Жасур Ҳамроев: Ҳар бир вазиятга виждонан йўл тутиб, одилона қарашга ҳаракат қилганман

Жасур Ҳамроев Бухоро вилояти, Қоракўл туманида туғилган.
ТошПМИда таҳсил олган.
IIMC (Indian Institute of Mass Communication) нинг «Development Journalism” курсини муваффақиятли тугатган.
Ўзбекистонда маданият, санъат, ижтимоий ҳаётга дахлдор сўнги хабарлардан дарак берувчи www.shov-shuv.uz сайти асосчиси.
Сайт бундан 10 йил олдин биринчилардан бўлиб ташкил этилган бўлиб, дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларидан мунтазам ташриф буюрувчиларига эга.
Йиллар давомида Ўзбекистондаги маданият, шоу-бизнес ва шу йўналишдаги қатор бошқа веб-сайтлар ривожланишида салмоқли ҳисса қўшган.
“Даракчи” газетасининг оммалашишида (Анвар Намозов билан биргаликда) анча ҳисса қўшган.
Ўзбекистонда ўтказилаётган юзлаб тадбирларда бош ахборот кўмаги сифатида ҳам кўмак берган.
Сайт Ўзбекистон интернет журналистикаси тарихида илк бор йирик маданий тадбирларда хорижий ахборот кўмаги бўлган:
IIFA (Internatioanl Indian Film Academy Awards) 2012 – Singapore
IIFA (Internatioanl Indian Film Academy Awards) 2013 – Макао
NABSHOW 2013 – Лас-Вегас
Cinemacon 2013 – Лас-Вегас
Нью-Йоркда “УзТВНьюЙорк” томонидан ташкил этилган тадбирларда ўзбек маданияти ва санъатини дунё бўйлаб кенг тарғиб қилаётгани учун махсус сертификатлар билан тақдирланган.
20 000 дан ортиқ интервью ва мақолалари ўзбек ва хориж нашрларида чоп этилган.
Саёҳатни хуш кўради. Дунёнинг 40 дан ортиқ шаҳарларини кезган.
Ҳаётдаги шиори: “Фақат яхшилик қолади! Ҳаётда ҳамма эзгулик қилганида, ёмонликка ҳеч ким доялик қила олмаган бўлур эди!”
"Шов-шув.уз" сайтининг асосчиси ва муҳаррири Жасур Ҳамроевнинг Би-би-си ўқувчилари саволларига жавоблари
Одилжон Маҳдумий, Ўш: Муҳтарам Жасурбек, "Шов-шув.уз"сайтини очишингиздан мақсад маданият ва санъат аҳлининг шахсий дахлсизлигини очиб ташлашми ёки уларнинг ижод намуналарини рўёбга чиқариб рағбатлантиришми?
Гавҳар, Тошкент: Сайтингизнинг номи нега "Шов-шув"? Бу мавзуингизни чеклаб қўймайдими?
Жасур Ҳамроев: Энди шов-шув- бу бизнинг менталитетимизга жуда яқин сўз деб биламан. Ўйлашимча, бу жуда кўп ўқувчиларнинг диққатини ўзига тортади. Ундан ташқари шов-шув нафақат маданият, санъат ёки шоу-бизнесга дахлдор бўлиши мумкин. Бу умуман турмуш шароитимизда, ижтимоий ҳаётда, борингки сиёсат, маданиятда, умуман турли жабҳаларда бўлиши мумкин. Шу маънода одамларнинг диққатини жалб этиш мақсадида ва ўзимиздан келиб чиққан ҳолда "Шов-шув" деб номлаганман. Сайтимнинг асл мақсади ҳеч бир санъаткорларни шахсий ҳаётига эътибор қаратиш ёки ижодий фаолиятини кўпроқ ёритиб рағбатлантиришдан иборат эмас. Санаб ўтганимдек, жуда кўп соҳаларни ёки турли йўналишларни қамраганмиз. Шу маънодаги энг сўнгги янгиликлар ёки энг қизиқарли шахслар билан интервюлар чоп этилади. Назаримда ўн йилдан бери ўзига яраша аудиториянинг ишончини қозонишга ҳаракат қилиб келяпмиз.
Музаффар, Прага: Ўзбек интернет журналистикаси қанчалик ривожланган? Ёшлар кундалик матбуотни ўқишадими ёки интернетни?
