Ўзбекистонда биометрик паспорт тарқатиш қандай уддаланяпти?

Сурат манбаси, none
Хабарларга кўра, биометрик паспорти бўлмаган фуқароларнинг 1 июлдан кейин хорижга чиқиши тақиқланиши бутун мамлакат бўйлаб жойлардаги хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни қайд қилиш идоралари олдида узундан-узун навбатларни ҳосил қилган.
Бу идоралар паспортини алмаштирмоқчи бўлган инсонларнинг аризаларини қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш ва биометрик паспорт бериш амалларини уддалай олмаяптилар.
Аммо Ўзбекистон ҳукумати ўзининг 6 февралда қарор берган бу амалиётни тезлаштираётгани сабабини ҳануз изоҳламаган.
Айни пайтда расмий хабарларга биноан, республикада 2 миллиондан ортиқ одам биометрик паспорт олишга улгурган.
Президент қарорига кўра, эски паспортларнинг амал қилиш муддати 2015 йил декабригача белгиланган.
Маълумки, бугунги иқтисодий шароит туфайли аксар ўзбекистонликлар хорижда ишлаб даромад топишга мажбур этилганлар, 1 июлдан кейин Россия, Қозоғистон ёки бошқа хориж давлатига чиқа олмай қолиш эҳтимоли минглаб, балки ўн минглаб фуқарони ОВИР идораларига бош уришга мажбур қилган.
Тартибга кўра, 9 кунда бериладиган паспорт сунъий талабнинг орттирилиши натижасида камида бир ой, баъзида ундан ҳам кўп муддатда тайёрлаб берилмоқда.
Биометрик паспорт олиш жараёни анъанавий ариза, фотосуратдан ташқари паспорт эгасининг бармоқ изи ёки кўз қорачиғи ҳақидаги маълумотларни жойлаган чип бўлишини ҳам талаб қилади.
Ўзбекистонга биометрик маълумот чипини тайёрлаб берадиган ускунанинг эса хориждан олиб келиниши зарурлиги хабар қилинган.
Охирги пайтларда маҳаллий ОВИР ходимлари чип тайёрлайдиган ускунанинг бузилиб қолгани ёки айрим эҳтиёт қисми етишмаётгани туфайли аризачиларнинг янги паспорти ўз вақтида тайёр бўлмаганини важ қилиб кўрсатишган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қарорига кўра, янги биометрик паспорт олаётган фуқаролар энг кам иш ҳақининг 50 фоизи яъни айтилишича, 47 минг сўмдан ортиқ тўлайди.
Бироқ муддатнинг оз қолгани одамларни ўз ўзидан қўшимча пул ҳисобига паспортни қисқа муддатда қўлга олиш йўлларидан фойдаланишга мажбур қилади.
Ўзбекистонлик аёлга кўра, бундан бир ой олдин 194-бўлиб навбатга ёзилган. Лекин навбати якшанбага тўғри келиб, боролмагач, яна янгитдан рўйхатга ёзилишга мажбур бўлган. Унинг айтишича, аввал ўқишга кирувчилар кўп бўлган бўлса, ҳозир ОВИР идоралари олдида хорижга чиқмоқчи бўлганлар ҳаддан ташқари кўп.
Хорижга кетмоқчи яна бир фуқаронинг айтишича, паспорт столдаги аёлга 50 доллар бериб 10 кунда паспортини қўлга олган. 50-100 долларгача олиб қилиб беришяпти тезроқ, дейди у.
Шунингдек, бошқа бир суҳбатдош кунига ОВИР олдида 60-70 киши навбатда туриши, гали етмаганлар бошқа кунга қолишини айтади. Унга кўра, навбат кўп бўлсада, ҳаммаси тартиб билан амалга оширилмоқда.

Сурат манбаси, none
Ўзбекистон фуқароларининг катта қисми тирикчилик важидан Россияда бўлгани сабабли, россиялик текширувчилар "паспортингда нега рус тилидаги ёзув йўқ", деб муаммо қилган ҳоллар бўлгани айтилади.
Лекин ҳуқуқини ва кўп ҳолларда рус тилини билмаган муҳожирлар Ўзбекистонда ортиқча харажат билан рус тилида нусхасини олиб, уни нотариусга тасдиқлатиб кетаётган ҳоллар мавжуд.
"Менинг хўжайиним Россияга ишлашга кетиш олди паспортларининг русча нусхасини олиб кетдилар. Бошқалар ҳам шундай қиляпти, аэропортдан ўтказишмаяпти экан", дейди турмуш ўртоғи мардикорликка кетган аёл.
Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон ўз фуқаросининг четга чиқишини назорат қиладиган чиқиш визаси тартиби амал қиладиган дунёдаги бармоқ билан санарли мамлакатга айланиб қолди, Ички ишлар идоралари фуқаронинг хорижга чиқиш визасини Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати маъқулловидан кейингина олади.
Ҳар бир мамлакатнинг хориждаги консуллиги ўз фуқаросига паспортини алмаштириб бериши жаҳон амалиётида қўлланадиган тартиб.
Бироқ шу кеча-кундузда Ўзбекистоннинг чет эллардаги консулликлари эски паспортни биометрик паспортга алмаштириб беришни рад қилмоқдалар, ҳар бир кишининг Ўзбекистонга бориб, ўзининг яшаш жойидан ҳужжатини алмаштиришни талаб қилмоқда.
Кузатувчилар чиқиш визаси талаби ҳам, Ички ва Ташқи ишлар вазирликларининг хориждаги фуқарога паспорт бермаслик қарорлари мамлакат бош қонуни нуқтаи-назаридан қайта кўриб чиқилиши лозимлигини урғулайдилар. Уларга кўра, ҳукуматнинг янги қарори қар қандай йўл билан бўлса ҳам, фуқароларини назоратда ушлаш туриш усули. Фуқаролар эса қўшимча муаммога дуч келишдан кўра, қонунга зид талабларни бажаришни маъқул кўришади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002
Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.
Россияда яшовчи ўзбекистонлик Whatsapp орқали шундай изоҳ қолдирган:
Мен ўзим Россия фуқаросиман. Хотиним Ўзбекистон фуқароси бўлади. Бизнинг доимий яшаш жойимиз Россияда, Санкт-Петербургда. Хуллас, биз учун вазият чатоқ бўлиб қолди. Хотиним 25 ёшга кириш олдидан паспортини алмаштиришга Ўзбекистонга, Сурхондарё вилоятига кетганди. Бизнинг уч яшар кичик ўғлимиз бор. У мен билан қолганди. Ўйлагандик, онаси икки ҳафта ичида қайтиб келишини онасининг. Мана, орадан икки ярим ой ўтди, паспортдан ҳалиям дарак йўқ. Паспортини уч ҳафта ичида танишлари орқали югура-югура топширганди. Ўғлимиз қийналиб кетди, ҳар куни йиғлайди "онам қачон келади", деб. Хуллас биз ҳозир қийин вазиятга тушиб қолдик. Хотиним ҳар икки-уч кунда паспорт столига қатнаб, қачон тайёр бўлишини суриштириб юрибди. Уларнинг жавоби, паспортинг ҳали тайёр эмас, тайёр бўлса чақирамиз, дейди экан. Энди яна қанча кутиш мумкин, номаълум. Нима қилишга ҳайронмиз.












