Ўзбекистонда тақиқланган "Нафс"филмининг продюсери экстрадиция қилинмайдиган бўлди

"Ислом жиҳодчилари" диний гуруҳига алоқадорликда айбланиб қидирувга берилган продюсер Мирсобир Ҳамидқориев Россиядан Ўзбекистонга топширишга асос йўқлиги боис, ҳибсдан озод қилинган.
Ҳимоячисининг айтишича, унга қўйилган айбловлар сохталаштирилган.
Москвадаги таниқли инсон ҳуқуқлари маркази "Мемориал"нинг билдиришича, ўтган йил 10 июл куни Россия полицияси Мирсобир Ҳамидқориевни Ўзбекистон сўровига биноан ҳибсга олган.
7 август куни эса Головинская туманлараро прокуратураси Ҳамидқориевни Ўзбекистонга топширишга асос йўқлиги боис ҳибсдан озод қилган.
Бироқ ўша куни кечқурун у Войковский туман ИИБ ходимлари томонидан қайта ҳибсга олинади.
Айтилишича, Ҳамидқориевнинг миграция ҳужжатларида қонунбузарликлар аниқланган.
Олдинроқ, 36 ёшли Ҳамидқориев ватанига депортация бўлиши эҳтимоли ҳақида хабар қилинганди.
Мирсобир Ҳамидқориев Ўзбекистонда 2011 йил диний-экстремистик ташкилотларга алоқадорликда айбланиб қидирувга берилган.
Ҳамидқориев ҳимоячиси Илларион Васильевнинг Би-би-сига айтишича, айни пайтда ҳужжатлар ўрганиб чиқилган, полиция томонидан "тушунмовчилик" бўлгани айтилиб, Ҳамидқориев озод қилинган.
Илларион Васильев: Уни ҳозир озод этишган, у машинага ўтириб номаълум томон жўнаган. У Войковский РОВД биносида чиқаётганида уни славян миллатига ўхшаш икки шахс кутиб олган. Назаримда, улар Россия хавфсизлик хизматларидан бўлишган. Изоляторда мен уни бориб кўрганимда, у ерда иккита номаълум ўзбекни кўрдим, эҳтимол улар Ўзбекистон хавфсизлик хизмати ходимлари бўлишлари мумкин. Уларни Ҳамидқориев тақдири ўта қизиқтиради, деб ўйлайман. Ўзбекистонда Ҳамидқориев икки эктремистик ташкилотнинг таъсис этилишида айбланмоқда. Лекин менинг наздимда, у ҳақиқий ўзбек диссиденти, ижодий зиёлилар гуруҳига кирган шахс. У менда жуда ижобий тасаввур қолдирган. Шуни айтишим керакки, бошиданоқ прокуратурага топширилган рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги ҳужжатнинг ҳақиқийлиги шубҳа туғдирган. Чунки унда ҳужжат берган ташкилотнинг муҳри ҳам, ҳеч қандай рақам ҳам бўлмаган. Ўзбекистон ҳукумати шу тариқа вазиятдан фойдаланиб, сохта ҳужжат билан ўзига керакли қидирувдаги шахсни чақиртириб олмоқчи бўлган.
Би-би-си: Нима сабабларга асосланиб, унинг эктрадициясини Ўзбекистон томони талаб қилаяпти деб ўйлайсиз?
Илларион Васильев: Уни экстрадиция қилиш талаби Ўзбекистондан келган, менинг қўлимда барча ҳужжатлар жамланган. Ҳамидқориев Ўзбекистонни кутилмаганда тарк этган шахс сифатида Ўзбек хавфсизлик хизматларидан қўрқишига асос бор. У ўз ватанида диний экстремизмда айбланган, гуёки у ўз тарафдорлари билан “Ислом жиҳодчилари” ташкилотини яратган ва мамлакатнинг иқтидорли элитаси билан зиддиятга кирган. У Ўзбекистонда ҳозирда тақиқланган этилган “Нафс” филмини ишлашда иштирок этган. Унинг акаси ҳам ҳозирда қамоқхонада, бу фактларни билиб туриб ва Ўзбекистон хавфсизлик ҳодимлари уни кутаётганларини эшитиб, Ҳамидқориев икки қўлидаги томирларни кесган. Бу унинг ночорликдан бу амалга қўл урганини англатади.
