"Каримовага қарши айбловлар сиёсийдир" - Лондондаги воиз

Гулнора Каримованинг яқин шериклари Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакянларнинг Ўзбекистонда ҳукм қилингани борасидаги хабарлар манзарасида, Каримова хонимнинг оиласи воизи эканини айтган шахс Гулнора Каримованинг Оврўподаги порахўрлик ва пул ювиш ишларига алоқаси борлигини рад қилган.
EurasiaNet.org хабар агентлиги электрон почта орқали олган мактубда бу воиз: "Гулнора Каримовага қарши қилинган иддаоларни асослаб бериш учун ҳеч қандай далил-исбот йўқ", деб ёзади.
EurasiaNet.org хабар агентлигига кўра, бу шахс Лондонда жойлашган таниқли пиар ширкати ходими бўлиб, ўз исми-шарифи ва ширкат номи сир тутилишини илтимос қилган.
Би-би-си мақоланинг муаллифи Жоанна Лиллисга боғланганида, Лиллис хоним айни ширкатнинг Лондонда жойлашгани ва воиз ҳақиқатдан ҳам шу ширкатнинг ходими эканини тасдиқлади.
Воиз Тошкентдаги суд ишларига Гулнора Каримованинг қандай алоқаси борлиги ё йўқлиги ҳақида бирон баёнот қилмаган.
"Бироқ, унинг Ўзбекистон президентига қандай алоқаси борлиги назарда тутилса, 2015 йилда бўлиб ўтиши режаланган (президентлик) сайловлардан олдин Гулнора Каримовага қарши қилинаётган иддаолар сиёсий экани эҳтимолини назарда қочирмаслик керак", - деб айтган воиз.
Би-би-си билан суҳбатлашган швециялик терговчи-журналист Фредрик Лоринга кўра, Каримова хоним ва унинг шерикларига боғлиқликдаги коррупция тергов ишлари доираси кенгаймоқда.
"Ҳозирда швециялик прокурорлар ўн ва ҳатто ундан ортиқ давлатларнинг расмийлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб боришаяпти", - деб айтган жаноб Лорин.
Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримовга кўра, онаси Тошкентда уй ҳибсида сақланмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