Жасур Ҳамроев: Шу ўринда озгина тарихга, ўн йил олдинга қайтмоқчи эдим. У пайтларда ҳалиям эсимда, биринчи сайтимни ташкил қилган маҳалимда ҳатто "интернет нима у, сайт нима ўзи?"- деган санъаткорлар бўлган. Биринчи бошида мен айнан шоу бизнесга бағишлагандим сайтимнинг жуда кўп янгиликларини, 90 фоизини. Ўша маҳалларда интервю сўраб, бирор янгилик сўраб мурожаат қилганимда кўп санъаткорларнинг ҳатто ақли етмаган интернет нималигига. Мен ишонган эдим, кези келиб албатта интернет жуда яхши ривожланади. Керак бўлса ўша матбуот, радио- телевидениедан кўра интернетга эътибор кучайишига кўнглим сезги берган эди. Бугун ёшлар жуда кўп нарсани интернетдан топа оляпти. Ўз дунёсини кўрсатаяпти, билим салоҳиятини оширяпти. Ҳамма ўзига керакли нарсани иертернетдан топяпти.
Би-би-си: Ўзбекистонда интернет сайт юритиш осонми, нима қийинчилиги бор? Бундан ўн йил олдинги шароит бошқа эди, ҳозир шароитлар ўзгарди.
Жасур Ҳамроев: Интернет сайтлар сон жиҳатидан кўпайди. Лекин натижавий фоизи жуда ҳам паст. Қайси маънодаки, жуда кўп ўқувчиларимиз ўзбек тилидаги интернет сайтларидан қониқмаётганлиги боис, рус тилидаги сайтларга мурожаат қилаётганига ўзим ҳам кўп гувоҳ бўлганман. Бугун сайт очиш шу қадар осон бўлиб қолди. Лекин уни юритиш муаммога айланиб қолган. Шу боис фаолиятини тўғри йўлга қўйган сайтларгина кўнгилдагидек олиб боряпти деб ҳисоблайман. Қолгани, сайтларнинг орқасидан пул топиш, реклама орқали бу ҳали бизда унча ривожланмаган.
Бек, Америка: Sizni web sahifangizni O'zbekistonga qanday foydasi bor? Siz Vatanga nima beryapsiz?
Жасур Ҳамроев: Энди ҳозир ундай қилдим, менинг сайтим одамларга уни берди-буни берди десам тўғри бўлмайди. Бир нарсадан хурсанд бўлиб айта оламанки, 2004 йилда сайтни очган пайтимда ҳали интернетга қизиқиш йўқлиги бир томондан, сайт ёки шоу-бизнес ҳақида янги бир сайт очилди деган нарсани одамларга танитишнинг ўзи бир муаммо эди. Сайтим энг муҳими, мана ўн йил давомида тўхтаб қолгани йўқ. Йилдан-йилга ўзига яраша сайқаллашди. Ўзига хос катта-кичик аудиторияни эгаллай билди. Озми-кўпми одамлардаги интернетга бўлган чанқоқликни қондиришга ҳиссасини қўша олди. Менинг назаримда кимдир ўзининг соҳасида нимадир қўша олдими, демак бу ватаннинг қайсидир бир соҳасини ривожланишига қўшган фидойилигининг кичик бир намунаси деб биламан. 2004 йилда очилган сайтимга ҳавас қилиб очилган бир неча сайтлар бор ва улар ҳам яхши натижаларга эришяпти. Бунга ҳиссам борлигидан мамнун бўламан.
Бек, Америка: O'zbekistondagi ayol хonandalarda ochiq-sochiqlik juda ham ko'p. Misol uchun Yulduz Usmonova, Lola, Manzura, Tamila va Shahzoda kabi sana'atkorlarni yengil-yelpi kiyinishlari bu odatiy hol bo'lib qolmoqda. Nimaga bu san'atkorlarni kiyinishlarini hech kim nazorat ostiga olmaydi.