Би-би-си: Сиз ҳимоячи сифатида энди қандай ҳаракатларни кутаяпсиз, Ҳамидқориев нима қилмоқчи?
Илларион Васильев: Жуда кўп ҳолатларда бизда озодликка чиқарган Ўзбекистон фуқароларини кейин ўғирлашади ва ватанига олиб кетишади. У Россиядан сиёсий бошпана сўраган бўлса ҳам, биз Ҳамидқориевни учинчи мамлакатга олиб чиқмоқчимиз. Чунки ишонишимизча, Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари орасида ёзилмаган шартнома бор. Россия ходимлари бизнинг мижозларимизни Ўзбек ҳамкорлари яширинча Ўзбекистонга олиб чиқишларига кўз юмадилар. Лекин халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари мунтазам равишда поймол этилаётгани тан олинган.
Ҳамидқориев диний гуруҳга ҳақиқатдан алоқадорми?
Ўзбекистонда собиқ продюсерга 2011 йил 3 январда сиртдан жиноий иш қўзғатилган.
2011 йил 1 апрелда қидирувга берилган, 7 июнда Россия ИИВ федерал қидирув хизмати рўйхатига киритилган.
Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари ишонишича, 2009 йил Ҳамидқориев бир гуруҳ тошкентликлар билан "Ислом жиҳодчилари" террористик гуруҳини тузади.
Уларга кўра, гуруҳ таркибига таниқли спортчилар, санъаткорлар, киночилар, тадбиркорлар кириб, қидирувдаги Нурилло Саидхўжаев томонидан бошқарилган.
"Мемориал" маркази келтиришича, гуруҳ таркибида киноактёр Фаррух Соипов, бастакор Азиз Холмуротов, мусиқачи Сурат Қосимов, кинооператор Темур Примқулов ва бошқа кишилар бўлган.
Ўзбекистондан чиқиб кетишга улгурган Ҳамидқориев ва спортчи Улуғбек Шукуров қидирувга берилади.
Маълумотларга биноан, "Ислом жиҳодчилари" диний гуруҳига алоқадорлик билан жами 40 киши ушланган.
Кейинчалик улардан 30 нафари озод этилган.
Баъзи хабарларда бу "озодлик" учун пора тўлангани даъво қилинади.
Қолган 9 киши, жумладан Ҳамидқориевнинг укаси ҳам узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинган.
Айбланганларнинг бир қанчаси Ўзбекистонда тақиқлаб қўйилган "Нафс"филмининг ижодкорлари бўлишган.
Ҳамидқориев ҳимоячисининг айтишича, 40 киши, жумладан Ҳамидқориевни "экстремистик ташкилот" га алоқадорликда айблаш сохта бўлиб, айбланганлардан бири кўп йил давомида президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан жуда яқин алоқада бўлиб келган.
Дўстларининг маслаҳати билан у Гулнора Каримова билан алоқани узганидан сўнг, бу диний айбловлар ўйлаб топилган.
Ҳимоячи Илларион Васильевнинг келтиришича, Ҳамидқориев Тошкентда 1,5 миллион долларлик мол-мулкидан айрилган.
Унга тегишли "Мир электроники" дўкони олиб қўйилган.
Шунингдек у продюсерлик қилган "Нафс" филми намойиш этилишдан маҳрум бўлган.
Ҳамидқориевнинг хотини "Мемориал"га айтишича, эри намоз ўқиса ҳам, унинг диний гуруҳга алоқаси "умуман ақлга сиғмайдиган гап".
Унинг сўзларига қараганда, Мирсобирнинг муаммолари 2010 йилда бошланади.
Қуролланган номаълум кишилар ниқобларда унинг "Мир электроники" дўконига бостириб киришади ва у ердаги нарсаларни олиб кетишади.
Сўнгра 24-дан 25-декабрга ўтар кечаси эр-хотин ўтирган машина ўққа тутилади.
Икки соатдан сўнг Миллий Хавфсизлик ходимлари Мирсобирнинг акаси Миразизни ҳибсга олганлари маълум бўлади.
Шу куни Мирсобир Ҳамидқориев ва оиласи Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлишади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002












