Уй қамоғидаги Гулнора Каримова отасидан 'машҳур'

Ўзбекистонлик сиёсатчилар рейтингини кузатиб келаётган "Биржевой лидер" нашрига кўра, июл-август ойларида Гулнора Каримованинг номи интернетда отаси- Президент Ислом Каримов номидан уч марта кўп тилга олинган.
"Биржевой лидер"нинг машҳурлик жадвали "Яндекс" саҳифасида берилган қидирув ва "Яндекс новости" да қанчалик кўп тилга олинганига қараб тузилган.
Унга мувофиқ, сўнгги икки ойда Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг номи 3497 марта қидирилган, отаси Ислом Каримовнинг номига эса 1 166 марта сўров берилган.
Биринчи учликни 628 та сўров билан Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг қудратли раиси Рустам Иноятов якунлайди.
Жадвалда Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев тўртинчи, унинг ўринбосари Рустам Азимов эса бешинчи ўринни эгаллашган.
Мирзиёев ва Азимов Президент Каримовнинг эҳтимолий меросхўрлари сифатида энг кўп тилга олинадиган сиёсатчилардир.
Яқин-яқингача отасининг ўрнига асосий даъвогарлардан бири деб кўрилган 42 ёшли Гулнора Каримова ўтган ой ўзи ва қизининг уй қамоғида эканликларини тасдиқлаган.
Би-би-си қўлга киритган аудио ва видеотасмада Каримова хоним ўзларига "итдан ҳам баттар" муомала қилишаётганини айтган.
Гулнора Каримова "Биржевой лидер"нинг ўзбекистонлик сиёсатчилар рейтингида ушбу рейтинг тузила бошланган 2012 йил декабридан буён биринчи ўринни эгаллаб келади.
Айни пайтда жаҳон хабар агентликларида номи тилга олиниши бўйича мутлақ биринчилик Президент Каримовга тегишли.
'99 фоиз'

Сурат манбаси, Reuters
Ўзбекистон сиёсий саҳнасида жаноб Каримовдан бошқа омма кўз олдидаги сиёсатчи йўқ ва ўзбек ҳукумати мулозимлари ижтимоий тармоқларда ўз номларини тарғиб қилмайдилар.
Айрим таҳлилчилар Гулнора Каримова ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари билан ўзи билиб-билмаган ҳолда отаси бошқараётган ёпиқ тузумининг тамалларига зарба бера бошлагани ва шунинг учун сиёсий ҳаётдан четлатилганини айтишади.
Каримова хонимнинг ўзи ҳам Би-би-сига йўлланган аудио ёзувларда бошига тушган муаммоларнинг "ҳаммасига очиқ гапиргани сабаб" эканини айтган.
Ўзбекистонда сиёсатчиларнинг рейтингини тузиш одат тусига кирмаган.
Мамлакатдаги ягона "Ижтимоий фикр" омма сўрови маркази вақти-вақти билан ўзбекистонликларнинг Президент Ислом Каримов олиб бораётган сиёсатга муносабатлари экани айтилган сўров натижаларини эълон қилиб туради.
Уларда сўралганларнинг 99 ёки ундан кўпроқ фоизи Президентнинг сиёсатини "маъқуллашади".
Марказ директорининг ўринбосари Марат Ҳожимуҳаммедовнинг Би-би-сига айтишича, ушбу сўровларда одамларнинг Ўзбекистондаги бошқа сиёсатчилар ёки бошқа ҳукумат аъзоларининг фаолияти ҳақидаги фикрлари сўралмайди.
"Биз бу одамлар раҳбарлик қилаётган идоралар, масалан, Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги ёки Олий Мажлис ҳақидаги фикрларни сўраймиз, чунки бизнинг назаримизда шахслар эмас, балки давлат институтларининг фаолияти муҳимдир", - дейди тадқиқотчи.
Марат Ҳожимуҳаммедовга кўра, "Ижтимоий фикр" маркази худди шу важдан Гулнора Каримованинг ҳам рейтингини кузатмаган.
"Биз сўрамаганмиз, чунки улар ҳозирги пайтда биронта давлат институтига раҳбарлик қилаётганлари йўқ", - дейди "Ижтимоий фикр" марказидан Марат Ҳожимуҳаммедов.