Жасур Ҳамроев: Санъаткорларнинг ижоди назорат қилинади. Лекин уларнинг кийинишини ҳар куни назорат қилишнинг иложи йўқ. Ким тўйга нима кияпти, клипга нима, энди ҳар ким ўзи тушуниб етиши керак буни биров ўргатишидан олдин. Лекин санъаткорларнинг ўзига яраша "инжиқлиги" бўлади. Лекин мана Юлдуз Усмонова ҳозир унча очиқ кийинмаяпти. Шаҳзоданинг ҳам кейинги икки йил ичида очиқ кийимларда суратга тушганини эслолмайман. Энди баъзилар бор ҳақиқатдан. Овози бўлмагандан кейин бошқа томондан одамларнинг эътиборини қозонгиси келади. Очиқ-сочиқлик шундан келиб чиқади. Шоу бизнесда ё талантинг билан ё имижинг билан машҳур бўласан деган гап ҳам бор.
Эркин, Туркия: Кейинги пайтларда ўзбек қўшиқчиларининг ҳаёсиз суратлари ва видеолари тарқалиб кетишига уларнинг ўзи қўл телефонларини йўқотиб қўйганларини баҳона қилишмоқда. Сизнингча бунинг сабаби нима? Ўзбек шоу-бизнесида тасодифий одамлар кўпайиб кетмадими?
Жасур Ҳамроев: Энди вазиятдан чиқиш йўлини қилган санъаткорлар бўлган бўлиши мумкин. Масалан, вазиятда ўзини оқлаш учун мухлислар олдида, омма олдида. Лекин шу даражагача борилгандан кейин ҳайф ҳам камлик қилади айрим санъаткорларга . Ёлғон ўзини оқлашлар, масалан телефоним йўқолиб қолди каби нарсалар ёки қора пиар орқали ўзини кўрсатмоқчи бўлгандир. Шу воқеалар битта нарсага ундайди - огоҳликка чорлайди. Ҳозир жуда кўпчилик қўл телефонига суратга тушмайдиган бўлди, ўзини яхшигина жиловлашга ҳаракат қиляпти. Демак бу яхшиликка хизмат қилди дейиш мумкин.
Гавҳар, Тошкент: Ҳозир қўшиқчилар концерт баннерларига "фақат фонограммадан фойдаланилади" деб ёзишади. Бундай концертдан нима фойда бор? Агар жонли ижрога ўтилса, нечта қўшиқчи қолади, деб ўйлайсиз?
Жасур Ҳамроев: Гавҳархонимга раҳмат! Ҳақиқатдан ҳам бугун 95-97 фоиз концертлар балки ундан ҳам кўпроқдир нафақат "фонограмма орқали ижро этилади" деган ёзув, балки фонограммадан жуда тўла-тўкис фойдаланилади. Мақсад битта-оммани алдаб концерт қўйиб, яхшигина пул ишлаш бўлиб қолган. Продюссерлар ёки санъаткорларнинг ўзида ҳам. Лекин мана бу йил хурсанд бўладиганимиз Озодбек Назарбеков шу пайтгача фонограмма орқали концерт қўйиб келадиган бўлса, энди фақат жонли ижрога ўтишини айтмоқда. Тўғри у буни 15-20 кунлик концертлари билан оқлаб, ҳамма қўшиқларни ҳар куни жонли куйлашнинг иложи йўқ дерди. Мана бу йил санъаткорнинг шахсан ўзи тан олиб, энди мени танқид қила олмайсиз, деб менга айтди. Мен бундан хурсанд бўлдим. Нимага деб сўраганимда, энди бир йил давомида олдимга мақсад қўйдим, концертимга қадар тўйдами, концертдами 10-15 та мусиқачиларим билан фақат жонли ижрода куйлайман, деган ваъдани берди. Мен ўзим бир неча жойда кузатдим, хонанда ваъдасига содиқ қолмоқда. Бу йил қани кўрамиз, Ўзбекистон Халқ артисти 15 кунлик концертини илк маротаба жонли деб эълон қилишини кутиб қоламиз. Энди бошқа санъаткорларга келсак. Улар машҳурлардан фойдаланишади. Баъзиларининг жонли ижрода умуман овози йўқ. Қўрқиб кетасиз эшитиб. Игор Иосис мусиқачиларни тўғри жойлаштириб, уларнинг мусиқасини жонли ижрода тўғри чиқариб бериш, овоз аппаратуралари бўйича энг кучли мутахассис бўлса унинг гонорари қимматлиги боис ҳамма ҳам ўзига эп кўролмайди. Ундан ташқари жонли чаладиган мусиқачилар кам. Санъаткорларнинг 80 фоизида овоз йўқ. Агар микрофонни олса ярим овоз тингловчига етиб бориш у ёқда турсин, "Истиқлол" саройи саҳнасининг ўзида қолиб кетади, пардаларига ёпишиб. Шу ўринда бир яхши ўзгариш- "Ўзбекнаво" концерт бирлашмаси қатор ташкилотлар билан "Марду майдон" жонли ижро фестивалини ўтказмоқда ва уддалай оляпти. Ёш-ёш талантлар борки, манаман деган халқ артистлари, хизмат кўрсатган артистлардан яхши айтяпти. Фақат жонли ижро бўладиган бўлса, ҳозир кўриб турган санъаткорларимиздан бир фоизи қолса ҳам катта гап, менинг фикримча. Қолгани, телевидение, радиоларда тинмай ҳар куни овози янграётган артистлар ўз-ўзидан уялиб йўқолиб қолса керак деб ўйлайман.
