Швейцария прокуратураси Гулнора Каримова устидан текширув бошлади

Швейцария давлат прокурори Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовани ноқонуний пулларни ўзлаштиришда гумон қилиб, текширув бошлаганини маълум қилган.
Давлат прокурорига кўра, прокуратура Гулнора Каримова билан тижорий ва шахсий алоқаларга эга бўлган тўрт шахс устидан бошлаган текширувни кенгайтириб, ишга Ўзбекистон президентининг қизини ҳам қўшишга қарор қилган.
Швейцария расмийларининг маълум қилишларича, улар Ўзбекистон телекомунникация бозоридаги алоқадор экани айтилган ва Швейцария банкларида сақланаётган маблағларнинг ноқонуний ўзлаштирилиши эҳтимоллари юзасидан текширув ишларини бошлаганлар.
Ҳозирга қадар 910 миллион АҚШ долларидан ортиқроқ маблағ музлатиб қўйилгани хабар қилинган.
Ўтган йил август ойида Швейцария полицияси Женевадаги тўрт манзилда тинтув ўтказиши ортидан, тўрт Ўзбекистон фуқаросига қарши ноқонуний пулларни ўзлаштириш гумони билан жиноий иш очганди.
Би-би-сининг ишончли манбаларининг айтишича, тинтув ўтказилган уйлардан бири Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли вилла бўлган.
Ўтган йилнинг 17 ва 18 июн кунлари Гулнора Каримовага тегишли Париждаги ҳашаматли уй ва Сан Тропе оромгоҳидаги виллага муҳр босилгани хабар берилганди.
Франция полицияси мазкур тинтувни Швейцарияда тергов қилинаётган ноқонуний пулларни ювиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида амалга оширгани айтилганди.
Швейцария прокуратураси Франция ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўз сўровига биноан Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизига тегишли экани айтилган бир неча манзилга рейд уюштирганини тасдиқлаган.
Айтилишича, амалиётдан мақсад "ҳужжатларни қўлга киритиш бўлган".
Кейинчалик Гулнора Каримованинг ўзи Твиттер микроблогида Франциядаги терговга муносабат билдирганди.
Гулнора Каримова пул ювиш ва коррупция даъволарини рад этган ва ғарб матбуотидаги чиқишларни ўзини ёмонотлиқ қилиш кампаниясининг бир қисми, деб атаган.
Твиттердаги саҳифасида Франциялик журналист эканини айтган фойдаланувчининг бу борада интервью бериш ҳақидаги сўровини рад этган Каримова хоним "Сен кир қидираётганингни билардим. Ахлат кавлашда сенга омад ёр бўлсин!" дея заҳарханда қилган.
Ўтган йили Швецария прокуратураси "Телиасонера" мобил телефон ширкатининг Ўзбекистон бозорига кириб бориши учун Гулнора Каримованинг яқин шериги ҳисобланган 24 ёшли Гаянэ Авакян назорат қилувчи Гибралтардаги компания ҳисобига 250 миллион доллар тўлагани юзасидан айбловлар асосида жиноий текширув жараёни бошлаганди.
Кейинчалик Швецариядаги Гаяне Авякан ва яна қатор ўзбекистонликларга тегишли банк ҳисобларидаги миллионлаб долларлар музлатиб қўйилгани ҳақида маълум қилинган.












