ҳимоя

4. Саломатлик

5. Одамлардаги яшашдан мақсад

туйғусига эътибор қаратилган.

Ўтган йили олиб борилган 133.000 сўров натижасини бир ерга жамлаб, якуний хулоса чиқарилган.

Унга мувофиқ, аксарият кўрсаткичлар бўйича Панама дунёдаги энг бахтиёр мамлакат бўлиб чиққан.

Аён бўлишича, бунга одамларидаги табиатан некбинлик, нисбатан сиёсий барқарорлик ва тараққий этиб бораётган иқтисоди асос берган.

Лекин, шунда ҳам, Панама аҳолисининг қанчалар ўзига тўқлиги бобида яхши натижа кўрсатмаган.

Юқори бешликни эса, Коста Рика, Дания, Австрия ва Бразилия тўлдиришган.

Қудратли АҚШ эса, жамғарган умумий кўрсаткичлари бўйича, ҳатто, юқори ўнликка киролмаган: 12-ўрин билан кифояланишга мажбур бўлган.

Gallup and Healthways, ўз ўрнида, Сурия ва Афғонистонни дунёнинг энг бахтсиз давлатлари, деб топган.

Агар, тадқиқот натижаларига таянилса, бу давлатлар бахтиёрликнинг камида уч жиҳати бўйича 1 фоиз ҳам натижа қайд этишолмаган.

Марказ бу икки давлат аҳолиси урушлардан адо бўлган, келажагига ишончи йўқ, деган хулосага келган.

"Бахтсизлар"нинг юқори ўнлигига, бу икковлондан ташқари, яна Ҳаити, Конго Демократик Республикаси, Чад, Мадагаскар, Уганда, Бенин, Хорватия ва Гуржистон кирган.

Агар, энг сўнггида қисқача хулоса қилинса, бахтиёрлик бобида Лотин Америкаси, бахтсизлик масаласида эса, Африка қитъаси вакиллари олдига тушадигани топилмабди.

Марказий Осиёга келганда:

Бахтиёрлик бобида энг яхши натижани 135 давлат орасидан 38-ўрин билан Туркманистон қайд этган.

Иқтисоди анча фаровон бўлган Қозоғистон эса, рўйхатда 46-ўринни эгаллаган Қирғизистондан 23 поғона пастда келган.

Янги сўровда минтақа давлатлари орасидан 88-ўрин билан қўшни Тожикистон энг ёмон натижани қайд этган бўлса, янги сўровда Ўзбекистон ҳақида сўз бормайди.

Россия эса, бахтиёрлик бобида шунча давлат орасидан ўртача(62-ўрин) натижа кўрсатган.

Худди шу манзарада Украина (116-ўрин) рўйхатда энг қуйи ўринлардан бирини эгаллаган.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, AP

Аммо Gallup омма фикрини ўрганиш маркази томонидан 2012 йилда олиб борилган сўров Ўзбекистонда ўзини бахтли ҳисобловчи инсонларнинг сони "бахтсизман", деганларидан бир неча ўн баробар кўп эканига далолат қилганди.

Яъни, сўров Ўзбекистонда "бахтлилар"нинг сони 65 фоизни ташкил этган бир пайтда, "бахтсизлари" бор-йўғи 2 фоиз эканини кўрсатганди.

Бу ўшанда собиқ МДҲ давлатлари орасидаги энг яхши кўрсаткич, дея эътироф этилганди.

Бундан келиб чиқиб, социологлар бахтлилик даражаси - у ёки бу халқнинг маданий ўзига хослигига боғлиқ, деган хулосага ҳам келишганди.

Улар худди ўша йили шунча тадқиқотлари ортидан ҳам, одамларни нима бахтли қилишини англаб етмаганликларини ҳам тан олишганди.

Социологларга кўра, миллий ўзига хосликлар, маҳаллий ижтимоий шароит ва миллий руҳият бу каби стандарт саволларнинг жавобларига жудаям катта таъсир кўрсатади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02