Соҳиба Ҳайитбоева, Москва: Фейсбукда "Ватандош" муҳаррири Фарҳод Султон билан баҳслаша туриб Ўзбекистондан ташқарида яшаётган ва ишлаётганларни "ватангадолар" "ачинаман сенларга" каби сўзларингиз ёдимда. Наҳотки, зиёли инсон, айниқса, журналист шундай фикрласа, деб ҳайрон қолганман. Холис фикр билдирганларни эса Фарҳод Султоннинг "тарафдорлари кўп экан", дея киноя қилгандингиз. Баҳс Фарҳоднинг босиқлиги учунгина ниҳоя топганди. Бугун эса яна муштарийларингиз фикрига беписандлик, киноя билан изоҳларингизни ўқидим... Ҳамма нарса ўткинчилиги, айни пайтда Ўзбекистонда юз бериб турган воқеалардан ҳам яққол кўриниб турибди. Бу ҳақида балки ўйлаб кўрарсиз?
Жасур Ҳамроев: Кўп ҳолларда ташқаридан туриб баҳо берамизда. Лекин ички вазият, одамнинг ўша ички кечинмаларига салбий ёки ижобий таъсир қиладиган сабаблар ҳақида фикр юритмаймиз. Айнан ўша суҳбат нима ҳақида боргани тўлиқ эсимда йўқ. Лекин хурсандман, шундай диққат билан ўқиган бўлсалар. Агар ўша гап мен томондан айтилган бўлса, бу ҳаммага тегишли деган гап эмас. Гап эгасини топади. Эслашим бўйича, юртимизга нисбатан, юртдошларимзга нисбатан қўпол гаплар бўлган. Бир оми деган фикрлар бўлган эди. адашмасам. Четдан туриб ўзимизнинг мамлакатимизга паст назар билан қараётган ватандошларимиз мени жудаям жаҳлимни чиқарди, нафсониятимга тегди. Мана шу маънода у гапим айнан шу нарсани ёзган инсонларга нисбатан қаратилган эди.
Вакил, Санкт-Петербург: Сайтингиз ўз номи билан Шов-Шув. Нима учун Ўзбекистонда Гулнора Каримова шов-шувлари ҳақида ёзмадингиз. Ҳар ҳолда мен кўпдан кузатаман бу сайтни, Гулнора Каримова ҳақида мақтовлар ёзар эдингиз, ҳатто интервю бергандингиз. Нега энди жимсиз, ахир журналист ҳақгўй бўлмаса омма олдида у ким?
Жасур Ҳамроев: Гулнора Каримованинг ижодий фаоллиги пайтида биз бунга нейтрал қараб, ўша вазиятни одилона кузатиб шу ҳақида мақолалар тайёрлаганмиз. Фонд Форум томонидан ташкил қилинган жуда кўп тадбирларда шахсан ўзимиз иштирок этиб, тадбирларнинг моҳияти, жараёнлар ҳақида мухлисларга хабар берганмиз. Ҳа, ҳар доим хабар берганмиз. Аниқроқ хабар берганмиз. Менинг назаримда бир журналистик фаолият сифатида жуда тўғри йўл бўлган. Ҳозирга келадиган бўлсак, улар ҳақида ёзишимга бир ўрин ҳам йўқ деб ўйлайман. Чунки Гулнора Каримова ўзининг Твиттер саҳифасида жуда ҳам фаол. Олдинлари вақтлари кам бўлгани учунми, Твиттерда маълумотлар унча кўп берилмас эди. Шу маънода бошқа сайтларнинг фаоллиги кўзга кўринган. Савол берган киши кузатибдилар, бизнинг интервюларимиз, мақолаларимизни. Бугун эса Гулнора Каримованинг шахсан ўзи ўзи ҳақидаги, атрофидаги воқеалар ҳақида, ички кечинмалари, қарашларини жуда реал ўзининг фолловерларига мухлисларига етказиб, кўрсатиб беряпти. Шунинг учун ҳожати йўқ "Шов-шув.уз" нинг улар билан кечаётган жараёнларни ёзишига.
Нозимжон, Наманган: Салом Жасурбек, сайтингизда Гулнора Каримованинг унинг синглисининг ББСга интервюсига мардонавор жавобларини ўқий олмадик. Ўзбекистондаги цензуранинг сайтингизга таъсири қандай ёки бунинг бошқа сабаблари бормиди?
Жасур Ҳамроев: Йўқ, цензура ҳеч қачон менинг сайтимга таъсир қилмаган, тан олиб айтишим керак. Жавобга келадиган бўлсак, айнан ўша мардонавор жавобининг видео кўриниши Youtube орқали чиқди. Буни сайтимда ёзишга менинг назаримда бир имкон қолмади деб ҳисоблайман. Шунинг учун унга батафсил тўхталмадим. Бошқа сайтлар ҳам ўша видеодаги жавобни кераклича матн тарзида ўзларининг саҳифаларида босишди.
Тоҳир: Гулнора Каримовани ҳимоя қилиб ва уни кўкларга кўтарган, мақтаб ёзган мақолавий чиқишларингиздан вақти келиб афсусланиб қолишингиз ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Виждонга содиқ қолишлик ва маддоҳлик сиз учун қанчалик муҳим ва нафратланарли?
Жасур Ҳамроев: Тушунарли. Бу савол эгаси мард бўлса аввало ўзининг қаерданлигини ёзарди. Бу инсон умуман Гулнора Каримованинг тадбирларидан жуда бехабар ёки мамлакатдан ташқарида бўлган ватандошимиз бўлса керак. Мен бир журналист сифатида тадбирларда иштирок этиб, ўзимнинг фикрларимни баён этганман. Бу борада виждоним умуман қийналмайди. Сабаби ўша кўрганим, кечирганим, олган таъсуротларимни ҳар доим ёзиб келганман. Ва қўлимдан келганича, виждонимга йўл тутиб, одилона қарашга ҳаракат қилганман. Кези келиб ачинмаслигингиз, деган гапда бир қанақадир таҳдид борда. Бу кулгули жуда. Сабаби, айтдингми қўрқма, қўрқдингми айтма, деган нақлимиз ҳам бор. Шу маънода айтадиган бўлсам, виждонан йўл тутиб ёзилдими мақолаларимиз, ўзининг пайтида, ҳозир ҳам ўзининг ўқувчилари учун тўғри деб қабул қилиняптими, демак бу тўғри. Энди вазият ўзгариши билан пичинг гаплар отиб қўйиш, айнан савол бераётган одамга айтган бўлардимки, сиз ўзингиз виждонан савол бера оляпсизми? Сиз шу саволни бир-икки йил олдин бера олармидингиз? Берганингизда қанақа бўларди, деб мен сўрардим. Иккинчидан маддоҳлик ҳақида гап кетадиган бўлса, бировга ҳеч қачон маддоҳ бўлмаганмиз иншоллоҳ, бўлмаймиз ҳам. Ҳар доим виждон тарозиси билан иш тутамиз. Ва бу энг мақбул ишлардан бири деб биламан. Вазиятлар ўзгариши билан ўзининг фикрини ўзгартирадиган одам бу маддоҳликнинг дебочаси. Ҳар бир инсон бошқа инсонларнинг меҳнатини, ижобий томонларини ҳеч бўлмаганда ўнг кўзи билан кўра олиши керак деб ўйлайман.
Нозимжон, Наманган: Кўп саёҳат қилган экансиз. Нималарни ўргандингиз?
Жасур Ҳамроев: Ҳаётни ўргандим. Жаҳоннинг 40 дан ортиқ шаҳарларида бўлиб, дунё шу қадар хилма хил ва шу қадар бир бутунлигини кўрдим. Имкони бўлганда албатта саёҳат қилиш керак.












